четверг, 25 июля 2013 г.

Чиройли коттежларнинг ночор кўчалари


Мутасаддилар улар тез орада тартибга тушишига ваъда беришмоқда.

2012 йилда топширилган коттежлар орасидаги йўлларнинг ҳанузгача ночор аҳволда қолиб келаётгани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Самарқанд тумани марказига олиб борадиган йўлнинг ёқасида чиройли коттежлардан иборат маҳалла аҳлидан тушган шикоятда кўчаларни тартибга келтириш эътибордан четда қолиб келаётганлиги танқид қилинган эди.



 Улуғбек қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Янгиариқ маҳалласи маркази жуда чиройли кўринишда экан. Аммо ундан бироз юрсангиз, кўркам янги биноларга ярашмайдиган манзарага дуч келасиз. Йўлларга ётқизилган шағал айрим жойларда текисланмаган, баъзи жойларда эса сув кўлмаклаб турибди. Бетон лотоклар фақат маҳалла маркази яқинидаги ариқларда ётқизилган.

Шикоятчилар ҳақ эканлигига амин бўлгач, туман ҳокимлигига йўл олдим. Коттежлар қурилиши масаласига ҳокимнинг биринчи ўринбосари Одил Мухторов мутасадди экан. У киши билан учрашиб, янги маҳалланинг унга ярашмай турган кўчалари ҳақида сўрадим.  

Суҳбат давомида маҳаллада 180 коттеж қурилганлиги ва уларнинг умумий баҳоси 694 млн. сўм эканлиги маълум бўлди. Коттеж эгаларидан олдиндан унинг баҳосининг 15 фоизи олинган. Бу 104 млн. сўмни ташкил этган экан. “Туман ҳокимли қурилиш ишларига яна 150 млн. сўм харажат қилди, – деди О.Мухторов. – Қолган 440 млн. сўм ҳали олинган эмас. Ана шу маблағ масаласи ҳал бўлганда, вилоят ҳокимлиги қошидаги инжиниринг компанияси йўл қурилишини бошлайди”.

“Маблағ масаласи қачон ҳал бўлади? Ахир, коттеж соҳиблари йўл йўқлигидан азият чекмоқда, айримлари шу сабабли кўчиб келишни кейинга сурмоқда”, – деган саволимга суҳбатдошим масала яқин кунларда ҳал бўлишини уқтирди. Шу сабабли бу ҳақда мақола ёзиш арзимаслигини таъкидлаб, “бу муаммо фақат бизнинг тумангагина хос эмас”, - деб қўшиб қўйди.  

Дарҳақиқат, маълум бўлишича, вилоятда ўтган йили топширилган деб эълон қилинган коттежларнинг кўчалари шундай аҳволда экан. Масалан, Тайлоқ туманида бунга гувоҳ бўлдим. Маданият қишлоғида қурилган коттежларнинг ички йўллари хароб эканлиги шундай катта йўлдан кўзга ташланиб турибди.

Самарқанд туман ҳокимининг биринчи ўринбосари билан бўлиб ўтган суҳбатимизга икки ой тўлди. Аммо ҳеч нарса ўзгарган эмас. Йўл қурилишига мутасадди бўлган инжиниринг компанияси бош муҳандиси Рустам Олимов ҳам бу ҳақда ёзиб ўтириш шарт эмаслигини, муаммо бир-икки кун ичида ечилишини таъкидлади. Бу гапга ҳам икки ҳафта бўлди.

Бугун яна О.Мухторов билан телефон орқали боғландим. У ҳам йўлсозларнинг ишни кечиктираётганлиги аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётганлигини, шикоятлар сони  кўпайганлигини тан олди. Суҳбатимиз охирида марказда, республикада йўлсозлар раҳбари алмаштирилганлигини уқтириб, аҳвол яхши томонга ўзгаришига умид билдирди.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Суратларда:кўчалр ана шу аҳволда; маҳалла маркази ҳақиқатдан ҳам чиройли; асфальт шу ерда тугайди. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий