понедельник, 24 июля 2017 г.

Маддоҳ журналисту латтачайнар амалдор кимга ҳам керак?

Учинчи мақола


Ахборот олиш имкониятлари қандай?

Журналист ўз фаолиятини амалга ошириши учун унга ахборот зарурлигини ҳамма билади. Ахборот олишни кафолатлайдиган қотор қонунларимиз мавжуд. Фақат журналист эмас, бурча фуқаролар ҳам бундай имкониятга эга эканлиги Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 29-моддасида “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” эканлиги таъкидлаб ўтилган.


Раҳбар ходимлар журналистларга баъазан тақдим этишни истамайдиган ахборот аслида кимники? У ўша амалдорнинг мулкими? Бу ҳақда таниқли иқтисодчи олим, Нобель мукофоти лауреати Жозеф Стиглец шундай фикр билдирган: “Давлат хизматчилари томонидан бюжет маблағлари ҳисобига тўпланган ахборот халқникидир. Бу интеллектуал мулкни хусусий мақсадларда фойдаланиш жамоатчилик мулкини ўзлаштиришнинг бошқа ҳолатлари каби жиддий жиноятдир”.

Шу ернинг ўзида аксарият тўралармизга ёқмайдиган бир саволни ўртага ташлаб, жавобини ҳам бермоқчиман. Аслида амалдор ким, у хоҳлаганини қиладиган, жумладан, халқнинг ителлектуал мулки бўлган ахборотдан ўзи билганича фойдаланадиган амал курсисидаги шахсми? Асло! Ушбу саволнинг жавоби қуйидагича: Амалдор хоҳлаганини қиладиган мансабдор бўлмасдан, давлат ўрнатган қонун доирасида амал қилиши лозим бўлган ёлланма ходимдир.

Афсуски, ҳали бизда “тепа”да ҳам, “паст”да ҳам ушбу аксиомани англаб, шунга мос ҳаракат қиладиганлар кўп эмас. Боз устига барча тўраларимиз ҳам бу ҳақиқатни ҳазм қила олишмайди. Шу фикримизни айни пайтда бизни қизиқтираётган муаммо – ахборот олиш имконияти мисолида кўриб чиқайлик.

Шу вақтгача журналистлар билан мунтазам учрашиб, уларга керакли ахборотни беришлик давлат органлари, турли идора ва ташкилот раҳбарларининг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб келмоқда эди. Мисолларга мурожаат қилайлик. Бундан 20 йилча аввал Самақарқанд вилоят ИИБ бошлиғи ташаббуси билан йилнинг ҳар чорагида матбуот анжумани ўтказиб туриларди. Шундан сўнг бу ишни вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ҳам бажарадиган бўлди. Бу тажриба бир неча йил давом этди ва фақат ушбу ташкилотларга бош бўлган  раҳбарларнинг ташаббусига асосланди.

Бундан уч йил олдин Самарқанд вилояти ҳокимининг кўрсатмаси билан барча ташкилот ва муассаса раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган матбуот анжуманларининг йиллик рўйхати тузилиб, амалдорларнинг журналистлар билан учрашуви мунтазамлик касб этган эди. Ушбу учрашувлардан ташқари ҳам раҳбарлар билан алоқада бўлиш, ахборот олиш имконияти кенгайган эди. Аммо вилоят раҳбари ўзгариши билан аҳвол бошқача тус олди. Амалдорлар билан журналистлар учрашувида ярим йил узилиш бўлди. Шунда биринчи раҳбарнинг оммавий ахборот воситаларининг роли ва ўрнини аниқ тушуниши қанчалик муҳим эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик.     

Бежиз Президент Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда Самарқанд вилоятида кейинги олти ой ичида юзага келган вазиятга баҳо бериб, вилоят ҳокими билан ОАВ орасида узилиш вужудга келганлигини таъкидламаган бўлса керак?!  

Демократик жамиятларда аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқидан бемалол фойдалиниши эркинликнинг муҳим тамойилларидан саналади. Чунки хабардорлик даражаси юқори бўлган фуқаролар қонуну қарорлар қабул қилиниши жараёнида фаол иштирок этишади. Бундан ташқари, ахборотнинг жамиятда кенг тарқалиши ҳокимиятнинг барча бўғинлари ҳисоботдорлигини ҳамда давлат ва бошқарув органлари шаффофлигини таъминлайди. Яна бир эътиборли томони шундаки, ахборот олиш ҳуқуқидан фойдалана оладиган оддий киши ҳам кундалик ҳаётида дуч келадиган муаммони осонлик билан ҳал қила олади.  

Ўзимиз ўзгармасак, ҳаммаси эскилигича қолиб кетаверади

Ҳар биримиз ўзлаштириб олишимиз зарур бўлган ҳақиқат шундан иборатки, ўз-ўзидан ҳеч нарса ўзгармайди, эскича қарашлару тепса тебранмаслик билан янгиланишга эришиб бўлмайди. Боқимандалик кайфиятидагилар ўта бефарқ ва лоқайд кишилар бўлиб, уларнинг ўзлари ҳам ўзгармайди ва улар жамиятда бирор бир ўзгариш қилишга қодир эмас. Улар фақат кутиб яшашга, тайёрига айёр бўлишга ўрганиб қолишган. Умуман, ҳали кўпчиликда патерналистик кайфият ҳукмрон десак, муболаға бўлмайди. Ижтимоий қарамлик кайфиятида юрганлар учун патернализм жуда жозибали тизимдир. Бундай шахслар ҳамма нарсага давлат масъул, у бизни ҳимоя қилиши, биз ҳақда ғамхўрлик қилиши, бизни боқиши керак деган ақида билан юришади. Улар ўзларидан ҳар қандай масъулиятни соқит қилиб, фақат давлатга суянишади.

Яқинда хорижлик бир сиёсатшунос Ўзбекистондаги янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, ички сиёсатга нисбатан ташқи сиёсатда катта силжишлаш мавжудлигини уқтирган эди. У  ички аҳволнинг қийинчилик билан ўзгариши аҳолининг патерналистик менталитети билан боғлиқ деган фикрни ўртага ташлаб, охирида шундай хулоса билдирган эди: “Ўзбекистонда президент янги, аммо халқ қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетмоқда”.

Ижтимоий қарамлик, “давлат менга қараши керак” қабилидаги боқимандалик кайфиятидан халос бўлиш вақти келди. Лоқайдликнинг баҳридан ўтиб, ташаббускор бўлсак, оқни оқ, қорани қора деб, олдинга қараб интилсак, янгилик яратсак, фақат шундагина бутун мамлакатимизда туб ўзгаришлар амалга ошиши мумкин, халқимизга мос ҳаёт тарзига эриша оламиз.

Президент Шавкат Мирзиёев касб байрамимиз муносабати билан йўллаган табригидаги қуйидаги сўзларга эътибор қаратмасликнинг иложи йўқ: “Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман”.

Шукрлар бўлсинки, ёпиқ қозон ёпиқлигича қоладиган вақтлар ўтиб кетмоқда. Энди информация тез ва ошкора тарқалмоқда. Гапим “Фалончи Фалончиевичга” тегиб кетади деб, мулоҳаза қилиб ўтириш пайти эмас энди. Ишонч билан айтиш мумкинки, маддоҳлар ва маддоҳизм даври тугайди. Йиллар давомида маддоҳлик қилиб келганларни журналистикамиздан, биринчи навбатда ТВдан тезроқ ковушини ўнглаб қўйиш фурсати келди.

Латтачайнар амалдорлар хусусида шуни айтиш мумкинки, уларга ОАВнинг чиқиши ёқмаслиги мумкин. Аслида ҳақиқий журналист кимгадир ёқишга интилмайди. Билган, кўрган, эшитганлари кўпчиликни қизиқтирадиган ёки ижтимоий аҳамиятга молик хабар бўлса, уни яхшилаб текшириб, оммага етказади. Бунинг учун амалдор ўз тушунчасию мезонидан келиб чиқиб, журналистни таъқиб этиши бемаъниликдир. Бундан кейин бу каби ҳолатларга керакли баҳо берилиши лозим ва бундай худбин амалдорларнинг жойи қаерда бўлиши аниқ кўрсатилиши шарт.

Яқинда касб байрамимиз муносабати билан ташкил этилган ўтириш тугаганидан сўнг бироз ширакайф бўлган 70 ёшлардан ошган бир касбдошим “биласизми, сизни кўпчилик ёқтирмайди”, деди. “Ҳа, буни биламан. Ахир, бу яхши-ку!” деганимда, суҳбатдошим ҳайрон бўлди. Мен унга бунинг сабабини тушунтирдим: “Одам ҳаммага бир хилдай ёқиши мумкин эмас. Қандай қилиб бир вақтнинг ўзида юксак маънавиятли, юрагида чўғи бор, ёниб яшайдиганларга ва қўрқоқ, лоқайд, ташаббуссиз, лаганбардорларга маъқул бўлиш мумкин?”. Фақат принципсиз, бетутуруқ шахсгина бунга интилиши мумкин.

Мисол тариқасида ўз принципига содиқ қолган ҳамкасбимиз тўғрисида икки оғиз сўз айтмоқчиман. “Бекажон” газетасидаги Каримберди Тўрамуродовни кўпчилик билади. У киши ТВда чиқиб, “отахон” газета каттасига очиқчасига мажбурий обуна борлигини исботловчи мисоллар келтирганидан ҳам хабардор бўлсангиз керак. Ўша воқеадан бир кун олдин Тўрамуродовга “сиз энг катта фойда келтираётган ходимсиз, сизни бош муҳаррир этиб тайинлаймиз”, деган газета хўжайинлари кўрсатувдан сўнг уни ишдан ҳайдашди.

Маълум бўлишича, бунга уларни ҳеч ким мажбур қилмаган экан. Ходимнинг дадил чиқишидан сўнг таҳририятда текшир-текшир бошланади деган хаёл билан у ишдан четлаштирилган. Икки ҳафта ўтгач, юқоридан ҳеч ким индамаганидан сўнг, раҳбарият журналистга келиб ишини давом эттириши мумкинлигини билдиришган. Лекин унга аввалгидан анча кам маош таклиф қилишган. Бундай камситишга дош беролмаган Тўрамуродов ишни давом эттиришдан воз кечган.

Хулоса: бундай ориятли, ўз принципларига эга шахс кимгадир ёқишга умуман интилмайди ва тўғри қилади. Ўзгариш, ривожланиш, тараққиёт мана шундайлар туфайли амалга ошади. 


Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

(Давоми бор)


“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоат” бўлими, 24.07.2017 

Комментариев нет:

Отправить комментарий