Тўртинчи мақола
Нима қилмоқ
керак?
Одамзод бор экан, ушбу саволга жавоб ахтарилган. Айниқса, кучли
бўҳронлар ва ўтиш даврларида бу савол алоҳида долзарблик касб этган. Биз ҳам
туб бурилиш остонасида, жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётида ҳал қилувчи босқичда
туриб, бундан буёғига қандай йўл тутиш ва нима қилмоқ кераклигини аниқ белгилаб
олмасак, эртага кеч бўлиши мумкин.
Жумладан, журналистикамиз ривожи йўлида амалга оширадиган ишларимизни
аниқлаб, режа тузиб, шу асосда ҳаракат қилишимиз зарур. Бу хусусда айрим
мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Чунки мақола танқид, таҳлил ва таклиф
триадасидан иборат бўлишли лозимлигидан хабардорман.
Биринчи навбатда ОАВ ишларига, таҳририятлар фаолиятига четдан, хоҳ у юқоридан бўлса,
хоҳ пастдан, аралашишга йўл қўймаслик керак. Қўйинг, улар қонун доирасида
ишлайверсин.
Иккинчи масала. Газета бош муҳаррирларини муассис ва жамоанинг ўзи танласин. У катта
ёшдаги таниқли шоир ёки ёзувчи бўлиши шарт эмас. Шуни тушуниш вақти келдики,
поэзия ёки проза ва журналистика бир нарса, яъни бир хил ижодий фаолият тури
эмас. Балки бундан 40-50 йиллар аввал журналистлар унча кўп бўлмаган пайтда ўз
ижоди билан танилган шоир ва ёзувчилар бош муҳаррирликка тавсия этилгандир? Бу
ўша вақтда ўзини оқлагандир ҳам.
Шўролар замонида вазифаси тарғиботчи ва ташкилотчи сифатида талқин
этилган матбуот тегишли партия ташкилотининг қаромағида эди. Бош муҳаррир ва
таҳририятга мунтазам кўрсатма бериб туриларди. Бош муҳаррир шоирми, ёзувчими
фарқи йўқ эди: саводли одам бўлса,
партия қўйган вазифаларни вақтида бажарса, шу етарли эди. Лекин энди замон
ўзгарди, журналистика мезонлари ўзгарди, ОАВга бўлган талаб ҳозир ўтган
асрдагига нисбатан умуман бошқача. Эндиликда нафақат ОАВнинг раҳбари, балки ҳар
бир ходими ҳам замонавий журналистика талабларидан хабардор бўлиши лозим.
Учинчи масала. Ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари тизимида оғир вазият вужудга
келган. Масалан, эртага давлатимиз раҳбари “бўлди, бас, энди ҳеч ким ташқаридан
журналистлар ишига аралашмасин, уларга мустақил ишлашга имкон берайлик” деса,
нима, вазият бирданига яхши томонга ўзгарадими? Йўқ, албатта! Йиллар давомида
ўзини ўзи цензура қилиб келганлардан, ваҳимаю ҳадиксираш билан яшаганлардан
янгича, замонавий иш тартибига ўтишни кутиш жуда оғир. Бизга янгича
фикрлайдиган, журналистика вазифасини жаҳон стандартларига мос тушунадиган
ёшлар керак. Бундайлар ҳозир ҳам бор. Фақат уларга йўл бериш лозим. Янгиларини
тайёрлаш учун халқаро экспертлар ёрдамида семинар ва тренинглар ташкил этиш
зарур.
Ишни кўп йиллар давомида ўтириб қолган ва ўзини ОАВга мутасадди деб
тушунадиган амалдорлардан ҳамда газета, журнал, радио ва ТВда бош муҳаррир
вазифасида бўлиб, ҳақиқий ижоддан узоқлашган, ўзини тўраларча тутадиганлар
хизматидан воз кечишдан бошлаш керак.
Тўртинчи масала. Журналистикамиз ривожу равнақига бағишланган нашр зарурлиги яққол
билиниб турибди. Йиғилиб қолган долзарб муаммоларни муҳокама этиш, соҳанинг
жаҳон талаблари даражасига кўтариш, энг асосийси, аҳолимиз ишончини қозониш
учун қилиниши лозим бўлган вазифаларни ёритиб бориш учун ҳам газета ёки журнал
керак. Яқинда шу ҳақда касбдошлар орасида фикр билдирганимда, улардан бири
“Ҳуррият” газетаси бор-ку, яна янги нашрнинг, отриқча даҳмазанинг кимга кераги
бор, деб қолди.
Дарҳақиқат, мустақил газета номига эга бўлган “Ҳуррият” бундан 20 йил
аввал ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни, журналистика муаммоларини,
суд-ҳуқуқ мавзусини мунтазам ёритиб, муштарийлар оғзига тушган эди. Деярли ҳар
бир сонида соҳанинг у ёки бу томонига бағишланган таҳлилий мақолалар бериб
бориларди. Кейинги йилларда бу газетанинг бошқа “отахон” (ёки “онахон?”)
