воскресенье, 29 мая 2016 г.

«Самарқанд китоб олами» мажмуаси очилди

              

28 май куни «Самарқанд китоб олами» мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ва шаҳар давлат ҳамда жамоат идоралари вакиллари, олимлар, шоиру ёзувчилар, нуронийлар, санъаткорлар, ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этишди.


Янги зиё маскани шаҳарнинг қоқ марказида – Амир Темур ва Бўстонсарой кўчалари кесишган жойдан ўрин олган. Унда айни пайтда 2500 номдаги 40 мингта китоб мавжуд. Келгусида бу ерда китоблар сонинин икки баравар кўпайтириш имконияти бор.
                                          
Хорижда ҳашаматли, жуда катта, харидорлар учун барча қулайликлар яратилган китоб дўконларини кўриб, ҳайрон қолардим, уларга ҳавасим келарди. Уларнинг аксарияти ярим тунгача ишлашини, одамлар билан лиқ тўлалиги ҳайратимни оширарди. Мана, ниҳоят ўзимизда ҳам ана шундай кошона очилди. Ундаги бўлимларда бемалол сайр қилиб, китобни танлаш учун харидорнинг қанча вақти бўлса, шунча муддат мажмуада қолиб кетиши мумкин. Унга бу ишда ўндан ортиқ мутахассислар ёрдам бериш учун ҳозиру нозир бўлиб туришади.  
                                          
«Самарқанд китоб олами» мажмуасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими З.Мирзаев, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари О.Юнусов, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ф.Тошев, шоира Жумагул Сувонова ва бошқалар сўзга чиқиб, китобнинг аҳамияти ва ўрни ҳақида, янги мажмуаниг афзалликлари  хусусида сўз юритдилар.
                               
Мажмуа бошқа савдо ташкилотларидан фарқ қилишини инобатга олиб, унга профессионал савдо ходими эмас, балки ижодкор, журналист ва шоир Асадулло Шукуров директор этиб тайинланди.

Мажмуа биноси “Бунёдкор-Самарқанд” хусусий корхонаси томонидан (раҳбари Шуҳрат Маматқулов) таъмирланди. Таъсисчи “Келажак пресс” МЧЖ маблағлари (раҳбари Акбар Маҳмудов) ҳисобидан “Гулобод мебель” ва “Осиё мебель” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан жиҳозланди.


Тошпўлат Рахматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий