понедельник, 22 декабря 2014 г.

Бу нимаси! Ўғрилик мачиту қабристонга ҳам кўчди

Буни қаранг-а! Мачит ва қабристонда содир этилган ўғриликларни эшитиб, ажабланмай қолдик. Хўш, қабристонга ўғриликка ашаддий мутаҳаммлар, каззоблар, спиртли ичимлик ёки наркотик таъсирида барча муқаддас туйғуларидан айрилганлар киради. Мачитдаги ўғриликка эса ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайдиган, иймон ва эътиқод ҳақида тинмай гапирадиган, Оллоҳ уйига намоз ўқиш учун  борадиганлар қўл урмоқда.
Маҳалламизда жойлашган “Еттигўр” қабристонига ўғри тушиши биринчи марта эмас. Гўрковларнинг хонасидаги қулфни бузиб, кетмон ва бошқа асбоб-анжомларни олиб кетишган. Шу ердаги мармар цехидан эса тош кесадиган дастгоҳу бошқа асбобларни ўмаришган.

 Мачитлардаги ўғрилик фақат муҳрлаган қуттилардаги пулларнинг йўқолиб қолиши ҳақидаги баъзида қулоққа чалинаётган гап-сўзлар билан чекланиб қолмаяпти. Намозга келганлар ўзларининг эски калишларини қўйиб, бировнинг янги пойабзалини кийиб кетаётганлари хусусида ҳам гап кўп.

 
Яқинда қўшнимиз гапириб қолди. Укаси билан жума намозига борган. Намоздан сўнг чиқиб қараса, янги калиши жойида йўқ. Кимдир адашиб кийган бўлса, келтириб қўяди деб кутган. Мачитдан ҳамма кетиб бўлгач қараса, бирор жуфт пойабзал қолмаган. Тақдирга тан бериб, укасига мачит ёнидаги дўкондан калиш сотиб келишини сўраган.

 
“Бу ҳали ҳеч нарса эмас, – деб қолди ҳалиги қўшнимиз. – Бундан ҳам қизиқ ҳангомани  эшитганман”. Унинг сўзларига қараганда, бир-бирини узоқдан танийдиган икки киши  жума намозини ўқиш учун вақтда кириб келган. Оёқ кийимларини ёнма-ён ечишган. Намоздан кейин улардан бири чиқиб қараса, янгироқ калиши ўрнига эски калиш турибди. Хаёлига бу ҳалиги танишининг иши бўлса керак деган фикр келибди ва унинг уйига равона бўлибди. Таниши энди хонасига кириб, калишни ёстиғи остига қўяётганлигини кўриб, “нима қиляпсиз, ахир бу мени калишим-ку”, деса бунга жавобан таниши “э, узр, адашибман”, дебди.

 
Тошпўлат Раҳматуллаев

 

 

 

 

 

                                                                                                                    

Комментариев нет:

Отправить комментарий