шерикларидан фарқи қолмади.
Шу сабабли ушбу мустақил нашр амалда мустақил бўлиб, журналистика
муаммоларини очиқ муҳокама қила бошласа, мақсадга мувофиқ бўларди. Акс ҳолда,
бу вазифани бажариш учун янги нашрга асос солиш зарур.
Бешинчи масала. Журналистларнинг амалда мустақил профессионал ташкилоти керак. Унинг
атрофида жонкуяр касбдошларимиз йиғилса, шу йўл билан ОАВ кенгликларидаги
тарқоқликка барҳам берилган бўлармиди? Соҳадаги барча муаммолар аввал ташкилот
ичида мутахассислар иштирокида кўриб чиқилса, сўнгра мустақил нашр орқали
касбдошлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ташланса, умумий аҳвол яхши томонга
ўзгарармиди?
Ташкилотга, унинг раҳбарияти таркибига мутахассислиги юрист бўлиб, айни
пайтда журналист ёки блогер сифатида фаолият кўрсатаётганларни ҳам жалб қилиш
лозим.
Олтинчи масала. Ҳаққоний фикр ўз вақтида айтилиши керак. Тўғри сўз қайсидир катта
амалдорга тегиб кетишадан қўрқиб, айтилмасдан қолган тақдирда,
хато-камчиликнинг чуқур илдиз отиб
кетишига олиб келади. Мана, иккита мисол, ўзингиз хулоса чиқаринг. Ўша вақтда
Самарқанд давлат музей қўриқхонаси бош директори вазифасида ишлаган Нўъмон
Маҳмудов 2004 йилда нашр этилган “Ислом” энциклопедиясидаги хато ва
ноаниқликлар кўрсатилган мақоласини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига
юборади. Анча вақт давомида жавоб бўлмагач,
муаллиф таҳририятга қўнғироқ қилади.
Унга хатолар тўғри кўрсатилганлиги, амма китобнинг масъул котиби жуда юқорида
ишлаётган амалдор бўлгани учун мақолани чоп этишнинг иложи йўқлиги маълум
қилинади.
Иккинчи мисол. Тарих ва адабиётнинг билимдони самарқандлик журналист
Миршариф Хўжаев Давлат мукофотиги сазовор бўлган романни таҳлил қилиб, ундаги
жиддий камчиликлар кўрсатилган мақоласини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетасига, ундан сўнг “Шарқ юлдузи” журналига тақдим этади. Таҳририятдагилар мақолани
чиқаришдан қўрқишади. “Романдаги камчиликлардан давлат раҳбари хабар топса, уни
мукофотга тавсия қилганларнинг ҳоли нима кечади”, деган мулоҳаза билан
одамгарчилик қилган бўлишади ўзларича улар.
Еттинчи масала. Ҳур фикрли ижодкорлардан қўрқмаслик керак. Аксинча, улардан, уларнинг
салоҳиятидан фойдаланиш зарур. Ўзим билган қатор кучли журналистлар ҳам ўзига
хос фикрлари билан, ҳам камтарлиги ва ҳалоллиги билан ажралиб туради. Биз бирга
халқаро анжаманларда қатнашганмиз, ўзимиз журналистлар учун тренинглар ташкил
этганмиз. Улар қаторида Карим Баҳриев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аъло Хўжаев, Юрий
Черногаев, Абдуқаюм Юшдашев, Амирқул Каримов ҳамда юдирик фанлари доктори,
профессор Гулчеҳра Маткаримоваларнинг номларини тилга олмоқчи эдим. Яна қанча
ҳақиқий ижодкорлар борки, улар турли жабҳаларда меҳнат қилишмоқда ва умумий
ишимиз ривожи йўлида улардан фойдаланиш мумкин.
Саккизинчи масала. Журналистлар тайёрлаш тизимин тубдан ўзгартириш вақти келмадими?
Камина АҚШнинг учта университетида бўлиб, у ердаги журналистика
факультетларидаги аҳвол билан танишганимда асосий эътибор амалиётга
қаратилганлигининг гувоҳи бўлган эдим.
Вилоятларда ОАВ ривожланиб бормоқда, лекин журналист тайёрлаш фақат
марказда амалга оширилмоқда. Жойларда бир йиллик курслар ташкил этишга жиддий
эътибор қаратмоқ зарур. Ҳа, ҳозир ҳам маҳорат мактаблари ишлаб турибди. Аммо
улардаги машғулотлар савияси қандай. Буни ким ўрганмоқда, таҳлил қилмоқда?
Тўққизинчи масала. ОАВ ходимларининг ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан суд тизими
вакиллари билан ҳамкорлиги ўта муҳимдир. Судьяларнинг ОАВ қонунчилиги билан
яқиндан танишиб, уни чуқур ўзлаштириши келгусида ҳаққоний сўзи учун тазйиққа
учраган журналистнинг ишини адолат юзасидан кўриб чиқишга асос бўлади. Бу
масаланинг фақат бир томони. ОАВ билан яқин ҳамкорлик судлар учун ҳам зарур. Аслида
улар ҳам журналистлар каби ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишади. Уларнинг
жамиятда обрў-эътиборини ошириш учун амалга ошираётган ишларини ҳаққоний ёритишга
боғликлигини улар билиб олишлари керак.
Судлар фаолиятининг шаффоф бўлиши халқаро ҳужжатларда ҳам таъкидланган.
Жумладан, “Судьялар хулқ-атворига оид Бангалор принциплари”нинг 3.2 бандида
“Фақатгина одил судловни амалга ошириш етарли бўлмасдан, буни жамият учун очиқ
амалга ошириш лозим” эканлиги қайд этиб ўтилган.
Мавжуд қонунчилик доирасида судлар ва журналистлар ҳамкорлигини йўлга
қўйиш нафақат ҳар икки томонга, балки бутун жамиятимзга фойда келтиради.
Келгусида ОАВ ходимлари ва суд тизимининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақида алоҳида
материал тайёрлаш ниятим бор.
Ўнинчи масала. Газеталар сифатини тубдан яхшилаш, уларнинг ўқишли бўлиши учун
мажбурий обунага барҳам бериш лозим. Шунда мазмун учун нашрлар ўртасида рақобат
вужудга келади ва ҳар бир таҳририятнинг газета савиясини кўтаришдан бошқа иложи
қолмайди.
Ўн биринчи масала. Қатор халқаро ташкилотлар ёрдамида журналистлар учун энг долзарб
мавзуларда семинарлар, тренинглар ўтказиб, журналистиканинг жаҳон тан олган
талабларини, стандартларини ўзимизда кенгроқ жорий қилинишига эришиш муҳим
вазифалардандир. Алоҳида бош муҳаррирлар билан, янгилик ёзадиган журналистлар
билан, матбуот котиблари билан, журналистик текширув олиб борувчи ОАВ ходимлари
билан, шунингдек, “Ҳуқуқ-тартибот органлари билан журналистларнинг самарали
ҳамкорлиги”, “Коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг роли” каби мавзуларда
тренинглар ўтказишни таклиф қилган бўлардим.
Бу ишда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Конрад
Аденауэр фонди, Германия халқаро
ҳамкорлик жамияти, Словениянинг “Минтақавий мулоқот” каби халқаро ташкилотлар
ҳамда АҚШ ва бир қатор хорижий мамлакатларнинг элчихоналари ёрдамига таяниш
мумкин.
Ушбу таклифни билдиришга асосим бор деб ҳисоблайман. Чунки ўзим ҳам
1995-2006 йилларда халқаро ташкилотлар уюштирган семинар, тренинг ва
анжуманлардан нақ 100тадан кўпроғида қатнашганман. Анжуманларда чиқишлар ҳам
қилганман. Масалан, ЕХҲТнинг 2000 йилда Душанбе шаҳрида ташкил этилган халқаро
анжуманида “ОАВнинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги роли” мавзусида, 2002
йил Тошкентда “Оммавий ахборот воситалари ва коррупция” мавзусида ўтказилган анжуманда ҳам маъруза қилган эдим.
ЕХҲТ Академиясининг журналистлар учун тренер тайёрлаш бир йиллик
курсини тугатганим, Германия, АҚШда малака ошириб келганлигим журналистика
олдида турган вазифаларни маълум даражада ўрганишимга ёрдам берди. Шу туфайли
“Америка журналист нигоҳида”, “Матбуот ва демократия”, “Эркин фикр парвози”
рисолаларим дунёга келди.
Мақолам чўзилиб кетган бўлса узр. Ҳали яна айтадиган гапларим бисёр.
Айрим нарсалар ҳақида очиқ гапирмадим. Вақти келар, жонкуяр журналистлар, ОАВ
муаммоларидан хабардор бўлган, замонавий фикрлайдиган юристлар иштирокида
баҳс-мунозаралар ташкил этилар, балки.
Шунча гапдан хулоса шуки, мамлакатимизнинг бундан кейинги ҳаётида
маддоҳ журналистлар ва латтачайнар амалдорларга ўрин бўлмаслиги лозим. Нолойиқ
тўраю тўрачаларнинг мансаб курсисига ўтирмаслиги, у ерга чиқиб олганларини
жойига солиш ўтюрак, қонун билан ҳимояланган журналистларга ҳам боғлиқ.
Ёзганларим кимгадир тегиб кетган бўлиши мумкин. Шундайлар бўлса,
хафагарчиликни йиғиштириб қўйиб, у ёки бу ерда, орқаворотдан гап-сўз қилиб
юрмасдан, очиқ мунозарага чиқишларини таклиф қиламан. Биз, журналистлар, ўзимиз
ўзгара бошлаганимизни, баҳс-мунозара маданиятидан хабардорлигимизни,
ҳаётимизнинг барча йўналишлари бўйича юзага келган муаммоларни ҳал этишда ана
шундай йўл тутиш лозимлигини аҳолига кўрсатайлик.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий