понедельник, 11 декабря 2017 г.

Самарқанд шаҳар тиббиёти – факт ва рақамларда


Самарқанд шаҳрининг ярим миллионлик аҳолисига 19та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатади. Уларда 1113 нафар врач, 2588 нафар ўрта тиббиёт ходими, 814 нафар кичик ва 433 нафар бошқа тиббий ходим меҳнат қилмоқда. Шаҳарда 1005та шифо ўрини мавжуд  бўлиб, улардан 64таси хўжалик ҳисобида фаолият юритмоқда.


Шу ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб рақамларни шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олмос Элбобоев Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси кунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда қилган чиқишида тилга олиб ўтди. Нотиқ ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли саломатлигини яхшилаш, арзон ҳамда сифатли дори-дармон воситалири, тиббиёт буюмлари еткзиб беришни тизимли йўлга қўйиш мақсадида қабул қилган қарору фармонлари ҳамда соҳани ривожлантиршга бағишланган йиғилашларда ўртага қўйган вазифалар шаҳар миқёсида қандай бажарилаётганлиги ҳақида батафсил сўз юритди.

“Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга қилган ташрифи давомида берган топшириқлари бўйича Самарқанд шаҳридаги оилавий поликлиникалар тузилмасига ўзгартиришлар киритиш, шаҳар аҳолиси ўсиб бораётганлигини ҳисобга олиб, яна учта оилавий поликлиника ташкил қилиш ва улардаги тор соҳа мутахассислари таркибини мувофиқлаштириш бўйича қатор вазифалар амалга оширилди ва бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда”, – деди жумладан О.Элбобоев.

Конституция куни арафасида бир сменада 480 ташрифга мўлжалланган 2-сон оилавий поликлиника тўла реконструкция қилинган ҳолда, янги замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди. Сўлим қўрғонидаги 10-сон оилавий поликлиникаси филиалининг бир сменада 100 ташрифга мўлжалланган янги биноси қурилишини 2018 йил Инвестиция дастурига, Фарҳод шаҳарчасидаги 6-сон оилавий поликлинкаси филиали ҳамда Кимёгарлар қўрғонидаги 10-сон оилавий поликлиникасининг янги биноси  қурилишини 2019 йилнинг Инвестиция дастурига киритилиши мўлжалланган.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш мақсадида шаҳардаги барча 11та оилавий поликлиникага “Дамас” санитар автомашиналари олиб берилди. Бундан ташқари, 33та тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб турибди.

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Президентнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ҳаётга тадбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар хусусида ҳам сўз юритди. Уқтирилишича, шаҳарда 147та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Улардан 19таси 256 ўринга эга стационарлардир. Хусусий тиббиёт муассасаларида 372 нафар шифокор ва 531 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.

Юқорида келтирилган рақамлар соҳада жорий йилда сезиларли миқдор ўзгаришлари юз берганлигидан далолатдир. Асосий кўрсаткичлардан бўлган давлат томонидан ажратилган маблағ суммаси ҳам ошган. Бу йил шаҳар соғлиқни сақлаш тизимига ўтган 2016 йилга нисбатан 5,4 фоиз кўпроқ пул берилган.

Албатта, барча ўзгаришлар аҳоли эҳтиёжини қондиришга, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Хўш, оддий фуқаро бўлаётган ўзгаришларни қанчалик ҳис этмоқда? Миқдор ўзгаришлари сифат ўзгаришларига олиб келдими? Сифат ўзгариши инсон омили билан боғлиқлиги боис ҳали бу йўналишда қилинадиган ишлар кўплигини тан олиш лозим. Бу ҳақда алоҳида сўз юритиш ниятимиз бор.

Юқорида таъкидланганидек, келтирилган рақамлар Бош қомусимиз қабул қилинганлигига 25 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган йиғилишда шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олмос Элбобоев томонидан тилга олиб ўтилган эди. Йиғилиш сўнгида бирлашмада самарали фаолият кўрсатаётган ходимларга Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.


Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, йиғилиш яқинда қуриб битказилган кенг ва ёруғ, янги жиҳозлар билан безатилган мажлислар залида ташкил этилди.  Бинонинг қурилиши ва керакли жиҳозлар сотиб олиш учун тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан 60 млн. сўм сарфланган.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Муаллиф туширган суратлар


“Новости Узбекистана” сайти, 11.12.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий