Бундан роппа-роса 20 йил аввал, 1994 йилнинг 24 декабрида профессионал
журналистикага кириб келган эдим. Шу куни “Самарқанд” газетаси камина имзоси
билан чиққан эди. Шундан 5 кун олдин мени шаҳар ҳокимлиги газетасига бош
муҳаррир этиб тайинлашган эди.
Ўшанда Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида ишлардим. Газетеда,
боз устига бош муҳаррир вазифасида ишлаш хаёлимда йўқ эди. Бу масалани
ихтиёримдан ташқари, ўзимдан сўрамаган ҳолда мени яхши билган дўстларим ҳал
қилишларини ҳам ўйламаган эдим. Буни қарангки, тақдирингиз, келажак ҳаётингиз
баъзан ўзингизга боғлиқ бўлмаган ҳолда бошқа томонга бурилиб кетиши мумкин
экан.
16 декабрь душанба куни эрталаб ҳузуримга Боғишамол туман ҳокимининг
биринчи ўринбосари вазифасида ишлаётган Муқумжон Орипов келиб, шаҳар ҳокимлигига
боришимиз кераклигини айтди. Сабабини сўраганимда, у “сизни ҳоким Азиз Носиров
кутиб турибди, “Самарқанд” газетасига муҳаррир тайинлашингиз бўйича суҳбатдан
ўтасиз”, деб қолди. Олдинига ҳайрон бўлдим, умуман кутилмаган бу таклифдан
ўзимни йўқотиб қўйишимга сал қолди. Ўзимга
келиб, бу гап қаердан чиққанлигини, ахир мен бир кун ҳам газетада ишламаган
бўлсам, қандай қилиб бирданига муҳаррирлик вазифасини бажара олишлигимни айтим.
Бунга жавобан Муқумжон шундай деди: “биз, сизни бу ишга таклиф
этганлар, имкониятингизни яхши биламиз. Албатта, бу вазифани эплаб кетасиз. Сизни
ҳоким ва у кишининг суҳбатига олиб кириш учун ўринбосари Илҳом Ваҳобович кутмоқда”.
Илҳом Рашидов билан Азиз Носиров ҳузурига кирдик. У илиқ кутиб олди. Ҳокимлик
газетаси муҳаррирлигига ярим йил давомида номзод ахтаришаётганлигини, лекин газета
уч тилда чиқаётганлиги учун маъқули топилмаётганлигини уқтириб, қуйидагиларни
айтди: “Сиз ҳақда яхши сўзлар эшитдим. Биламан,
матбуотда ишламагансиз, лекин вақтида вилоят ва республика матбуотида фаол
қатнашиб тургансиз. Бир уриниб кўринг. Республика ёшлар ташкилотига раҳбарлик
қилганимда, 17та газета ва журнал чиқарар эдик. Мен матбуот ишини тушунаман,
ишингизни кузатиб бораман”.
Ҳокимга эътироз билдириш имкони ҳам бўлмади. Бунинг устига у университетдаги
ишимни ташламаслигимни сўради. Бу сўзлар замирида “бир муддат кўрамиз, эплай
олмасангиз, бемалол ўқитувчилигингизни қилаверасиз”, деган маъно ётарди
назаримда.
19 Декабрь, душанба куни И.Рашидов ҳамроҳлигида “Самарқанд” газетаси
таҳририятига йўл олдик. У мени жамоа
аъзолари билан таништирди. Гезетанинг келгуси сони 5 кундан кейин, шанба куни
чиқиши керак экан. Шу дамдан бошлаб ишга киришдим. Таҳририят ходимлари билан
биргаликдаги ҳаракатимиз туфайли 24 декабрда газета биринчи марта имзоим билан
босилди. Шунгача узлилишлар билан чиқаётган газета, иккинчи марта бир ҳафтадан
сўнг, Янги йил арафасида чоп этилди. 1995 йилда эса газета ўз вақтида мунтазам
чиқиб турди.
Профессионал журналистикадаги фаолиятим ана шу тарзда бошланган эди ва
у йигирма йил давомида ҳаёт тарзимга айланди. Ўшанда ёшим 46га яқинлашиб қолган
эди. Оммавий ахборот воситаларида ишлаётган тенгдошларим 20 йил ва ундан
ортиқроқ иш стажига эга эди. Журналистиканинг нони қанчалик қаттиқ бўлишини
билгинлиги учун уларнинг аксарияти бу
соҳада умуман тажрибаси бўлмаган мен каби педагогнинг ишни уддалай олмасдан
тезда ташлаб кетишга мажбур бўлишимни башорат қилаётганликларидан хабардор
эдим.
Дўстларнинг, яқин кишиларнинг ишончини оқлашга бўлган интилиш менда
кучли эди. Аммо, биринчи навбатда, ўзимни “шу ишни бажариш қўлимдан келади” деб
ишонтирдим ва олдимга аниқ мақсад қўйиб, уни бажариш сари вақтимни ҳам, кучимни
ҳам аямадим. Таҳририят ишини ташкил қилишни ва журналистиканинг
икир-чикирларини синчиклаб ўрганишга ҳаракат қилдим.
Бунга олдинги йиллар давомида
газета ва телевидение билан ҳамкорлик қилганлигим жуда асқотди. Газеталарда анчагина
хабар ва мақолаларим эълон қилинган эди. Самарқандда 1991 йили мустақил
телевидение – СТВ ташкил этилишининг биринчи кунлариданоқ у билан ҳамкорлик
қилишга киришдим. СТВда тарих, маданият, иқтисодиёт масалаларига бағишланган
кўрсатувлар ташкил этган эдим. Булар, албатта, фойдали тажриба эди. Аммо кўп
йиллик касбий тажрибага эга бўлган журналистлардан иборат таҳририятни бошқариш,
газетада чоп этилаётган материалларни таҳрир қилиш, турли масалаларда мурожаат
этган кишиларни қабул қилиб, уларга тўғри жавоб қайтариш ва кўплаб бошқа ўзим
учун янги бўлган вазифаларни бажариш осон бўлмади.
Секинлик билан ҳаммаси изига кириб кетди. Оллоҳга шукрки, дўсту
душманлар ичида шарманда қилмади. Ҳаммаси бўлиб 6 ойдан сўнг ёзган мақолам
республикада тадбиркорлик муаммоларини ёритишга бағишланган танловда совринга
лойиқ деб топилди. Уч йилдан кейин эса камина Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши
журналисти” танлови ғолиблари сафидан ўрин олдим. Шундан сўнг қатор халқаро
танловларда ғолиб деб топилдим. 100дан ортиқ анжуман, семинар, тренингларда
қатнашдим. Чет элнинг илғор журналистикаси тажрибасини ўрганишим менга кўп
нарса берди. Газетамизнинг ҳам нуфузи ортди. Китобларим ҳам босилиб чиқди.
Умуман, журналисткадаги ҳаётим ҳақида вақти келиб алоҳида каттароқ
нарса ёзарман. Бу ерда шуни таъкидламоқчи эдимки, одам олдига мақсад қўйса, шунга
яраша интилса, мақсадига эришади. Бунинг учун керакли билим, ҳаракат ва журналистика
каби ўзига хос соҳада маълум миқторда жасорат талаб этилади.
Бугун ўзимга дахлдор бўлган ушбу юбилей санани ана шу кичик эсдалигим
билан нишонламоқчи бўлдим.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий