Кейинги пайтда фермерларни қасамёд қилишга мажбурлаш одати пайдо
бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хабарлар билан бирга турли ёшдаги юзлаб
кишиларнинг қўлида қоғоз тутиб, амалдорлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари олдида
тикка турган ҳолда қасам ичаётганлиги акс этган фотосуратлар ҳам эълон қилинди.
Иш натижасини бундай усулда талаб қилиниши жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинди.
Дунёнинг кўпгина давлатларида аҳоли сонига нисбатан анча оз бўлган
фермерлар бутун мамлакатни боқаётган бир вақтда нега бизда улар ўз вазифасини
адо этолмаяпти ва амалдорлар уларни мажбурлаш, таҳқирлаш, камситиш йўлига ўтиб
олишган?
Бизда фермерларни ишлашга мажбурлашнинг турли усул ва воситалари ишлаб
чиқилган. Давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари баҳордан кеч
кузгача ўз асосий ишлари қолиб, фермерга “қоровуллик” қилишади. Бунинг ўрнига
ишни ташкил этишда иқтисодий ва молиявий воситалардан фойдаланишга ўтилса ҳамда
фемерларнинг дардини эшитиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилса, олам гулистон
бўларди. Фермер ўз ишининг натижасидан
манфаатдор бўлса, унга “посбон” керак эмас. У қасамёдсиз ҳам ўз зиммасидаги
вазифани бажаришга, кўп ҳосил етиштиришга, фойда олишга интилади.
Шу муносабат билан бир таклифни ўртага ташламоқчи эдим: 18-асрда Шотландияда
яшаб ўтган ва замонавий иқтисодиёт отаси саналмиш Адам Смит ижоди, айниқса
унинг “кўринмас қўл” назарияси билан амалдорларимизни таништириш лозимдек,
назаримда.
Олимнинг уқтиришича, ҳар бир шахс ўз фойдаси йўлида ҳаракат қила бошлаганда
у беихтиёр, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бутун жамият манфаатлари учун хизмат
қилади. Смит одамдаги худбинлик, турмушини яхшилашга бўлган интилиш уни
изланишга, меҳнат қилиб, пул топишга ундайди. Бу йўлда у ишлаб чиқариш ёки
бошқа соҳага ўз кучи, ғайрати ва билимини сафарбар қилиб, муайян натижаларни
қўлга киритади. Унинг бу ҳаракатини бозорнинг “кўринмас қўли” бошқариб боради
ва атрофдагиларга, бутун жамиятга манфаатли ишга айлантиради.
Келинг, олимнинг бу назарияси амалда, бизнинг шароитда қандай қўлланиши
мумкинлигини мисол орқали кўриб чиқайлик. Бир киши 100 гектар ер олиб, фермер
хўжалиги ташкил этди дейлик. У бу ишни одамларга яхшилик қилай, бошқаларга
фойдам тегсин деб қилмаслигини ҳаммамиз
биламиз. Мақсади – ердан кўпроқ маҳсулат олиб, уни сотиш, пул ишлаш ва
турмушининг фаровон бўлишига эришиш.
Бу йўлда фермер турли мутахассислар – иш бошқарувчи, агроном, бухгалтер, ҳисобчи
кабиларни ҳамда йил давомида юзлаб кишиларни ишга жалб қилади. Демак, шунча
одам иш билан банд бўлади, рўзғори ўтади. Бундан ташқари, фермерга турли
техника воситалари керак бўлади, у ёқилғи мойлаш материаллари, уруғлик сотиб
олади ва бу йўналишда фаолият юргизаётганларни маблағ билан таъминлайди. Энг асосийси,
унинг етиштирган маҳсулоти сотувга чиқарилганда, бозор арзон ва сифатли маҳсулотлар
билан тўлади. Бу ҳам аҳоли манфаати учун хизмат қилади. Мана сизга натижа:
ўзини ўйлаб иш бошлаган фермернинг фаолияти бутун жамиятга фойда келтиради.
Хўш, нега ана шу бозор механизми бизда ишламайди? Нега фермени ишлаш
учун мажбурлаш, хўрлаш керак? Нима, у ўзига ўзи душманми? Асло! Бизнинг кўп
йиллик тажрибага эга бўлган, меҳнатдан қўрқмайдиган деҳқонларимизга керакли
шароит яратиб берилса, уларнинг бажараётган ишидан манфаат олиш механизми яратилса,
шу кифоя. Улар ўзларини ҳам бойитади, элимизнинг
бой, юртимизни фаровон бўлишига ҳам замин ҳозирлайди.
Фермерни ишлашга мажбурлаган, уни таҳқирлаб, ҳатто унга қўл кўтарган мансабдорлар
уни қасам ичдириш ўрнига Адам Смитнинг “кўринмас қўл” назарияси билан танишиб
олишса, барчага – фемерга ҳам, ўзларига ҳам, бутун жамиятга ҳам яхши бўларди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий