суббота, 22 апреля 2017 г.

Самарқандлик пенсионер нега газ идораси ходимига ўқ узди?

“Самарқандшаҳаргаз” филиали ходими Исмоил Зиёдуллаевга қарата ов милтиғидан ўқ отилганлиги ҳақидаги хабар кўҳна шаҳарда турли миш-мишларга сабаб бўлмоқда. Устига устак “Озодлик” радиоси веб-сайтида 19 апрель куни эълон қилинган мақоладаги қатор ноаниқликлар ушбу воқеа атрофидаги гап-сўзларни янада чигиллаштирди. Хўш, ўзи воқеа қандай содир бўлган эди?

Бунга аниқлик киритиш мақсадида ўша ҳодиса иштирокчилари ва гувоҳлари билан суҳбатлашдим, ўқ узган пенсионер хонадонида бўлдим, у яшаб келаётган маҳалла фаоллари билан учрашдим.
Дастлаб “Озодлик” радиоси веб-сайтидаги “Самарқандлик пенсионер газ қарзини сўраб келган мулозимга ўқ узди” мақоласида йўл қўйилган айрим ноаниқликлар ҳақида сўз юритсак.
Воқеа мақолада айтилганидек 13 апрелда эмас, 12 апрелда содир бўлган. Пенсионер Аҳмад аканинг ёши 62да эмас, июнь ойида у 61га киради. Унинг ўғли Акбар Козимов мақолада яна бир қанча хатоликлар мавжудлигига диққатимизни тортди. Жумладан, у отасининг ИИВ академиясида ўқиганлиги, милицияда ишлаб, у ердан қувилганлиги ҳақида мақолада келтирилган даъволар ҳақиқатга яқин эмаслигини таъкидлади. Акбарнинг сўзларига қараганда, отаси ички ишлар тизимига умуман яқинлашмаган.  “Дадам авваллари қассобчилик билан шуғулланган, сўнгра кўп йиллар давомида Жомбой дон маҳсулотлари комбинатита ишлаб, шу ердан пенсияга чиққан”, – дейди у.
Маҳалла поспони Муҳаммадали Солиевнинг фикрича, “Озодлик” мухбирига ахборот берган шахс адашган бўлса керак. “Қўшни маҳаллада худди Акбарнинг отасининг исми ва фамилиясига ўхшаш собиқ милиция ходими яшайди. У киши ҳозир пенсияда. Балки шу киши билан адаштиргандир”, – деди маҳалла посбони.
Энди содир бўлган нохуш воқеанинг ўзи ҳақида сўз юритайлик. 12 апрелда “Самарқандшаҳаргаз” филиалининг пенсионер яшаётган ҳудуддаги раҳбари Исмоил Зиёдуллаев ҳамда назоратчилар Шамсиддин Мансуров ва Хуршид Мелиевлар Юқори Хўжа Соат маҳалласида бўлиб, Аҳмад аканинг хонадони ва новвойхонасидаги газ истеъмолини текширмоқчи бўлишади. Хонадонидаги газ ҳисоблаш асбоби бўйича унинг 248 минг сўм қарзи борлиги аниқланади. Бундан аввалроқ, ўтган йилнинг декабрь ойида хонадон соҳиби 1 миллион 700 минг сўм тўлаган экан. У аниқланган қарз суммасини ҳам тезда тўлашга ваъда берган.
Шундан сўнг текширувчилар новвойхонадаги ҳолат билан танишиш мақсадида у ерда ўрнатилган газ ҳисоблаш асбобини кўздан кечиришади. Бир ой олдин ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш асбоби 8 минг м3 миқдорида газ истеъмол қилинганлигини кўрсатган. Бир ойда шунча газ сарф қилинган бўлса, ундан олдинги даврларда қанча истеъмол қилинган ва қанча пул тўланганлигини аниқлаш мақсадида И.Зиёдуллаев эски газ ҳисоблаш асбоби ва тўлов ҳужжатларини кўрсатишни сўрайди. Шунда хонадон соҳиби “нимани кўрасан”, деб ҳудуд раҳбариниг бўйнига уриб, югурганича уйига кириб кетади. Бироздан сўнг у ов милтиғини олиб чиқиб, И.Зиёдуллаевга ўқталиб, тепкини босади. Ўқ унинг иш кийимини тешиб ўтиб кетади. Жаҳл отига миниб олган пенсионер иккинчи марта тепкини босаётганида Мансуров ва Мелиев милтиққа ташланиб, унинг учини баланд кўтаришади ва милтиқ осмонга қараб отилади.
Бу воқеа Аҳмад аканинг ўғли Акбар Козимов кўз ўнгида бўлиб ўтганлиги сабабли у ҳаммасини кўрган. У воқеа айнан шундай содир бўлганлигини тасдиқлади. Унинг сўзларини розилигини олганимдан сўнг диктофонга ёзиб олдим. У отаси ва И.Зиёдуллаев ёки назоратчилар орасида жанжалга сабаб бўладиган бошқа ҳолат юз бермаганлигини  уқтирди. “Озодлик” веб-сайтидаги мақолада ёзилган  15 миллион сўмлик қарз тўғрисида сўзлар ҳам бўлмаганлигини қайд этиб ўтди. Акбар Козимов, шунингдек, мақолада “газни кесиб кетган” ва “қарз ундирувчилар новвой ҳамиятига тегадиган гап қилишган” дейилганлиги ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
 Новвойхонанинг жуда кўп миқдорда газ ишлатиб, сурункали тарзда пул тўламай келганлиги ҳақидаги миш-мишларга ўз фикрини билдириб, И.Зиёдуллаев шундай дейди: “Новвойхона фақат бир йил давомида фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу сабабли биз томондан катта миқдордаги қарз ҳақида гап бўлган эмас. Фақат эски газ ҳисоблаш асбоби кўрсаткичлари билан тўланган квитанцияларни солиштириб кўрмоқчи эдим. Ана шу оддийгина талабим учун менга қарата милтиқдан ўқ узилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим”.
Унинг уқтиришича, ўқ унинг ишчи кийимини тешиб ўтган, чўнтагидаги сигарет ва зажигалкани чил-парчин қилиб юборган. У агар гавдасини озгина ёнга олмаганида, 70 сантиметрдан отилган милтиқнинг ўқи қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Шунга қарамасдан, И.Зиёдуллаев унга ўқ узган пенсионерга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдириб, шундай деди: “Ҳеч ким бундан аввал Аҳмад аканинг бировга ёмонлик қилганлигини кўрган эмас. Маҳалладошлари ҳам у кишининг камтарин ва мулоҳазали инсон эканлигини айтишмоқда. Қандайдир сабаб асабларининг таранглашганлигига олиб келгандир”.  
Маҳалла посбони М.Солиевнинг уқтиришича, гумондорнинг ов милтиғи қайддан ўтказилмаган.   

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий