вторник, 26 июня 2018 г.

Божхона тизимида тадбиркорлик ривожланиши учун нималар қилинмоқда?


Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда божхона тизимидаги мавжуд тартиб-қоидалар муҳим ўрин тутади. Аммо Давлат божхона хизмати органлари  фаолиятидаги айрим тартиб-таомилларнинг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган омиллардан эканлигини Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтган эди. 


Жумладан, мамлакатимизга кириб келаётган товарлар ҳар бир божхона режимида алоҳида-алоҳида текширилиши, бундай божхона режимларининг бир нечталиги, мамлакат ҳудудида битта юк бир неча маротаба текширилиши танқид остига олиниб, бундан ким манфаатдор деган ҳақли савол ўртага ташланган эди.

Хўш, бо борада қандай ўзгаришлар рўй берди? Бу саволга Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бош инспектори Фаррух Буронов батафсил жавоб қайтарди. Қуйида мутахассис фикрини келтирамиз.

Эндиликда мамлакатимизга олиб кирилаётган ва ундан олиб чиқилаётган товар ва транспорт воситалари фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида бир маротаба божхона кўригидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада, ТИФ қатнашчиси ва божхона органларининг товар ва транспорт воситаларини божхона расмийлаштируви учун сарфлайдиган вақти сезиларли даражада қисқаришига эришилди.

Кейинги пайтда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш хамда Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди. Бунда кўзланган мақсад тадбиркорлик субъектларига экспорт ва импорт операцияларини амалга ошириш учун қулайлик яратишдан иборат.

Тадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишлари, жумладан божхона соҳасига тааллуқли бир нечта турдаги рухсатномалар, лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари бирлаштириш йўли билан бекор қилинди. 2018 йилнинг 1 июндан бошлаб “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун бериладиган лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда бўлди. Шу вақтгач улар 5 йил муддатга берилар эди.

Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг, лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди. Бунда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномаси олингандан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт.

2018 йил 1 июндан бошлаб божхона ишига тегишли қуйидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди: товарларни вақтинча олиб кириш ва олиб чиқиш, товарларни йўқ қилиш, товарларни давлат фойдасига воз кечиш, товарларни реэкспорт қилиш, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш каби ишларга рухсат бериш кабилар. Авваллари бу жараёнга тадбиркорнинг камида 15 кун вақти кетар эди.

Маълумотларга қараганда, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бўйича 2017 йил давомида юқорида қайд этилган рухсатномаларни олиш учун тадбиркорлардан жами 1 065та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 1 016 тасига рухсатномалар берилган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлардан яна бир қатор фаолият турлари учун рухсатнома талаб қилиш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона хизмати органларидан батафсил маълумот олиш мумкин.

Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) томонидан тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида бир қанча норматив хуқуқий хужжатлар ишлаб чиқилди. Жумладан, экспорт қилувчиларни қўллаб-қуватлаш, уларга қулай муҳитни яратиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ДБҚ билан Россия, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари божхона хизматлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан ссоддалаштирилган божхона йўлаги тизимини жорий қилиш бўйича Битимлар имзоланди. Битим шартларига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганда, қабул қилувчи мамлакатда товарлар божхона кўригидан озод қилиниши белгиланган.

Ушбу тартиб тадбиркорлик субъектларига жуда катта қулайлик яратади. Энди тадбиркорлар ортиқча вақт ҳамда маблағ сарфламасдан, қисқа муддатларда товарларни реализация қилиш имкониятига эга бўлади.

Тошпўлат Раҳматуллаев ёзиб олди

Муаллиф туширган сурат

Комментариев нет:

Отправить комментарий