Аҳолининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш тизимини янада
яхшилаш учун қандай йўл тутмоқ лозим? Жамиятимизда қонун устуворлигини амалда
таъминлаш борасида суд органлари ва адвокатлар нималар қила олишади? Бунда уларнинг
ўзаро ҳамкорлиги нечоғлик самарали бўлиши мумкин?
Ана шу ва бошқа саволлар Самарқандда суд тизими ходимлари ва адвокатлар
иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда
муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий
бошқармаси бошлиғи Отабек Аҳтамов “Адвокатуранинг такомиллашуви суд-ҳуқуқ
тизими ислоҳотларининг муҳим омили” мавзусида чиқиш қилди. Нотиқ ушбу
ислоҳотларни амалга оширишнинг муваффақияти судлар ва адвокатларнинг ўзаро
ҳамкорлигига ҳам боғлиқлигини уқтириб, ана шу йўналишда қилиниши зарур бўлган
ишларни санаб ўтди.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Маъруф Тожибоев ўз чиқишида суд-ҳуқуқ
тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳақида сўз юритди. Унинг уқтиришича,
вилоят суд органлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 июнда ўтказилган
видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш, тизимни
янада такомиллаштириш борасида билдирган фикрларидан келиб чиққан ҳолда тамоман
янгича иш услубига ўтган.
М.Тожибоев адвокатларга мурожаат қилар экан, шундай деди: “Биз суд
органларини ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш учун ҳаракат қиламиз ва бу
йўлда сизлар билан ҳамкорликдан умидимиз катта. Биз бир ёқадан бош чиқариб
ишласак, бу фуқароларимизга фойда
келтиради. Айниқса, ёш судьяларнинг адашмаслиги учун сизларнинг кўмагингиз
зарур”.
Йиғилишда сўзга чиққан Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси
вазифасини бажарувчи Акбарали Туробов ва бошқалар судья ва адвокатлар
ҳамкорлигини яхшилашга қаратилган фикр, мулоҳаза ва таклифларини ўртага
ташладилар. Бу ҳамкорлик аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш
учун ҳам кераклиги уқтирилди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Муаллиф туширган суратлар
Комментариев нет:
Отправить комментарий