Самарқанд вилоят матбуот уйида вилоят божхона бошқармаси раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда шу йилнинг 21 апрелидан бошлаб амалда бўлган янги таҳрирдаги Божхона кодексининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритилди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Қутлимуродов янги
таҳрирдаги Божхона кодексининг амалга киритилиши муносабати билан юзага келган
ўзгарашларга тўхталиб ўтди.
Шу вақтгача амалда бўлган Кодекс 1997 йилда қабул қилинган эди. “Бу
йиллар ичида замон ўзгарди, ташқи бозорда, товарлар тузилмасида ўзгариш юз
берди, – деди нотиқ. – Янги Кодекс устида комиссия 7 йил ишлади. Бунда халқаро
нормалар инобатга олинди”.
Янги Божхона кодекси 12 бўлим, 59 боб, 412 моддадан иборат бўлиб, у
қуйидагиларни ўзида мужассам қилган:
қўлланилаётган тушунчаларни соддалаштириш, ўрнатилган норма ва қоидаларнинг бир
хилда талқин этилишини таъминлаш, божхона расмийлаштирувини халқаро
стандартларга мувофиқлаштириш. Кодексда божхона расмийлаштируви жараёнида барча
қатнашчиларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабат механизми аниқ белгилаб
берилган.
Матбуот анжуманида янги Кодекс аввалдагисидан фарқ қилиб, ташқи савдони
ривожлантириш ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга оширишда божхона назорати
самарадорлигини таъминлаш ва мамлакат ҳудудида товар айланмасини тартибга
солишда муҳим аҳамият касб этиши уқтирилди.
Вилоят божхона бошқармасининг масъул ходимлари журналистларнинг кўплаб саволларига батафсил жавоб қайтаришди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий