Иккинчи мақола
“Ёмон”
журналистни ким ҳимоя қилади?
Айрим тўралар учун маддоҳ, ўнгу сўлига қарамасдан фақат мақтайдиганлар
“яхши” журналист, ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун камчиликни ёзадиганлар эса
“ёмон” журналист саналади. Аммо аслида бузғунчи ким деган саволга бемалол ўша
“яхши” журналистлар деб жавоб қайтариш лозим. Чунки уларнинг маддоҳлиги
оқибатида камчиликлар тугатилмайди, улар хаспўшланади ва ғовлаб кетади.
Натижада ҳамма соҳа расво бўлади ҳамда бундуй “яхшилик”нинг жамият ва давлатга
катта зарари тегади. Шарль Монтескьенинг сўзларини эслайлик: “Ҳар бир фуқаро
Ватани учун жон фидо қилишга тайёр бўлмоғи лозим. Аммо уни деб ёлғон
гапирмаслиги керак”. Томас Жефферсон
эса бошқача фикрда бўлмоқликни ватандўстликнинг энг юқори кўриниши деб атаган
эди.
Фақат эркин матбуотгина ўз вазифасини
тўлақонли бажаришига, ҳукумат ва жамият ўртасида воситачи бўла олишга, аҳоли
хабардорлигини оширишга ва жамот назоратини амалга оширишга қодир.
Мамлакатда эркин сўз ва эркин оммавий ахборот
воситалари ҳукмрон бўлиши бир қатор омилларга боғлиқ. Улардан биринчиси қонун устуворлигидир.
Қабул қилинган қонунлар ишлаши керак. Ҳар қандай соҳада, жумладан, журналистик
фаолият билан боғлиқ талаблар бузилган
тақдирда, қонун амал қилмоғи лозим. Ушбу омил билан узвий алоқада бўлган иккинчи муҳим омил суд тизимининг
мустақиллигидир. ОАВ ходимларига қилинган таҳдид, у қаердан ва ким томонидан
бўлганлигига қарамасдан, суд томонидан қонуний кўриб чиқилиши шарт. Ҳеч кимнинг
“телефон ҳуқуқи”дан фойдаланишига йўл қўймаслик лозим.
Эркин ва тўла, амалда мустақил ОАВ бўлишининг
яна бир шарти кучли фуқаролик жамияти мавжудлигидадир. Чунки журналист
жамиятдаги вазиятни яхшилаш учун ҳаракат қилса-ю, бу йўлда катта бир амалдор
ёки кучли таъсир доирасига эга бўлган ташкилот унга қарши чиқса, жамоатчилик
четда томошабин бўлиб туриши мумкин эмас. Журналистнинг ҳаққоний сўзи деб, унга
тазйиқ ўтказа бошланганда, фуқаролик жамияти унинг ҳимоясига отланса, ўз
манфаати йўлида ҳаракат қилаётганларнинг чекинишига тўғри келади. Эркинликни
бўғмоқчи бўлганлар бундан кейин ўз қадамини ўйлаб босадиган бўлади.
Юқорида санаб ўтилган омиллар амал қиладиган
жамиятларда журналист қўрқмасдан нуқсону камчиликларни очиб ташлайди, мамлакат
ривожига тўсиқ бўлган ҳолатларни бирма-бир қаламга олади, уларга жамоатчилик
эътиборини қаратади ва умумий аҳволнинг яхшиланишига ўз ҳиссасини қўяди. Бунинг
акси бўлган тақдирда журналистик текширув олиб борган ОАВ ходимига таҳдид билан
чекланмасдан, унинг жонига қасд қилиш ҳолатлари кўплаб учрайди. Шу сабабли
журналист касби дунёдаги энг хавфли касблар сирасига киради.
Шу кеча-кундуз ушбу сатрлар муаллифига бўлган
мурожаатлар мисолида ўзимизда юзага келган аҳволга бир назар ташласак. Деярли
ҳар куни турли масалаларда каминага мурожаатлар бўлиб туради. Масалан, ҳозир
қўлимда Сўғдиёна мавзеидаги кўпқаватли турар жойлар ўртасидаги болалар
майдоначаси ўрнида янги турар жой биноси қурилаётганлиги, тарихий аҳамиятга эга
бўлган ҳудудда қурилиш қилмоқчи бўлаётганларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати, Халқ
қабулхонаси ишидаги камчиликлар ҳақида шикоят аризалари мавжуд. Улар юзасидан иш
олиб боряпман. Аммо ҳамма билганларимни ҳам очиқ ёза олмайман. Чунки бу ва шу
каби бошқа ишларнинг ортида шундай кимсалар турибдики, журналистнинг бир ўзи
муаммони қонун доирасида ҳал қилиши ва бу курашдан эсон-омон чиқиши мушкул.
Ахир, қонунни била туриб бузганлар анойилардан эмас-да!
Кейинги ойларда нотариуслар, ФҲДЁ, Халқ
қабулхоналари иши ҳақида матбуотда, интернет нашрларда, ижтимоий тармоқларда
қатор танқидий фикрлар билдирилди. Адлия вазирлиги масалани холисона кўриб
чиқиш ўрнига журналистларни нотўғри ахборот тарқатишда айблаган ҳоллар ҳам
бўлди. Биз мамлакатимизда, жамиятимизда янгиланиш, ўзгариш бўлишини хоҳласак,
танқидни тўғри қабул қилишни ўрганишимиз керак эмасми?
Одам қанчалик кучли ва юқори маънавиятли бўлса, у ўзининг
камчиликларига шунча эътиборли бўлади. Фақат бебурд, узоқни кўра олмайдиган
савияси паст кимсагина ўзини бекаму-кўст деб ҳисоблайди. Ўзига маҳлиё бўлган
бундай кишилар юқорироқ мансабда ўтирганларни мақташдан ўзини тиймайди,
пастроқдагилардан эса мадҳ этилишини кутади. “Буюк кишилар ҳеч қачон маддоҳлик қилмайдилар. Хушомад – майда одамларнинг иши, улар ўзлари ҳавас қилган
атоқли шахсларнинг ҳаётий муҳитига кириб олиш учун яна ҳам майдалашишга тайёр
кимсалардир”, деган эди Оноре де Бальзак.
Биз аввало ўзимизнинг ичимизда, журналистлар ҳамжамиятида тартиб
ўрнатишимиз, ўртадаги ёлғон, сохтакорлик, маддоҳликни тугатишимиз лозим. 26
июнда ТВ орқали намойиш этилган “Муносабат” кўрсатувида янграган ёлғон хусусида
анча гапирилди ва яна гапирилади. Ўта уятли ҳолнинг гувоҳи бўлдик. “Халқ сўзи”
ва “Жамият” газеталарининг катталари кўзларини лўқ қилиб, “бизда мажбурий обуна
йўқ, қани ким кимни мажбур қилибди, айтинг”, дея асабийлашганликларини кўриб,
кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Шу ҳам гапми?! Ахир, болалар боғчаси
тарбияланувчиларидан бошлаб пенсионерларгача, барча ташкилоту муассаса
ходимлари мажбуран обунага
тортилаётганлигини яшириш мумкин эмаску! Нега ўша мутасаддилар ёлғон орқали
ўзини оқлашга интилди?
Мажбурий обуна ҳақида гапириш билан чекланмасдан, унинг қандай
ўтказилаётганлиги ва обуна бўлганларга газетаю журналлар квитанция бўйича
етказиб берилмаётганлиги устидан журналист текшируви олиб бориш долзарб муаммо
бўлиб турибди. Бир йил-икки йил ишлаб, мажбурий обуна фронтида “жонбозлик”
кўрсатган фирмалар фаолиятини текшириш кўп нарсага ойдинлик киритиши турган
гап. Энг аввало, йиғилган пулларнинг қанчаси хазинга топширилаётганлиги,
обуначилар сони ҳақида ҳокимликларга берилаётган маълумот қанчалик тўғрилиги
аниқ бўларди.
Қурилиш соҳасида, тендеру кимошди савдолари ўтказилиши жараёнида,
бюжетдан ажратилган маблағлар ҳисобида турли маҳсулотлар харид қилишда
шаффофликни таъминлаш, шубҳали ҳолларда журналист текширувини олиб бориш
коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Профессионал ташкилот кимни ҳимоя қилади ёхуд танловсиз
“танловлар”
Тўғрисўз журналистни ҳимоя қилишда демократик давлатларда профессионал
уюшмалар катта жонбозлик кўрсатади. Аслида ҳам бундай жамоат ташкилотлари
корпоратив манфаатни ҳимоя қилиш мақсадида тузилади. Улар ўз вазифаларини
журналистика ва журналистнинг муаммосини ҳал этишда деб тушунишади. Касб
этикаси талабларини бузган журналистга танбеҳ бериш, уни ноҳақ ҳужумлардан
асраш ҳам уюшма вазифаси саналади.
Бизда чи? Журналистлар ижодий уюшмасини жамоат ташкилоти сифатида қабул
қилиш мумкинми? Керак бўлган пайтда уюшма журналистни ҳимоя қиладими ёки давлат
амалдори айтганини бажарадими? “Олтин қалам” ва турли танловларнинг натижалари
ҳар йили жамоатчилик орасида қанча гап-сўз бўлишига қарамасдан, бу йилги
танловлар ҳам қайси мезонлар асосида ўтказилганлигини ҳеч ким билмайди.
Тошкентда ишлаётган касбдошларим бу йил талаб ўзгача бўлишини, “Олтин
қалам”га мақолаларимни жўнатишни таклиф қилишди. 10та танқидий-таҳлилий
мақолаларимни танлаб, Журналистлар ижодий уюшмасига шахсан топширдим. Ишончим
комилки, танлов ўтказаётганлар мақолаларимни очиб ҳам кўрмаган. Ўша
танишларимдан бирининг айтишича, у бечоралар ҳам нима қилсин: “тепа”нинг
топшириғини бажарган. Том маънодаги танлов бўлганлигини ҳам ҳеч ким билмайди.
Қани шаффофлик?
Танлов шартида шундай сўзлар бор эди: “миллий ва халқаро
журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари
фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда
танқидий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш
мақсадида “Олтин қалам” ХII Миллий мукофоти учун
халқаро танловни ўтказади”.
Боз устига танлов 3-май – Жаҳон матбуоти
эркинлиги кунига бағишланган эди. Энди
холислик билан мушоҳада қилиб кўрайлик:
танловда ғолиб деб топилган қайси
муаллифни эркин матбуот ғояларига содиқ деб айтиш мумкин? Кимда танқидий
мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувлар шаклланганлигини кўрдик?
Демократик мамлакатларда эътиборли танловлар жамоат ташкилотлари томонидан ўтказилади. Давлат амалдорлари, улар девондами ё бошқа жойда ишлашидан қатъий назар, танлов натижасига таъсир қила олмайди. Яъни давлатнинг ўзи танлов ўтказиб, ўзига қарашли нашру агентликларни тақдирламайди. Тақдирланганлар эса касбдошлари ва жамоатчилик олдида обрўйини йўқотади.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
(Давоми бор)
“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоат” бўлими,
18.07.2017
Комментариев нет:
Отправить комментарий