Ҳар йили 3 декабрь куни нишонланиб келинаётган Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Самарқанд шаҳрининг Боғимайдон-2 маҳалласида анъанага кўра хайрия тадбири ўтказилди. Шу куни эрталабдан маҳалла фаоллари ногиронлар ҳолидан хабар олишди, улар хонадонида бўлиб, совға-салом улашишди.
Маҳаллада 262та хонадон бўлиб, 500дан ортиқ оила
аҳилликда яшаб келмоқда. Бу ерда фуқаролар ўртасида оқибат кучли десак, хато
бўлмайди. Чунки ҳар қандай ишни маҳалладошлар маслаҳатлашиб ҳал қилишга ўрганиб
қолишган. Масалан, маҳалла марказидан ўтадиган кўчага бетон ётқазиш ва
ободонлаштириш ишларини амалга оширилганлиги ана шундай аҳиллик намунасидир. Турли
байрамларни бирга ўтказиш бу ерда одат тусига айланган.
Халқаро ногиронлар куни арафасида маҳалла фаоллари
маслаҳатлашиб, 12 нафар ногиронга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совға-салом
улашишга келишиб олишди. Бу ишга тадбиркорлардан Абдусаттор Аҳадов, Шокир
Қосимов, Мунис Ҳакимовлар ўз ҳиссаларини қўшадиган бўлишди. Ҳар бир оила учун зарур
бўлган маҳсулотлардан нон, ўсимлик мойи, тухум, шакар, макарон алоҳида
халтачаларга солиниб совға тайёрланди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Паҳлавон Хўжаев, диний-маърифий ва ахлоқий тарбия масалалари
бўйича маслаҳатчи Масуда Тўраева, маҳалла фаоли Комил Норқулов ногиронлар
хонадонида бўлиб, совғаларни топширишди. Шу билан бирга улар ўзларининг илиқ,
самимий сўзлари билан ногиронлар кўнглига йўл топишга ҳаракат қилишди.
Ногиронлар бундай муносабатга жавобан маҳалла аҳлига ўз
миннатдорчилигини билдиршди. Масалан, Дилафрўз Ҳамзаева шундай деди: “Маҳалламизда
шундай жонкуяр одамлар борлигидан хурсандман. Улар мунтазам ҳолимдан хабардор. Айниқса
ҳар бир байрамда, ҳайитларда хонаднимизга ташриф буюриб, кўнглимни кўтаришади”.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий