пятница, 30 сентября 2016 г.

АҚШ элчисининг маданий меросни сақлаш фонди 800 минг долларгача грант ажратиши мумкин

                  

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида навбатдаги матбуот анжумани (прессгап) бўлиб ўтди. Унда америкалик мутахассис Лаура Тедеско АҚШ элчисининг маданий меросни сақлаш фонди фаолияти ҳақида сўз юритди.

Лаура Тедеско археология ва антропология бўйича мутахассис бўлиб, кўп йиллар давомида Сурия, Фаластин, Италия, Кипр ва бошқа бир қатор ҳудудлардаги археологик қазишмаларда иштирок этган. Айни пайтда АҚШ Давлат департаментида фаолият юргизаётган Лаура Тедеско бундан аввалроқ Нью-Йоркдаги Метрополитен санъат музейида ишлаган.



Меҳмон ўз чиқиши давомида бу унинг Ўзбекистонга қилган биринчи ташрифи эканлигини ва у Тошкентдан ташқари Самарқанд, Бухоро, Нукус, Термиз, Фарғона, Хивада бўлганлигини уқтирди. Ташриф мақсадини эса қуйидагича изоҳлади: АҚШ элчихонаси ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги маданий мерос ёдгорликларини сақлаш дастурини ишлаб чиқиш.
                              
Лаура Тедесконинг таъкидлашича, ана шундай дастурни ишлаб чиқиш энди бошланмоқда ва унга нечта ва қайси ёдгорликлар киритилиши ҳозирча аниқ эмас. “Дастурга Ўзбекистондан икки ёки учта ёдгорлик киритилиши мумкин, – деди жумладан америкалик мутахассис. – Одатда ажратиладиган грантимиз суммаси 10 мингдан 800 минг долларгача бўлади. Ўртача олганда бир грант 200 минг долларни ташкил этади”.    

Маданий меросни сақлаш бўйича АҚШ элчисининг фонди 2001 йилда таъсис этилган. Фонд тарихий обидалар, санъат асарлари, қўлёзма ва музей коллекцияларини ҳамда мусиқа, рақс ва тил каби анъанавий ифода этиш усулларини сақлаб қолиш учун грантлар ажратади. АҚШ элчихонасининг маълумотларига қараганда, ҳозиргача ушбу фонд Ўзбекистондаги 11та лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун 450 минг долларга яқин маблағ ажратган.

Тошпўлат Раҳматуллаев


Муаллиф ва АҚШ элчихонаси фотолари   

Комментариев нет:

Отправить комментарий