Самарқанддаги 2-сонли туғруқхонада аниқланган
"крематорий" ва унда "ярмиси куйган ҳолда топилган абортдан
кейинги ҳомила" ҳақида миш-мишлар тўхтамаётганди. Шу кунларда
интернет-нашрларда пойдо бўлган ахборотларнинг эса оловга мой сепгани қолди.
Аслида нима воқеа юз берган? Nuz.uz мухбири Самарқандда таҳририят топшириғи
билан вазиятни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади.
Ишончли маълумот олиш учун мен 2-сонли туғруқхонага йўл
олдим ва мазкур муассасанинг бош врачи Илҳом Ҳазратқулов билан учрашдим. Ундан
крематорий ҳақида, унда топилган, миш-мишларга кўра, тириклигида баъзиларининг
оғизлари скотчланган бўлган ҳомилалар ҳақида сўрадим.
И.Ҳазратқулов дарҳол туғруқ мажмуасида ҳеч қандай крематорий
мавжуд эмаслигини тушунтирди. Муассасада тиббий чиқиндиларни йўқ қилишга
мўлжалланган муфель печи бор экан. Чиқиндилар сирасига кирувчи ишлатиб бўлинган
бир марта фойдаланиладиган шприцлар, осма укол системалари, плацента кабилар
куйдириб йўқ қилинар экан.
Кейин у қуйидагиларни гапириб берди:
"16 март куни эрталаб соат 7:20лар чамаси, менга навбатчи
врач қўнғироқ қилиб, муфель печида аборт қилинган ҳомила топилганини маълум
қилди. Ҳомилани печга чиқинди солаётган санитар аёл кўриб қолган. У навбатчи
врачни чақирган ва у ҳомилани печдан чиқарган. Кейин улар печь ичида яна бир
ҳомила борлигини аниқлашган. Милицияга хабар бердиларингми, деган сўровимга
навбатчи врач участка нозирига қўнғироқ қилишгани, бироқ у қўнғироқларга жавоб
бермаганини маълум қилди. Мен 102 рақамига қўнғироқ қилиб, рўй берган ҳодисани
баён қилишни талаб қилдим.
Йигирма дақиқалар ўтгач, мен туғруқ мажмуасига келдим,
келганимда мажмуага милиция ходимлари етиб келишган экан. Муфель печини
синчиклаб текшириб кўриб, унинг ичидан яна иккита аборт қилинган ҳомилани
чиқариб олдик. Шундай қилиб, уларнинг сони тўрттага етди. Бу вақтга келиб, шаҳар
ҳокимлиги, прокуратура ходимлари, шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ҳам воқеа
жойига етиб келишди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳар бир факт, ҳар қандай детални
синчиклаб ўрганишга киришиб кетишди. Туғруқ мажмуасининг кўп ишчилари:
санитарлар, врачлар, шунингдек мен ҳам сўроққа тутилдик. Тергов ҳаракатлари
ҳамон олиб борилмоқда, шу сабабли мен барча тафсилотларни ошкор эта олмайман.
Шунисини айтишим мумкинки, ушбу ноқонуний абортлар бизнинг муассасада амалга
оширилмаган. Афсуски, бу жинояткорона ҳаракатларга бизнинг ходимларимиз ҳам —
врач ва санитарка аралашиб қолишган.
Абортлар икки хусусий тиббий клиникаларда амалга оширилган.
Уларда муфель печлари бўлмаганлиги сабабли, бизникидан фойдаланишган.
Ҳомилаларнинг жасадини санитаркамизга узатиб туришган, у эса нобуд бўлган
гўдакларни печкада куйдирган. Ўша куни газ босими пастлиги туфайли ҳомилалар
куймай қолган. Бундай ноинсоний хатти-ҳаракатлар қанча вақт давом этган? Қанча
ҳомила куйдириб юборилган? Улар печга ташланган вақтида тирик бўлишганми? Бу
каби саволларга тергов тугагандан кейингина жавоб бериш мумкин бўлади.
Ҳозирча шунисини айтишим мумкинки, ҳомилалар беш-олти ойлик
бўлишган. Балким етти ойликдир. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки,
олти-етти ойлик чала туғилган чақалоқларни ҳам сақлаб қолиш мумкин.
Нега бизнинг муассасада бундай бошбошдоқлик рўй бериши
мумкин эмас, деяпман? Гап шундаки, топилган ҳомилалар — ҳомиладорликни дори
воситалари билан тўхтатиш натижасида дунёга келишган. Бунинг учун камида 10-12
соат ёки ундан ҳам кўпроқ вақт талаб этилади. Менинг ўзим кунига бир-икки марта
барча палаталарни шахсан айланиб чиқаман, ўринбосарим ҳам барча бўлажак
оналардан хабардор бўлиб туради. Биз аборт қилдириш учун келган аёлларни сезмай
қолишимиз мумкин эмас, чунки уларда туғруқ олди оғриқлари жуда кучли бўлади".
Ҳозирча Самарқанддаги врачлар томонидан жиноий тарзда амалга
оширилган ноқонуний абортлар ҳақида ошкор бўлган маълумотлар шулардан иборат.
Бир неча кун аввал шу иш бўйича материаллар вилоят ИИБдан прокуратура
органларига ўтказилган. www.nuz.uz воқеалар
ривожини кузатади ва ўқувчиларни имкон қадар ҳаммасидан хабардор қилиб боради.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий