суббота, 25 апреля 2015 г.

Мукофот илинжида мақола ёзмаганман

Одатда хабар ёки мақолани эътибор билан ўқимасангиз, муаллиф нима демоқчи эканлигини тушунмасдан, бирёқлама ё нотўғри хулоса чиқарасиз. “Гоҳида ўзимни журналист дейишга уяламан” сарлавҳали мақоламни ўқиганларнинг аксарияти унинг моҳиятини тушунмагандай, назаримда. Балки айб ўзимдадир? Тушунарлироқ қилиб ёзиш керак эдими?!

Мақоламга фикр билдирганлар (қаранг: http://blog.telegraf.uz/go-ida-uzimni-zhurnalist-dejishga-uyalaman/)  унда матбуот эркинлиги ва цензура муаммоларини кўтармаганлигимни  ҳамда қайси мухбир кимдан қанча олганлигига аниқ мисоллар келтирмаганлигимни камчилик сифатида қайд қилиб ўтишган. Бу танқидчиларим ё менинг ижодим билан, ҳеч бўлмаганда “Согдиана” блогим билан таниш эмас ёки битта мақолада ОАВнинг бор муаммосини кўтариб чиқиш мумкин эмаслигини ва шу сабабли унда асосан маҳорат масаласи ёритилганлигини англамаган.

Матбуот ва сўз эркинлиги ҳамда цензура муаммоларни 1997-2002 йилларда “Самарқанд”, “Ҳуррият”, “Моҳият” газеталарида мунтазам кўтариб чиққан эдим. Ушбу газеталар таҳламларини варақлаган ёки интернетда жойлаштирилган “Матбуот ва демократия” китобимни ўқиган ҳар бир киши бунга амин бўлиши мумкин. Мана ўша мақолалардан айримларининг сарлавҳаси: “Тўртинчи ҳокимият бўла оламизми?”, “Бизда цензура борми?”, “Ошкоралик муҳити зарур”, “Бизга нечта газета керак?”, “Эркин матбуотгина ҳақиқатни ёзишга қодир”, “Тижоратчи мухбирлар рэкети” ва бошқалар.


2001 йилда цензура “Ватанини ким кўпроқ севади: уни фақат мадҳ этувчиларми ёки тараққиёти йўлидаги ғовлар ҳақида, оғриқ нуқталари хусусида очиқ ҳақиқатни айтувчиларми?” мақоламдаги бир абзацни олиб ташлашни талаб қилганда, ўша жойини бўш қолдириб, оппоқ чиқарган эдим. Буни аксарият ўшанда цензурага қарши амалий кураш намунаси ва жасорат сифатида талқин этган эди. Шунингдек, ушбу муаммолар бўйича қатор халқаро ва минтақавий анжуманларда чиқишлар қилган эдим. Ана шу маърузаларимдан бири 2002 йилда Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг “Оммавий ахборот воситалари ва коррупция” бюллетенида чоп этилган эди.

Нега кейинги йилларда сўз эркинлиги ва цензура масаласида аниқ фактлар асосида мақола ёзмай қўйдим? Чунки 2002 йилнинг майигача, яъни мамалакатимизда цензура амалда бекор қилинганига қадар махсус ташкилот ва унинг жойлардаги вакиллари ОАВни қаттиқ назорат қиларди. Ўшанда цензор аниқлиги боис уни танқид қилардик. Энди-чи? Кейинги йилларда ҳар бир бош муҳаррир, ҳар бир журналистнинг ўзи цензорга айланди. Аксариятни ички қўрқув ўз исканжасига олган. Бундай шароитда аниқ, конкрет матбуот органи ёки журналист ҳақида гапиришнинг фойдаси борми? Ҳаммаси бир хил бўлса, қайси бири ҳақида гапирасиз?

Энди айрим рэкетчи мухбирларнинг корхона, ташкилот, ўқув юртларига бориб, у-бу нарса ундиришга интилаётганлигини аниқ фактлар орқали кўрсатмаганлигим хусусида. Бундай ҳодисалар йўқ ёки онда-сонда содир бўлмоқда деб ким айтади? Бу ҳолат кўпдан бери мавжуд. Афсуски, ўша рэкет қурбони бўлаётганлар ҳар доим ҳам бу ҳақда гапиришни хоҳламайди. Айримлари қўрқади, чунки кўпми-озми айби бор. Масалан, бир танишим дўконига ҳар ойда икки-уч мухбир келиб, пул олиб кетишини айтганда, мен ундан улар кимлар ва нима учун уларга пул беришини сўрадим. Саволимга қуйидагича жавоб олдим: “Ҳар қандай савдо нуқтасида, агар қидирса, камчилик топилади. Масалан, ҳужжат билан 20та нон олсам, 50та ҳужжатсиз оламан. Бошқа маҳсулотлар бўйича ҳам шу аҳвол. Яна касса аппарати, харидорга чек бериш деганларидек... Шу сабабли озроқ пул билан бошоғриқдан халос бўламан”.

Ошхонаси бор бир киши эса “мухбир келиб, тозалик масаласи билан қизиқади, ёзувлар давлат тилидами ё йўқми деб сўрайди, ароқ сотишим мумкин эмаслигини эслатади. Ароқ бўлмаса хўрандалар кирмай қолади, нима қилай? Оғзини мойлашга тўғри келади” деди, ўзини оқлаган бўлиб.

Бошқалар эса, яъни корхона ва ташкилот раҳбарлари озроқ пул учун (ким учун оз – ким учундир кўп) можаро қилаб ўтираманми, деган хаёл билан бу ҳақда аниқ маъумот беришни хоҳламайди. Ҳа, танти, бағри кенг халқимиз бор. Бундан эса айрим нопок кишилар фойдаланишади.

“Гоҳида ўзимни журналист дейишга уяламан” мақоласи асосан маҳорат муаммосига бағишланган. Нега? Айни пайтда мавжуд муҳит ва бош муҳаррир ҳамда журналистларнинг ички цензураси барча муаммоларни очиқ-ойдан кўтариб чиқишга имкон бермаётган экан, ҳеч бўлмаса ўша ёзаётганлари замонавий сифатли журналистика талаблари даражасида бўлишига интилса бўлмайдими? Бу борадаги камчиликларни янгиликларни ёритиш мисолида қисқача кўрсатишга ҳаракат қилдим. Ана шу муаммонинг ҳам фақат икки жиҳатини таҳлил қилдим: янгиликнинг сарлавҳаси ва кириш қисми бизда қандаю, ривожланган мамлакатлар журналистикасида қандай?

Муаммонинг бошқа томонларини таҳлил этиш учун мақола ҳажми етарли бўлмади. Масалан, гап тузулишини олиб кўрайлик. Баъзи касбдошлар гапни шунчалик узун тузишадики, унинг охирига боргач, бошланишида нима дейилганлигини эслолмайсиз. Айрим газеталарда, жумладан, “Моҳият” ва “”Маҳалла”да 50-60 ва ундан кўпроқ сўздан иборат гапни учратасиз. АҚШ ва Англия мутахассислари инглиз тилидаги газетада битта гапда 21тагача сўз бўлиши кераклигини уқтиришади. Бизда-чи? Балки тилшуносларимиз бу ҳақда ўз хулосаларини билдиришар?

Ўқувчилар диққатини яна бир масалага қаратмоқчи эдим. Мақоламда кўтарилган муаммо ижтимоий аҳамиятга молик эканлигига айримлар эътибор қаратишмаган. Ахир, жамиятнинг, ҳаётимизнинг қандай бўлиши матбуот сўзининг сифатига ҳам боғлиқ эмасми? Соҳадаги камчиликларга барҳам беришга чақириш барчамиз учун фойдали-ку!  Бундан ташқари, журналистика бўйича олий ўқув юртларимизда қанча мутахассислар борлигига, ОАВда тажрибали, иқтидорли журналистлар фаолият кўрсатаётганлигига  қарамасдан, улар соҳадаги муаммоларни кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқармаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Бу “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш юритиш намунаси эмасми?

Бу фикрларимни танловга юборган мақоламнинг рейтингини кўтариш учун ёзганим йўқ. Шундай бўлганда, иккинчи босқич тугашини кутиб турмасдан, одинроқ дўстларимга, шогирдларимга мурожаат қилган бўлардим. Умуман, хабар ёки мақолани мукофот ёки моддий манфаатни кўзлаб ёзмайман. Мана, “Согдиана” блогимда материалларнинг сони 400тадан ошди. Уни очганимга ҳали тўрт йил бўлгани йўқ. Ёзганларим учун қалам ҳақи олмайман. Ижодсиз туролмаслигим боис вақт ва маблағ сарфлаб (ахборот тўплаш учун юриш керак, айрим манбаларни бир марта билан топа олмайсиз, фотосурат ҳам маълум харажат билан боғлиқ), жамоатчиликни мавжуд муаммолар ва атрофимизда содир бўлаётган янгиликлар билан таништиришга ҳаракат қиламан.

Блогерлар чемпионатига ҳам мукофот учун қўшилмадим. Журналистика муаммоларига бағишланган материалим тайёр эди. Фақат янгиликка бағишланган ва ҳеч қаерда чоп этилмаган ўнтача мақолам бор. Улар бўлажак китобимнинг бир қисмидир. Уларни қисқартириб, эътиборга молик деган хаёл билан “Гоҳида ўзимни журналист дейишга уяламан” сарлавҳаси остида конкурсга юборган эдим.

Худди шу каби бошқа ижтимоий муаммолар ҳақида ёза бошлаган нарсаларим бор. Агар конкурснинг учинчи босқичига чиқсам, шулардан иккитасидан бирини тақдим этмоқчи эдим. Улардан бири “Шу аҳволда кетаверса, футболимиз ўлади-ку” деган мақола бўлиб, унда Самарқанднинг “Динамо” клубининг аянчли аҳволи мисолида футболимизнинг бугунги куни таҳлил этилади. “Маҳалла давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди” деган иккичи мақолада шаҳар ва туман ҳокимлари маҳалла ва уларнинг оқсоқолларини қонунда белгиланмаган ишларга мажбурлаши оқибатида улар ўз зиммисидаги вазифаларни бажаришдан маҳрум эканлиги мисоллар асосида очиб берилади. Лекин, барибир, танлов натижасига қарамасдан, мақолаларни тайёрлайман. Гап фақат мукофотда эмас-ку! Ижод завқидан, муаммони кўтариб, уни ечилишига дахлдорлик ҳиссидан сархуш бўлиш мумкин-ку! Шундай эмасми?

Тошпўлат Раҳматуллаев


  



1 комментарий:

  1. Xuddi shunday.Siz kabi kasbiga sodiqlar ko'paysin.Aminmaki,kuni kelib o'rnak olinadigan inson deb ko'rsatilasiz.Qalamingizga baraka...

    ОтветитьУдалить