вторник, 5 июня 2018 г.

Самарқандда ёшларни терроризм ва экстремизм балосидан сақлаш масалалари муҳокама этилди


Самарқандда “Биз терроризм ва экстремизмга қаршимиз” шиори остида  ёшлар билан ўтказилган учрашувда айрим ёшларнинг билиб ёки билмасдан турли ёт оқимларга қўшилиб кетаётганлиги ва уларни бу йўлдан қайтариш учун олиб борилаётган амалий ишлар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда ёшларни бузғунчи ғоялар домидан сақлаб қолиш учун уларга, бир томондан, терроризм ва экстремизмнинг асл башарасини очиб бериш, иккинчи томондан, уларни муқаддас динимизнинг туб моҳияти билан чуқурроқ таништириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилаётганлигини уқтирди. Муқаддас динимиз, миллий қадриятларимиз, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотирасини, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётганлиги ҳақида  сўз юритди, қиёслаш учун мисоллар келтирди.
 
Истиқлолгача юртимизда 80га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42тани ташкил этмоқда. Авваллари саноқли кишиларгина ҳаж қилиш имкониятига эга эди. Энди эса ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келади. Жорий йилда 7200 нафар фуқароларимиз муборак ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўладилар.

Нотиқ яна бир ҳақиқатга урғу бериб ўтди. Айрим саводи паст бўлган ёшлар ўзини дин соҳасининг “билимдони” деган хорижликларнинг қуруқ сўзларига учиб, улар тарқатаётган ёт ғояларга маҳлиё бўлиб, уларга эргашмоқда. Аслида айнан  бизнинг минтақамиз, авваламбор, бугунги Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Ота-боболаримиздан қолган улкан меросни ўрганиш, жаҳон афкор оммасини у билан таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида Тошкентда Ислом маданияти маркази, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро маркази негизида Ҳадис илми Олий мактаби барпо этилмоқда.
 
Ачинарлиси шуки, турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам мавжуд. Афсуски, ҳалол меҳнат билан даромад топаман деб хорижга борган айрим фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмоқда. Биз уларни фақат қоралаш билан керакли натижага эриша олмаслигимизни тушундик.  Шу сабабли ҳаб бир ҳолат алоҳида ўрганилди ва хулосалар чиқарилди.

Бошқалар таъсирида ёки ёшлик қилиб, оқибатини билмасдан диний оқимларга кириб қолганлар, нотўғри йўлдан қайтган, адашганини англаб етган шахслар бўйича алоҳида ишлар олиб борилди. Натижада 1749 нафар фуқаронинг 1625 нафари махсус ҳисобдан чиқарилди. Уларнинг соғлом турмуш тарзига қайтишига кўмаклашиш, ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов Ғарб дунёсида кенг ёйилаётган “исламофобия” ҳақида сўз юритиб, ушбу жараённи муқаддас ислом динимизни ва мусулмонларни ёмон отлиқ қилишга уриниш деб таърифлади. Нотиқ ёшларимиз бир қатор муҳим атамаларнинг моҳиятини чуқур билмаслиги учун адашиб қолаётганлигини уқтирди ва қатор мисоллар келтирди. Жумладан, “ҳижрат”, “жиҳод”, “халифа”, “салафийлар” каби атамаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаган ёшлар хорижлик тарғиботчиларнинг айтганларига ишониб кетишмоқда. “Аслида ёшларимизни бошқа йўлга даъват қилаётганлар шайтон майларларидир”, – деди З.Эшонқулов.   
 
Тадбирда сўзга чиққан СамДУ докторанти Шохрух Жўрақулов, шу университет талабаси Дилрабо  Эргашева жамиятимиз аъзоларини терроризм ва экстремизм балосидан сақлаш учун талаба ёшлар ҳам масъул эканлигини уқтиришди. Яқинда бошланадиган таътил пайтида ҳар бир талаба ўз яшаш жойида бошқа ёшлар, тенгдошларини ушбу йиғилишда кўтарилган масалалар билан яқиндан таништириб бориши муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда вилоят ИИБ терроризм ва экстеримизмга қарши курашиш бошқармаси мутахассиси ҳам чиқиш қилди (яхшиси бу ёш ходимнинг исмини ошкор қилмайман). Биз, журналистлар, бошқа йиғилганлар ҳам унинг чиқишида аниқ факт ва рақамлар келтирилади, вилоятдаги вазият ҳақида мисоллар билан сўз юритилади деб кутган эдик. Афсуски, нотиқ беш дақиқага яқин чиқиши давомида умумий сўзлардан нарига ўтмади.   

Тадбир сўнгида Туробжон Жўраев яна бир марта ёшларга мурожаат этиб, шундай деди: “Ҳар бир кишининг ўз фикри бўлиши керак. Ўз фикриги эга инсон ўзганинг гапига кирмайди, бировнинг фикри билан яшамайди, ёт ғоялар домига тушиб қолмайди”.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий