понедельник, 16 апреля 2018 г.

Самарқанд: касаба уюшмалари фаолиятини кенг тарғиб қилишда ОАВ билан ҳамкорлик муҳимлиги таъкидланди




Касаба уюшмалари фаолиятидан қанчалик хабардормиз? Мамлакатимизда ўзи бу ташкилот нималар билан шуғулланмоқда? Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлида бирор бир амалий иш бажаряптими ёки фақат дам олиш уйлари ва санаторийларга йўлланма тарқатиш билан чекланмоқдами?


Ўзимиздан ёки атрофдагиларимиздан ушбу саволларга бир жўяли жавоб чиқиши амри маҳол. Чунки касаба уюшмалари яқин вақтларгача ўзи билан ўзи овора бўлиб қолаётган эди ва қандай ишлар билан шуғулланишини кўпчилик деярли билмасди. Самарқандда кейинги пайтларда вазият ўзгара бошлаганлигини кузатиш мумкин. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ўз йиғилишларига оммавий ахборот воситаларини таклиф этиб, ўз фаолияти ҳақида аҳолини очиқ-ойдин хабардор қилишга киришди.  

Журналистлар иштирокида ўтган ана шундай йиғилишлардан бири 13 апрелда чақирилди. У раёсат йиғилиши бўлиб, унда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2018 йил 1-чораги давомида амалга оширган ишлари муҳокама этилди.

Йиғилишни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов бошқарди. У ўзининг кириш сўзида ташкилот олдида турган вазифаларни бажаришда ходимларнинг масъулияти ҳақида гапириб, бир неча марта ошкоралик, очиқлик, ҳалоллик сўзларини тилга олиб ўтди. Ходимлар малакасини мунтазам ошириб бориш орқалигина жамоат назоратини амалга оширишдек муҳим вазифани уддалаш мумкинлигини уқтирди.
 
Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Акбар Қодиров амалга оширилган ишлар ҳақида гапирар экан, ўз сўзини “касаба уюшмалари кириб бормаган, иштирок этмаётган соҳанинг ўзи қолманлигини” таъкидлади. Нотиқ мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг аҳолига, ҳар бир фуқарога етиб бориши учун касаба уюшмаларининг ўрни беқиёслигини уқтириб, амалга оширилаётган ишлар ҳақида қатор аниқ мисоллар келтирди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги  бўйича жамоатчилик  назоратини ташкил этишда, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда, кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун ички туризм  ва  фаол дам олиш ишларини уюштиришда ҳамда қатор бошқа йўналишларда амалга ошираётган ишлари аниқ мисоллар ёрдамида очиб берилди.

Улардан айримларига мурожжат этайлик. Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантириш мақсадида Наврўз байрами муносабати билан 1278 ходим ва уларнинг оила аъзоларининг тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил этилди. Ушбу мақсад учун деярли 96 млн. сўм харажат қилинди. Чорак давомида ишчи-ходимларни соғломлаштириш учун санаторийларга 413та йўлланма берилди. Режа 136 фоизга бажарилди. 2108 йилги ёз мавсуми давомида 21 минг нафардан кўпроқ 7-14 ёшдаги болаларни соғломлаштириш режалаштирилган. Бунинг учун 2,2 млрд. сўмдан ортиқроқ маблағ йўналтирилади ва шаҳардан ташқари жойлашган 23та оромгоҳ тартибга келитирилади.  

Булардан ташқари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси давлат томонидан ажратилган 1,6 млрд. сўм маблағ ҳисобидан кам таъминланган оилаларнинг турар жойларини таъмирдан чиқаришда иштирок этмоқда, банклар томонидан қарз олувчиларга энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача йиллик 7 фоиз ставкада кредит ажратилишини, ижтимоий дорихоналар ташкил этилишини назорат қилмоқда.

Раёсат йиғилишида иштирок этган биз, журналистлар, касаба уюшмаларининг серқирра ва барча учун фойдали фаолиятидан огоҳ бўлиб, бундан кейин бу ҳақда аҳолини ҳам хабардор қилиш учун ушбу ташкилот билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Суҳроб Рафиқов йилнинг ҳар чорагида бир эмас, камида икки марта журналистлар учун брифинг ёки матбуот анжумани ташкил этиб туриш ташкилот фаолиятида ошкораликни таъминлаш ва амалга оширилаётган ишлардан аҳолини хабардор қилиб туришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Смарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 16.04.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий