вторник, 29 ноября 2016 г.

Уч кун ичида 29 мингдан кўпроқ сайловчи муддатидан олдин овоз берди

4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни ўзининг қатор жиҳатлари билан авваллгиларидан фарқ қилади. Жумладан, ногиронлик аравачасида овоз беришга келадиганлар учун ҳар бир сайлов участкасида махсус йўлак – пандуслар барпо этилади, кўзи ожизлар учун эса овоз бериш бюллетенлари Брайль алифбосида чоп этилади.

Бу ва бошқа янгиликлар ҳақида Марказий сайлов комиссияси ташкил этган семинарда батафсил сўз юритилди. Қуйида семинарда тилга олинган айрим рақамлар келтирилмоқда.  

Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этишда ҳам бу галги сайловларда ўзига хос  натижаларга эришилмоқда. Мудатидан олдин овоз бериш қонун талабига биноан сайловдан 10 кун олдин, яъни 24 ноябрда бошланган эди. Уч кун ичида – 27 ноябр соат 18-00гача 29305 киши овоз берган. Ўтган сайловда эса бундай сайловчилар ҳаммаси бўлиб 20 минг кишини ташкил этган эди. 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг маълумотига қараганда, вилоят бўйича уч кунда 1644 сайловчи  муддатидан аввал овоз берган.

Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат. Шуни ҳисобга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси сайловга оид материалларни 17 тилда чиқариб, уларни тарқатишни йўлга қўйган.

Сайловни аккредитациядан ўтган 1300 нафардан ортиқроқ журналист ёритади. Хориждан 100 нафардан ортиқ журналистнинг ҳамда 46 давлатдан 600 нафардан кўпроқ кузатувчи келиши кутилмоқда.

30 ноябрда Тошкентда нодавлат ОАВ вакиллари томонидан асос солинган пресс-клубнинг  очилиши мўлжалланган. 5 декабргача фаолият олиб борадиган ушбу пресс-клубда ҳар куни иккита тадбир бўлиб ўтади.

Тошпулат Рахматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий