8 ноябрда “Ёшлар” телеканалининг “Давр” дастурида Самарқанддаги Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳақида лавҳа намойиш этилди. “Давр” кун янгиликларидан томошабинларни хабардор қилиши лозим эмасми? Кўрсатилган лавҳада эса янгилик жанри талабига жавоб берадиган ҳеч вақо йўқ эди.
Унда расадхонанинг қачон
қурилганлиги, биносининг қандай бўлганлиги, асосий асбобининг хусусиятлари
ҳақида аввалдан маълум бўлган маълумотлар келтирилди, холос. Яъни лавҳада
информация бор эдию, аммо янгилик йўқ эди.
Ушбу лавҳани бошқа дастур
доирасида намойиш этилганда, бу ҳақда гапиришга ҳожат қолмасди. Чунки Улуғбек
расадхонаси ҳақида хабари йўқлар, озроқ бўлса-да, маълумотга эга бўларди. Лекин
лавҳанинг янгиликлар дастурига киритилишини тўғри деб бўлмайди.
Ҳозир бу ерда янгилик, унинг
мезонлари ҳақида кўп ҳам гапириб ўтирмайман. Буни “Ёшлар” телеканалининг ходимларига
журналистика факульететида анча чуқур ўргатишган бўлишлари керак. Нега журналистлар
ва уларниг тепасида турганлар ўша талабларга амал қилишмайди, буни тушуниш
қийин.
Қисқача бу ҳақда
қуйидагиларни қайд қилиб ўтмоқчи эдим.
Римлик машҳур нотиқ, нутқ
санъати ҳақидаги 12 томлик асар муаллифи Квинтилиан (милодий I аср) ўзи
сезмаган ҳолда журналистиканинг янгиликлар соҳасига катта ҳисса қўшган эди. У
ҳар қандай воқеа ёки ҳодиса ҳақида улар қуйидаги еттита саволга жавоб
бергандагина маълум бир хулоса чиқариш мумкинлигини уқтиради: ким? нима қилди?
қаерда? қайси воситалар билан? нима учун? қандай? қачон? Гап шундаки, замонавий
журналистиканинг ҳам талаби шу. Янгилик баён қилинган ахборотнинг дастлабки 2-3
жумласи (бирнчи хатбошиси – абзаци) албатта юқоридаги саволларга жавобни ўз
ичига олиши керак.
Замонавий журналистика
талабларига биноан янгилик Ким? Нима? Қачон? Қаерда? Қандай? Нима учун? деган саволларги
жавоб бериши керак. Аммо шу саволларга жавоби мавжуд бўлган ахборотнинг
ҳаммасини ҳам янгилик сирасига киритиб бўлмайди. Унга янгиликка хос қатор
жиҳатлар етишмайди. Улар нималардан иборат?
Янгилик даъвосида бўлган
ахборот аввало ғайриоддий ва кўпчилик учун қизиқарли бўлмоғи ва қизиқарли
бўлган воқеа ё ҳодиса ҳақида маълумот бермоғи лозим. Жамоатчилик фикрини уйғота
оладиган воқеа ёки машҳур шахс ҳаёти
ҳақида маълумот берадиган хабарни ҳам янгилик сирасига киритиш мумкин.
Умуман, бу ҳақда кўп сўз
юритса бўлади. Назария масалаларига берилиб кетмоқчи эмасман. Фақат бир лавҳа
муносабати билан фикримни баён қилдим. Ахир, аҳоли солиқ тўловчи сифатида
давлат томонидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситасидан сифатли
чиқишлар қилишни талаб этишга ҳақли эмасми?!
Тошпўлат
Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий