Боғибаланд анжирлари |
Агар бир номдаги иккита Боғимайдон ва Боғибаланд маҳалласи бўлса, тарихий нуқтаи назардан бу номга лойиқ бўлгани ўз номни сақлаб қолиши керак. Шундай эмасми? Яна шуни назарга олиш зарурки, кейинги йилларда мамлакатимизда турли объектлар – кўча, хиёбон, маҳалла, метро бекатларига ном беришда айнан шундай ёндашиш устунлик қилмоқда. Жойларнинг аввалги номланишини топиш, улар тарихий, жуғрофий, этнографик нуқтаи назардан тўғри бўлиши ва шу куннинг талабига жавоб бериши лозимлиги талаб этилмоқда.
Ҳозирда
Боғимайдон-2 ва Боғибаланд-2 деб аталиб келинаётган маҳаллалар Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва Мирзо
Улуғбек томонидан обод этилган ўша машҳур боғлар ҳудудида жойлашган. Шу номдаги
иккита бошқа маҳалланинг эса боғларга дахли йўқ. Масалан, Боғибаланд-1 маҳалласи
Регистон мажмуининг орқа томонида, Боғимайдон-1 маҳалласи эса Ўрмон хўжалиги
атрофида жойлашган.
Энди
тарихий фактларга мурожаат этайлик. Боғимайдон ҳақида Мирзо Бобур “Бобурнома”да батафсил маълумот келтирган.
Бобур боғнинг жойланиши ва обод маскан эканлигини батафсил тилга олиб, жумладан,
қуйидагиларни ёзади: “Яна пуштаи
Кўҳакнинг доманасида ғарб сари боғе солибтур, Боғи Майдонға мавсум. Бу боғнинг
ўртасида бир олий иморат қилибтур. Чилсутун дерлар, ду ошёна, сутунлари тамом
тошдин”.
Эътибор
берсак, тарихий Боғимайдон Кўҳак, яъни Чўпонотанинг ғарб томонида
жойлашганлигини кўрамиз. Ҳозирги Боғимайдон-1 маҳалласи ва Ўрмон хўжалиги эса
ушбу тепаликнинг жанубий томинини эгаллаб турибди. Демак, бу маҳалла Боғимайдон
номига дахл қилмаслиги лозим. Тарихий ва жуғрофий жиҳатдан у Чўпонота ёки
ҳозирги жойланишидан келиб чиқиб, Ўрмон хўжалиги маҳалласи деб аталса, тўғрироқ
бўларди.
Энди
қайси маҳалла Боғибаланд номига муносиброқ деган масалани кўриб чиқсак. Боғибаланд-2
маҳалласи оқсоқоли Олим Абдусаломовнинг уқтиришича, у Самарқанд давлат
университети олимларига ушбу масалага ойдинлик киритишни сўраб мурожаат этган. “Олимлар
турли манбаларни ўрганиб, айнан бизнинг маҳалла Соҳибқирон асос солган Боғибаланд
ҳудудини эгаллаб турганлигини
таъкидлашди, – дейди суҳбатдошим. – Жумладан,
Ўзбек миллий энциклопедиясида тарихий Боғибаланд ҳозир ҳам шу ном билан машҳур
эканлиги, аэропорт, автошоҳбекат ва анжирзор шу ерда жойлашганлиги айтилган”.
Муҳими
шуки, Боғибаландда ўша машҳур боғнинг
бир қисми – анжирзор асрлар суронига дош
бериб, шу кунгача сақланиб турибди. Амир Темур ва Мирзо Улуғбекнинг бошқа
боғларидан уларнинг фақат номи қолган, холос. Боғибаланд-2 маҳалласи ҳудудидаги
анжирзор нафақат вилоятимизда, балки Ўзбекистонимизда катталиги жиҳатидан ягона
ҳисобланади. Бу ерда етиштирилаётган анжир ўзининг такрорланмас сифати ва таъми
билан ажралиб туради.
Келтирилган
маълумотларга асосланиб, таъкидлаш лозимки, Боғимайдон-2 ва Боғибаланд-2 маҳаллалари
ўрта асрлардаги Боғимайдон ва Боғибаланд ҳудудининг асосий қисмини ташкил этади.
Ушбу маҳаллалар номларини сақлаб қолиш тарихан
адолатли ва тўғри иш бўларди.
Айни
пайтда Боғимайдон-1 ва Боғибаланд-1 деб аталаётган маҳаллалар тарихий боғлар
ҳудудидан анча узоқда жойлашганлиги боис уларга бу номларнинг ҳеч қандай дахли
йўқ. Шаҳар ҳокимлиги ва унинг ҳузуридаги топономик комиссия маҳаллалар номини ўзгартириш
масаласини кўриб чиқаётганда ушбу мулоҳазаларни эътиборга олади деган
умиддамиз.
Тошпўлат
Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий