АҚШнинг машҳур “Starlifter” мусиқий гуруҳи 24 июнь куни Ўзбекистонга
ташриф буюрди. Гуруҳ 2 июлгача мамлакатимизда
бўлади, концертлар намойиш этади ва ёшлар билан учрашади.
28 июнь куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида “Starlifter” мусиқий гуруҳи
анъанавий Пресссгапда журналистлар билан учрашди. Гуруҳ менежери капитан Жастин
Люис йиғилганларга мусиқачиларни таништирди. Булар – Аннеке Бентли (вокал),
Денвер Мерфи (вокал), Жозиа Жойс (гитара), Рян Жанус (пианино), Жошуа Ҳолдриж
(бас), Жошуа Дик (ноғорачи) ва Даниэл МакКоу (аудио муҳандис). Улар рок, поп,
жазз, кантри мусиқалари, шунингдек, замонавий ва анъанавий қўшиқларни ижро этишади.
Ж.Люиснинг уқтиришича, “Starlifter” АҚШ ҳаво ҳарбий кучлари такибидаги
мусиқий гуруҳнинг бир қисми бўлиб, 75 йиллик тарихга эга. Унинг олдида учта
вазифа қўйилган. Биринчиси, ўз ҳарбий бурчини бажариш давомида ҳалок
бўлганларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда хизматда ўрнак бўлаётганларни
рағбатлантириш. Иккинчиси, ҳарбий хизматчиларнинг руҳини кўтариш. Учинчидан, маданиятларни
бирлаштиришга интилиш, кўпроқ сафар қилиш орқали ўзга юртлар маданиятини
ўрганиш, у ерларда ўз санъатини намойиш этиш. Мусиқий гуруҳ бу галдаги 90
кунлик сафари давомида тўққизта мамлакатда бўларкан.
“Starlifter” гуруҳи аъзолари прессгапда журналистлар саволларига
батафсил жавоб қайтаришди. Улар Самарқанд сафари ҳақида тўлқинланиб гапиришди. Тарихий
обидалар, мезбонларнинг меҳмондўстлиги уларга катта таассурот қолдирганлигини,
овқатлар орасида айниқса сомса маъқул бўлганлигини бир овоздан уқтириб ўтишди.
“Starlifter” 29 июнь куни АҚШ элчихонасининг Чилонзор туманидаги
аввалги биносида жамоатчилик учун концерт намойиш этди, 30 июнь куни эса “Hyatt
Regency Hotel”да АҚШ Мустақиллик кунига бағишлаб ўтказиладиган тантанали қабул
маросимда қатнашди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий