пятница, 22 ноября 2019 г.

Тўйларни тартибга қаратилган Низом чиқди. Унинг ижросичи?



 “Даракчи”нинг 22 августдаги 34-сонида “Сенат қарорига бир йил тўлди. Тўйларимизда тартиб бўлдими?” деган мақола эълон қилинган эди. Унда 2018 йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилиб, бу йўналишда қатъий нормалар ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилганлиги, аммо  оилавий тадбирларни ўтказиш борасида бирор бир ижобий натижага эришилмаганлиги қайд эдилган эди.


Орадан уч ҳафта ўтиб, кўпчилик орзиқиб кутган воқеа юз берди. 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Қарор билан тегишли Низом ҳам тасдиқланди.
 Энди ҳамма гап Низом талабларини амалда бажаришдан иборат. Хўш, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлашни ким, қандай назорат қилади?

Назоратини ким мувофиқлаштириб туради?

Агар биргина Самарқанд мисолида оладиган бўлсак, 100дан ортиқ тўйхона мавжуд ва ҳар куни уларнинг аксариятида тадбирлар бўлиб ўтади. Бундан ташқари, яна хонадонларда кичикроқ маърака ва маросимлар ўтказилади. Хўш, буларнинг ҳаммасини назорат қиладиган нечта комиссия керак ва улар таркиби кимлардан иборат бўлиши лозим? Бизнингча, комиссияга ички ишлар органлари, солиқ инспекцияси ва жамоат ташкилотлари ходимларидан олти-етти киши киритилиши мақсадга мувофиқ бўлса керак.

Тўйхона эгаларининг иштаҳаси карнай бўлса, нима қиламиз?

Шу кунларда Самарқандда тўйхона хизмати бир кишига ўртача 150-170 минг сўмга тўғри келмоқда. Агар тўйда 500 киши қатнашса, демак тўйчи тўйхона соҳибига 75- 85 миллион сўм ташлаб кетади. Янги йилдан бошлаб 200 кишидан тушадигани 30-34 миллион сўмни ташкил этади. Тўйхона эгалари бунга дарровгина, ихтиёрий кўникадими? Менимча, йўқ. Бундай дейишимга асос бор.
Таниш тўйхона эгаси билан бу мавзуда суҳбатлашганимда, у ўз навбатида дардини тўкиб солди. Унинг айтганлари қисқача қуйидагилардан иборат: “800 кишилик тўйхона қуришнинг ўзи бўладими. Уни қуришда, жиҳозлашда қанча маблағ кетган. Коммунал тўловлар,  солиқ каби харажатларнинг миқдори катта. Кам сонли мижозлар билан фойда қилиб бўлмайди. Шу сабабли хизматимиз ҳақини кўтаришга мажбур бўламиз”.
Энди таомнома муҳокамаси: ҳозир Самарқандга хоҳлаган тўйхонангизга бориб, киши бошига тузиладиган 150 минглик дастурхон керак эмас, кўп маҳсулотлар исроф бўлади, 100 минглик бўлса етади десангиз, гапларингизга умуман қулоқ солишмайди. Баҳона шуки, арзонроқ дастурхон уларнинг имижига тўғри келмасмиш. Гўёки, тўй эгаси истагидан бехабар меҳмонлар, тўйхона дастурхон тузишни эплолмабди деб кетишаркан.

Мусиқа баландлиги қанча бўлмоғи лозими?

Тўйларимиз билан боғлиқ яна бир салбий ҳолат мусиқа садоси ўта юқори даражада эканлиги десак, муболаға бўлмайди. Ваҳоланки, санитария меъёр ва қоидалари бўйича товуш баландлигининг одам саломатлигига зарар етказмайдиган баландик даражаси мавжуд. Ана шу меъёр  кундуз кунлари 50, кечалари 40 децибелл бўлиши керак экан. Аммо бу талаб мунтазам бузилиб келинмоқда. Кўпгина тўйхоналарда мусиқа шовқини 90-110 ва ундан юқори децибеллгача етмоқда. Бу – даҳшат! Аммо ҳаммамиз жим.
Интернет тармоғида тиббиёт соҳаси мутахассисларининг фикри билан танишсангиз, албатта ўзимизга ўзимиз қанчалик зарар етказаётганимизни, пул ва вақт сарфлаб, соғлигимизни емираётганлигимизни ангалашимиз мумкин. Агар одам бирнеча соат 70-80 децибелл баландлигидаги товуш таъсирида бўлса, бу унинг асаб тизими ва юрагига зарар етказаркан. Узоқ муддат 100 ва ундан юқори децибелли шовқиннинг таъсири  эшитиш қобилиятини пасайтириб, ҳатто уни йўқолишига олиб келаркан.

Жарима ари чаққанчалик бўлмаганда....

Оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлага жарималар миқдори белгиланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекси 192-1-модда билан тўлдирилади. Низомда белгиланган тартиб-қоидаларни бузган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2 миллион 230 минг сўм) жарима солинадиган бўлди. Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан ушбу талаблар бузилганда, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида (6 миллион 690 минг сўм) жарима солинади.
Бу жарамалар миқдори жуда оз эмасми? Тўй базмига 70-80 миллион ва бундан ҳам кўпроқ маблағ сарфлаётган тўйчи ва уч соатлик хизмати учун шунча пулни олаётган тўйхона соҳиби учун бу жарима ари чаққанчалик таъсир қилмаса керак?!

Бир кичик эътироз

Турли давраларда шу ҳақда гап кетганда, ватандошлар жарима миқдорини камида белгиланганидан 7, ҳатто 10 бараварга ошириш зарурлиги ҳақида фикр билдиришмоқда. Шу билан бирга, мансабдор шахслар томонидан мавжуд тартибни бузилишининг ҳар бир ҳолатини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш заур.
Жазо чораларидан ташқари аҳоли ўртасида тушунтиши ишларини кучайтириш ҳам муҳим. «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича жойларда ҳам комиссия  тузилиши ҳамда қарор ва Низом талабларини кенг жамоатчиликка етказиш учун ишларни бошлаб юбориши керак эмасмиди? Туман ва шаҳарларда юқоридан алоҳида кўрсатмани кутиб туришибдими?

Таклиф ўрнида

·         Шаҳарда учта ёки бешта доимий комиссия ташкил этилиши ва уларнинг таркиби ротация йўли билан мунтазам ўзгартириб турилиши зарур деб ўйлайман. Акс ҳолда бир ҳудудда ишлаб қолган комиссия аъзоларини “гапга олиш” осон кечиши мумкин.
·         Комиссия ишини ташкил этишни ва, умуман, Низом талабларига сўзсиз амал қилинишини ким назорат қилади? Бунинг учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида анъана, миллий тантаналар ва маросимларни тартибга солиш бўйича бўлим ёки гуруҳ тузиш лозим.
·         Мавжуд тажрибадан келиб чиққан ҳолда, тўйхона эгаларининг нафсини жиловлаш усул ва воситаларини топиб, амалга жорий этиш зурур.
·         Тўю тантаналиримизда мусиқа садоси баландиги 70 децибелл атрофида қилиб белгиланса, мақсадга мувофиқдир.
·         Шунингдек, тўйларда хизмат этувчи санъаткорларга муайян қувватга эга овоз кучайтиргичлардан фойдаланишга рухсат берилиши керак. Чунки замонавий овоз кучайтиргичлари катта концерт заллари, эстрада майдончалари учун мўлжалланган бўлиб, уларни тўйхоналарда ўрнатиш фақат санъатни саноат деб тушунадиган, хашаки “хонандалар”га керак. Яна бир таклиф. Тўйхона қурувчи бўлганларга бинони қуриш давомида унинг ичини шовқинни ютувчи материаллар билан қоплашни талаб қилиш зурур.
·         Турли давраларда шу ҳақда гап кетганда, ватандошлар жарима миқдорини камида белгиланганидан 7, ҳатто 10 бараварга ошириш зарурлиги ҳақида фикр билдиришмоқда. Шу билан бирга, мансабдор шахслар томонидан мавжуд тартибни бузилишининг ҳар бир ҳолатини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш заур.

Дарвоқе

Ушбу мулоҳазалар нашрга тайёрланаётган пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати хабар тарқатди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Одилжон Маткаримов томонидан Уйчи туманида айнан биз сўз юритган қўшма қарорда белгиланган вазифалар муҳокама этилган.
Асрлар оша бизгача етиб келган ўзбек халқига хос энг эзгу қадриятлар мужассам кўпгина урф-одатлар ва анъаналар ҳозирги вақтда янгидан-янги “замонавий” одатлар билан “бойитилмоқда” ва  натижада оилавий маросимларда харажатлар янада кўпаётгани, тантаналарни ортиқча исрофгарчилик ва кимўзарчиликсиз ўтказиш масаласи ҳамон долзарблигини йўқотмаётганлиги қайд этилган.
Шу маънода Парламент палаталари Кенгашлари томонидан қабул қилинган тегишли Қўшма қарор ва у билан тасдиқланган Низом, аввало, давр талабига жавоб бўлгани алоҳида эътироф этилиб, учрашув қатнашчиларига тадбир давомида ушбу Низомда кўзда тутилган барча қоидалар батафсил тушунтирилган.

Қиссадан ҳисса

Маҳаллий шароит ва мавжуд анъаналарни инобатга олган ҳолда тўй-маъракаларни ўтказиш масаласи вилоят, туман ва шаҳар матбуотида, телевидениесида, ҳар бир маҳаллада муҳокама этишили зарур эмасми? Бир ярим ой тезда ўтиб кетади. Ишқилиб, йиллар давомида оддий аҳоли кутган қарор ижроси пайсалга солинмаса бўлгани!

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, шарҳловчи

“Даракчи”, №47, 21 ноябрь 2019 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий