вторник, 24 мая 2016 г.

Самарқандда қурилаётган 29та кўп қаватли уйнинг ҳужжатлари тўла расмийлаштирилмаган

Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган 29та кўп қаватли турар жой объектларида шаҳарсозлик ҳужжатлари тўла расмийлаштирилмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Бу ҳақда вилоят бош архитектори Норқул Содиқов журналистларга маълумот берди.

Самарқанд вилоят шаҳарсозлик ва қурилиш индустриясини ривожлантириш маркази биносида ўтказилган матбуот анжуманида 2015 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида архитектура ва қурилиш, шаҳарсозлик ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш бўйича олиб борилган ишлар хусусида сўз юритилди.

Норқул Содиқов вилоятдаги янги қурилишлар, реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган объектлар хусусида батафсил гапириб берди. Унинг уқтиришича, 2015-2018 йиллар учун шаҳарлар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш Дастури дасдиқланган. Масалан, унга асосан 2015 йилда Лойиш шаҳарчасининг бош режасини ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилган.

Шунингдек, 2015-2018 йиллар учун 20 мингдан ортиқ аҳоли яшаш пунктларида ҳудудларни Батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш Дастури тасдиқланган. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг марказий қисми, Маҳмуд Қошғарий кўчасининг Батафил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Тасдиқланган яна бир Дастур бўйича  вилоят марказининг бош режаси ишлаб чиқилади. Уни амалга ошириш учун бирламчи ҳужжатлар “Тошбошплан ЛИТИ” давлат унитар корхонаси инстутига тақдим этилган.

Нотиқнинг сўзларига қараганда, вилоят ҳудудида 2015 йилда 37та массивда 1235та намунавий уй-жой қурилган бўлса, жорий йилда яна шунча массивда 1327та уй-жой барпо этилади.

Ҳужжатлари тўла расмийлаштирмасдан қурилаётган 29та объектнинг тақдири нима бўлади? Норқул Содиқовнинг таъкидлашича, қурувчиларга ҳужжатлардаги камчиликлар бартараф этилмагунча, қурилиш ишларини тўхтатиш бўйича йўриқномалар берилган. Яъни қурилиш ташкилотлари лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси билан келишуви, ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари бўйича давлат экспертиза хулосаси ҳамда давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекциясининг қурилишга рухсат бешиш тўғрисидаги рухсатномасини олишлари зарур.

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий