пятница, 29 сентября 2017 г.

Талабалар пахтадан қайтарилганда, нега мени табриклашди?

Халқ таълими, соғлиқни сақлаш тизимлари ходимлари ва талабалар пахтадан қайтарилган кун СамДУ доценти Абдулла Қувватов менга қўнғироқ қилиб, табриклаб кетди. Мен аввалида ҳайрон бўлиб, “нима қилди, нега мени табриклаяпсиз” деганимда, домла “пахтага “ҳашарчилар” чиқарилишига қарши очиқ чиққанлар орасида сиз ҳам бор эдингиз.”, деган жавоб қайтарди.


Суҳбатдошим бундан 18 йил олдинги воқеани эслатди. Ўшанда Қувватов бошчилигида СамДУ домла ва талабалари, ҳаммаси бўлиб 20 киши, камина бош муҳаррир бўлган “Самарқанд” газетасига пахта йиғим-теримида талабалар иштирокининг салбий томонлари таҳлил қилинган мақола жўнатган эди. Газетанинг 1999 йил 18 сентябрдаги сонида эълон қилинган бу мақола ундан бир ҳафта олдин чоп этилган “Пахта ва талаба” мақоласига акс-садо сифатида ёзилган эди.  

“Ҳар икки мақола ўшанда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Чунки бундай мазмундаги мақолани бирорда газета чиқаролмасди – дейди Қувватов. – Мақола остида имзо қўйган ўқитувчи ва талабаларни ректор бошчилигида вилоят ҳокими ҳузурига таклиф қилишган эди. Бизни қаттиқ жазо кутарди. Лекин катталар қандайдир зарур юмуш билан банд бўлиб, бизни эсларидан чиқаришди”.

Ўша вақтдаги вилоят ҳокими Самарқанд шаҳар ҳокимига (газета муассиси шаҳар ҳокимлиги эди) “зарарли” мақолаларни чоп этгани учун газета бош муҳарририни жазолашни буюрганини вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаган мулозимдан кейинчалик эшитган эдим. Шаҳар ҳокими Азиз Носиров тушунган одам бўлганлиги боис бу ҳақда менга умуман оғиз очмаган эди.

2014 йилда яна бир марта пахта билан боғлиқ масалани кўтаришга тўғри келди. Ўшанда коллеж ўқувчиси бўлган 16 ёшли неварамни пахтага юбормаган эдим ва бунда 18 ёшга тўлмаганларни пахта йиғим-теримига жалб этиш ноқонуний эканлигини кўрсатувчи ҳужжатларга асосланган эдим. Шу билан мамлакатимизда аксарият шундай ҳужжат борлигидан огоҳ бўлишган эди ва ёш фарзандларини пахтага жўнатишмаган эди.

Тиниб тинчимас, куйинчак инсон Абдулла Қувватов эслатгани туфайли ўтган воқеаларни хотирлаб, ҳа, тўғри йўлдан тоймасдан, ҳаракат қилайлик, ахир, ҳеч нарса ўз-ўзидан юз бермайди-ку, дегим келди.

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий