Самарқандда “Жамиятда ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи англаш туйғусини юксалтиришда ННТларнинг ўрни ва роли” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси қатор манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказди.
Давра суҳбатини Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи
Отабек Аҳтамов очди. У ўзининг кириш сўзида тадбирни ўтказишдан мақсад жамиятда
ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи англаш туйғусини юксалтириш, бу борада
давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари, айниқса ННТларнинг ўзаро
муносабатини мустаҳкамлаш ва ушбу соҳада ҳамкорликни янада ривожлантиришдан
иборат эканлигини уқтирди.
“Ана шундай муҳим тадбирни ўтказишда республика ҳукумати томонидан
Адвокатлар палатаси масъул этиб белгиланган, – деди О.Аҳтамов. – Бу бежиз эмас.
Адвокатлар доимо аҳоли ўртасида бўлиб, фуқаролар муаммосидан яхши хабардор
ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун амалга ошириладиган барча
ишларда иштирок этишга тайёр. Биз катта куч, чунки вилоят ҳудудий бошқармаси
ҳузурида 65та адвокатлар тузилмалари мавжуд бўлиб, уларда 341 нафар адвокат
фаолият юргизмоқда. Улардан 99 нафарини аёллар ташкил этади”.
Давра суҳбатида сўз олган вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг
ўринбосари Отабек Тошниёзов “Жамиятда ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи
англаш туйғусини юксалтиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида чиқиш қилди. У Адлия
вазирлиги тизимида жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш йўлида амалга
оширилаётган ишлар борасида сўз юритди. Бунга мисол тариқасида мавзуга оид китоблар
чоп этилаётганлиги, газета ва журналлар нашр қилинаётганлигини кўрсатиб ўтди.
“Ҳуқуқий маданияти юқори бўлган одам қонунни ҳурмат қилади,
қонунбузарликдан ўзини тияди”, – деди жумладан нотиқ. Унинг уқтиришича, ана
шуни инобатга олиб, мамлакатимизда
яратилган мустаҳкам қонунчилик базасига таянган ҳолда фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга
бўлган эътиборни яна кучайтириш лозим.
Бу борада фуқаролик жамиятининг институтларидан бўлган ННТлар нималар
қилиши мумкин? Уларнинг давлат органлари билан ўзаро ижтимоий шериклик
муносабатларини мустаҳкалашлари юқорида белгилаб қўйилган вазифаларни амалга
оширишлари учун муҳимлигини сўзга чиққан ННТ вакиллари уқтириб ўтишди.
Жумладан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
вилоят бирлашмаси раиси Инобат Ҳасанова ННТлар билан давлат ташкилотлари
ўртасидаги алоқани етарли даражада деб бўлмаслигини уқтирди. Ҳамкорликни
кучайтириб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини юксалтиришга интилиш
муҳимлигини таъкидлади.
“Жорий йилнинг ўтган ойлари мобойнида идорамизга аҳолидан 506та ариза
ва шикоят тушди. Улардан 497таси истеъмолчи фойдасига ҳал этилди, – деди И.Ҳасанова.
– Демак, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб, тўғри йўналишда ҳаракат қилишни
бошлаган. Эндиги вазифа уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали
ҳуқуқларини аввалданоқ поймол қилинишига йўл қўймасликларини таъминлашдан
иборат бўлмоғи лозим”.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими етакчи мутахассиси Фароғат
Шокирова чиқишида мавжуд 1245та ўзини ўзи бошқариш органида самарали иш олиб
бориш орқали жамиятимизда ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи англаш
туйғусини юксалтириш имконияти катта эканлигини қайд этди. “Чунки ҳар биримиз
маҳаллада яшаймиз, – деди нотиқ. – Мавзуга оид мунтазам давра суҳбатлари,
семинарлар ташкил қилиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳизир ҳам бу
йўналишда айрим ишлар қилинмоқда. Аммо уларни етарли деб бўлмайди”.
Ф.Шокирова ҳар бир маҳаллада ойда бир марта ҳуқуқий саводхонлик кунлари
ўтказиш ҳамда “Ҳуқуқимизни ўрганамиз” мавзусида суҳбатлар ташкил этишни таклиф
қилди ва бу ишда Адвокатлар палатаси ёрдам қўлини чўзишига умид билдирди.
Бунга жавобан О.Аҳтамов адвокатлар бундай ҳамкорликдан фақат мамнун
бўлишларини, маҳаллаларга чиқиб, барча тадбирларда фаол иштирок этишга тайёр
эканликларини билдирди. Унинг уқтиришича, Адвокатлар палатаси маҳаллалар билан
бепул ишлашни йўлга қўйган.
Давра суҳбатида яна бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотларининг
вакиллари сўз олиб,
жамиятимизда ҳуқуқий маданият ва фуқаровий ўзини ўзи англаш туйғусини
юксалтириш шу куннинг долзарб масаласи эканлигини, бу мамлакатимизнинг барча
йўналишларда тез суръатлар билан ривожланишиниг асосий омилларидан бири
эканлигини уқтирдилар.
Тадбарда бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар, ҳар бир ташкилот олида
турган вазифалар белгилаб олинди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий