среда, 26 сентября 2018 г.

Пахтачи туманидаги Чоршанба бозори тушумлари можароси: ким ҳақу ким ноҳақ?




Қатор шикоят ва мурожаатлар орқали Пахтачи туманидаги “Чоршанба деҳқон бозори” МЧЖдаги вазият ҳақида хабардор эдим. У ердаги аҳвол билан бевосита танишиш мақсадида Самарқанд вилоятининг энг чекка, Навоий вилояти билан чегарадош туманига йўл олдим.


Оғзаки мурожаат қилганлар ва шикоят аризасини ёзганлар бозордаги асоси           й камчилик сифатида тушум пулларининг ҳаммаси ҳам ҳисобга олининиб, кирим қилинмаётганлигини кўрсатиб ўтганлар. Уларнинг таъкидлашича, бозор Эшқувватовлар оиласи қўлида бўлиб, унинг директори ҳужжат асосида Маърифат Эшқувватова эканлигига қарамасдан, аслида раҳбарликни унинг акаси Азим Эшқувватов амалга ошириб келаётган эмиш ва у ўғиллари Азиз ҳамда Абдуҳакимлар билан патта пулини йиғаётган экан.

Турли ташкилотларга шикоят аризаси ёзиб, шахсан камина билан учрашган фуқаро Эрмамат Жалилов рақамларни келтирган ҳолда бозорда қанча тушум бўлиши, қанчаси банкка топширилиши ва қанчаси шахсий манфаат йўлида ишлатилиши ҳақида сўз юритди. Ушбу муаммо, яъни солиқларнинг бюджетга ўз вақтида ва белгиланган суммада тушиб туриши ўта муҳимлиги барчага кундек равшан. Давлатимиз раҳбари ва ҳукумат бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органларининг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқаётган ва солиқ ундириш механизмини такомиллаштириш йўлида ҳаракат қилаётган бир пайтда Чоршанба бозоридаги аҳволни эшитиб, ҳайратга тушмаслик мумкин эмас эди.

Шу сабабли жойига бориб муаммо билан танишишга қарор қилдим. Сешанба кунлари бўладиган мол бозори анча гавжум ўтаркан. Атрофдаги туманлардан, ҳатто Навоий вилоятидан ҳам бозорга мол тушаркан. Шунда Э.Жалиловнинг бозорга 800 бошгача мол келади деганини эсладим. Патта нархи қорамол учун 22 минг сўм, қўй ва эчкилар учун 15 минг сўм этиб белгиланган экан. Ўртача 18 минг сўмдан ҳисоблаганда ҳам бир кунда 14 млн сўмдан кўпроқ патта пули йиғилиши мумкин. Бир ойда тўрт марта бозор бўлишини инобатга олиб, ойлик тушум қанча бўлишини ҳисоблаш мушкул эмас.

Сешанба кунлари бўладиган мол бозоридан ташқари “Чоршанба деҳқон бозори” МЧЖ ва унинг филиалларида ҳафтанинг яна тўрт кунида ҳам деҳқон ва буюм бозорлари бўлиб, патта пули йиғилар экан. Ҳар бир бозордан ойида тўрт маратадан патта пули йиғилишини инобатга олган Э.Жалилов ана шу пулларини тўртга кўпайтириб, жуда катта сумма йиғилишини уқтиради.
 
Хўш, Эшқувватовлар давлатга қанча пул топшираётган экан? Азим аканинг эътироф этишича, бир ойда бу сумма 35 млн сўмни ташкил қилмоқда. У кишига бу маблағ Эрмамат Жалилов айтганидан уч марта кам-ку, бунга нима дейсиз?” деб сўраганимда, қуйидагича жавоб олдим: “Тушган пулни ҳисоблаб, бир қисмини бозор харажатларига ажратамиз. Масалан, ҳозир бозор ҳудудига асфальт ётқизяпмиз, ёмғирдан сақланиш учун айвон қуряпмиз, ходимларнинг маошлари дегандек. Бундан ташқари, қишнинг совуқ кунларида бозорга ҳозиргидагидек мол тушмайди. Аммо ўшанда ҳам биз белгиланган тушумлар миқдоридан кам маблағ топширмаймиз.”

Бу жавоб билан Эрматовни таништирганимда, у асфальт ётқизиш ва бошқа ишлар яқинда бошланганлигини, Эшқувватовлар 8 йилдан буён бозордан йиққан пулларининг катта қисми қаерга кетганлигини ҳақидаги саволга аниқ жавоб беришлари лозимлигини уқтирди. У вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга юборган шикоят аризасини “ушбу бозорнинг 8 йиллик иш фаолиятини виждонли ва ориятли ходимларингизни жалб этиб текширишни, А.Эшқувватовнинг кўп йиллик фаолиятига қонун доирасида чора кўришингизни сўрайман” деган сўзлар билан тугатган.    
 
Бозорда бўлган пайтимда яна бир ҳолатга эътибор қаратдим. Юқори кучланишдаги электр линияси остида бир қатор бинолар қурилган. Суриштириб билсам, бу биноларнинг 5таси ошхона, 2таси савдо дўкони ва биттаси дорихона учун мўлжалланган экан. “Ушбу электр тармоқлари остида бино қуриш мумкин эмаслигини билардик, лекин шундай бўлиб қолди-да, энди уларни буздиришмаса керак”, – деди биз билан суҳбатда Азим Эшқувватов.

Вилоят Бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси маъмурияти юқоридаги муаммо билан қанчалик хабардор? Уюшма раиси Тоҳир Мамадалиев  “Чоршанба деҳқон бозори” МЧЖдаги вазият билан таниш эканлигини, у ердаги ёза-ёз анча йиллардан буён давом этаётганлигини, айни пайтда бозордаги тушумга аниқлик киритиш мақсадида мониторинг ўтказилаётганлигини ва унинг натижасига кўра аниқ хулосага келинишини маълум қилди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Муаллиф туширган суратлар

Комментариев нет:

Отправить комментарий