пятница, 8 июня 2018 г.

Кўча тозалашга чиқарилдими ёхуд журналист бетараф ва ҳақиқатгўй бўлиши керак эмасми?



Журналистиканинг энг муҳим тамойиллардан бири бетарафликдир. Бўлган воқеа ё ҳодисани максимал даражада холисона ва, албатта, бетарафлик посициясидан туриб ёритиш журналистиканинг олтин қоидаларидан бири саналади. Буни кўпчилик, айниқса, ривожланган мамлакатларда фаолият кўрсатаётган ҳамкасблар яхши билишади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўз фаолияти давомида бу қоидага риоя қилмоқда деб бўлмайди. Келинг, аниқ мисол орқали буни кўриб чиқайлик.


“Озодлик” радиосининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Амалдорларга президентнинг гаплари бир тийинга қимматми?” сарлавҳаси остида берилган материални ўқиб ҳайрон бўлдим. Мақоланинг аввалидаёқ хатога йўл қўйилганлигини кўриб, унинг қолган қисмини ҳам диққат билан ўқиб чиқишга киришдим.

“...23 яшар каттақўрғонлик ўқитувчининг 14 март кунги фожиали ўлими ортидан Азамат Умаров вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари лавозимидан бўшатилган эди”. Мана шу жумланинг ўзида иккита жиддий хато мавжуд. Биринчидан, Азамат Умаров вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари эмас, у вилоят ҳокимининг ўринбосари эди. Иккинчидан, унинг ўз вазифасидан озод этилганлиги Диана Еникеева ўлими билан боғлиқ эмас.

Вилоят ҳокимлигидан кетган А.Умаров Самақанд шаҳридаги 62-имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатга (ўқув муассасасининг расмий номланиши ана шундай. “Озодлик” айтган “ақлий имконияти чекланган” деган сўзлар у ерда йўқ) директор этиб тайинланганлигидан хабардор эдим. Наҳотки, мажбурий меҳнат ҳақида шунча гап-сўзлар бўлаётган бир пайтда А.Умаров ўқитувчиларни кўча тозалашга мажбурлаган бўлса? Бу савол менга тинчлик бермади ва вилоят халқ таълими билан боғланиб, ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида мактаб-интернатга бормоқчи эканлигимни билдирдим. Менга мактаблар бўлими бошлиғи Ориф Юсупов ва соҳани яхши билган мутахассис шаҳардаги бошқа мактаб-интернат директори Гуляра Эргашева ҳамроҳлик қилишди.    

Биз мактаб-интернет директори вазифасини бажарувчи Нурилла Рўзиев ҳамда ўқитувчи ва тарбиячилар билан учрашдик. Маълум бўлишича, ўқув муассасаси рўйхатида 238 нафар ўқувчи бўлиб, улардан 20 нафарига уйларида дарс ўтилар экан.
 
Биз жамоа аъзоларини бир жойга тўплаб, “Озодлик” радиоси таъкидлаганидек, А.Умаров шанба ва якшанба (19 ва 20 май) кунлари “ҳамма ўқитувчи, тарбиячи, ишчи ходимларни ободонлаштириш, кўча тозалаш ишларига келишга мажбур” қилганлиги бўйича фиклари билан қизиқдик. Мадина Фаттаева, Моҳира Самандарова, Гуллола Маматқулова ва бошқаларнинг гапларидан шуни англадикки, жамоа шанба куни бир неча соат давомида мактаб-итернет ҳудудини тозалашга чиқарилган. Якшанба куни ҳам ходимлар тозалаш ишлари учун келгач, аёлларга жавоб берилган ва фақат эркаклар ободончилик ишларига жалб этилган. Аммо ҳеч ким ўқув муассасаси ҳудудидан ташқарига чиқмаган, яъни “кўча тозалашга” мажбурланмаган.

Жамоа аъзоларининг сўзларига қараганда, мактаб-интернат ҳудуди имротлар билан 2,8 гектарни ташкил этади, штат жадвали бўйича эса бир нафар ҳовли супурувчи мавжуд. Шу сабабли бутун ҳудуд микроучасткаларга бўлиниб, ҳар бирига ўқитувчи ёки тарбиячи масъул этиб белгиланган. Демак, ободончилик ишларига жамоа бевосита иштирок этиб келган.  

“Озодлик” материалида номи ошкор этилмаган ўқитувчининг сўзлари келтирилган. Унда,  жумладан, “олдинги директор бизга кўча тозалатмас эди, болаларни ўқитишга кўпроқ эътибор қаратар эди” дейилади. Аслида шундайми? Биз юқорида муссасанинг катта ҳудуди микроучасткаларга бўлиниб, ўқитувчи ва тарбияланувчилар тозалаш ишларига жалб қилинганлигини уқтирган эдик. Бу нарса ҳужжатларда ҳам акс эттирилган. Масалан, 2017 йилнинг 28 декабрида мактаб-интернат диркетори ҳузурида ўтказилган йиғилиш баённомаси кун тартибига “28 декабр куни мактаб-интернат ҳудудида шанбалик ўтказиш” масала киритилган. 2018 йилнинг 2 февралидаги ана шундай йиғилиш баённомасининг кун тартиби бўйича ҳам “баҳор фасли яқинлашиб келаётганлиги сабабли мактаб атрофига эътибор берилиб, тозалик ишларини олиб бориш” кўзда тутилган. Иккинчи баённомада гап “мактаб атрофи”, яъни ташқи томондан кўча ва туташ ҳудудларни тозалаш ҳақида гап кетмоқда.
 
Жамоа аъзолари билан қилинган умумий суҳбатдан ташқари мен яна айрим ўқитувчилар ва менга ҳамроҳлик қилган соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдим. Суҳбатдошларимнинг гапларига кўра, А.Умаровнинг биринчи кундан бошлаб қаттиқўл раҳбар сифатида ўзининг кўрсата бошлагани айримларга ёқмаган. У барча соҳада тартиб бўлишини талаб қилган. Бу соҳаларнинниг ҳаммасини бирма-бир таҳлил қилишга вақт ҳам, имконият ҳам йўқ. Бошқа томондан, мен А.Умаровнинг адвокати эмасман, гап журналистнинг холислиги ва бетарафлиги ҳақида бормоқда. Шу сабабли янги раҳбарнинг қаттиққўллининг айрим ходимларга ёқмаслиги тайин бўлган фақат бир жиҳати ҳақида сўз юритамиз. Бу давомат масаласи.  
 
Ўқувчилар давомати кўп ҳолларда 70-50 фоиз оралиғида, айрим кунлар 50 фоиз ва ундан ҳам кам бўлган. Масалан, 12 май куни 52 нафар ўқувчи дарсларга қатнашган, давомат 23,6%. 10 март куни ҳаммаси бўлиб 10 нафар ўқувчи дарсга келган, давомат 4,5%. Мавжуд 19та синфдан 11тасида умуман ўқувчи бўлмаган. Шунга қарамасдан, ўқитувчилар ва тарбиячиларга табель тўлдирилган, яъни улар ўқувчилар бўлмаса ҳам ишлаганлар ҳисобига киритилган.

Ана шунақа гаплар. Ҳар ким бўлган воқеадан ўзича хулоса чиқаради. Бу аниқ. Нима бўлганда ҳам журналист ўз вазифасини бажариши давомида “сенсация” орқасидан қувиб, холисликни йиғиштириб қўйса, бетарафлик тамойилини бузса, эртага бундай ОАВ ходимига ишонч йўқолиши турган гап.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий