“Самарқанд вилоятини
ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси”га 50 млн. доллар миқдорида
маблағ ажратилган бўлиб, у вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл
инфратузилмасини тубдан реконструкция қилиш ҳамда аҳолининг кундалик яшаш
шароитини янада яхшилашга сарфланиши кўзда тутилган.
Аниқ айтиладиган бўлса, маблағ бевосита қуйидаги мақсадлар учун харажат
қилинади:
–
Самарқанд
шаҳрида жами 28,5 км узунликда йўл қуриш ва реконструкция қилиш;
–
5 та асосий
кўчада пиёдалар учун йўл ўтказгич кўприги қуриш ва 2 та кўчадаги мавжуд ер ости
ўтиш йўлагини реконструкция қилиш;
–
шаҳарнинг
Сартепа, Суғдиёна, Микрорайон “А” ва “Б” масканлари ҳудудидаги жами 317 та кўп қаватли
уй-жойларни мукаммал таъмирлаб, ҳудудини ободонлаштириш;
–
шаҳарда янги
ичимлик сув тармоқлари қуриш, мавжудларини ҳамда оқова сув қувурларини янгилаш;
–
шаҳрда 4 та
марказлашган қозонхона қуриш;
–
шаҳарнинг 20 та
марказий кўчасидаги ҳамда йирик турар жойларнинг тунги ёритиш тизимларини
мукаммал таъмирлаш;
–
шаҳар
ободонлаштириш бошқармасига 63та турли ҳажмдаги юк ортиш, кўча супуриш, ювиш,
юклаш, текислаш, дарахт экиш ва бошқа автотранспорт воситаларини ҳамда 40та ўт
ўриш ускуналарини харид қилиш.
Шунингдек, бир қатор кўчаларни
ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларда сунъий суғориш тизимини яхшилаш
ҳамда кўп қаватли уйлардаги мавжуд 71та лифтни янгисига алмаштириш режалаштирилган.
Бу ишларни ўз муддатида бажарилиши учун битта бош штаб ва жойларда 4 та ҳудудий
штаб ташкил этилган.
Агар ана шу ишлар амалга оширилса шаҳар анча обод ва аҳоли яшаши учун
қулай масканга айланади. Аммо...
Катта миқдордаги маблағнинг қандай харажат қилиниши айрим кишиларни
ўйлантириб қўйган. Бундан 10 кун аввал “Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва
фаровонлигини ошириш жамғармаси”га 50 млн. доллар миқдорида маблағ ажратилганлиги
ҳақида ёзганимда, ижтимоий тармоқларда “амалдорлар учун олтин ёмғир даври
бошланди”, “ажратилган маблағнинг камида 30 фоизи толон-торож бўлиб кетади
деган шубҳам бор” каби фикрлар бирдирилди. Маблағнинг аниқ мақсадларга
йўналтириш ва бу соҳада шаффофлик ва очиқлик тамойилига амал қилиш учун вилоят
ҳокимлиги қатор тадбирлар ўтказишни реажалаштирган. Улардан бири аҳоли билан мунтазам
учрашиб, ишларнинг бориши ҳақида
одамларнинг фикр ва мулоҳазалари билан танишиб туришдан иборат.
Шу мақсадда Суғдиёна ва Сартепа масканларида аҳоли билан учрашувлар
бўлиб ўтди. Суғдиёнадаги учрашувда вилоят ҳокими Туробжон Жўраев сўзга чиқди ва
қисқа давр ичида улкан ишларни бажариш лозимлигини уқтирди. Йиғилишда ишларни
сифатли ва лойиҳаларда белгиланган даражадагидек қилиб амалга ошириш учун ҳамма
бирдек масъулиятни сезиб, ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Бундан бир ҳафта олдин Сартепада бўлган йиғилишда бу ҳақда батафсил сўз
юритилган эди. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам
Сатторов ва шаҳар ҳокими ўринбосари Бобур Элмуродов тўпланганларга жамоатчилик
назоратини ўрнатиш муҳимлигини таъкидлаб, у қандай кўринишларда бўлиши
мумкнилиги хусусида мисоллар келтиришган эди. Дастлаб ажратилган маблағ билан
қандай ишлар бажарилиши ҳақида сўз юритилди. Симёғочлар ва қувурлар қандай
бўлиши керак? Қайси турдаги дераза, эшик ва ромлар қўйилади? Асфальт ётқизаётганда
унинг сифатини қандай назорат қилса бўлади? Хоналарда ўрнатиладиган сантехника
воситаларига қандай талаблар қўйилади?
Ана шу ва бошқа саволларга батафсил жавоб қайтарилди ҳамда бу талаблар
бузилганлиги ҳақида хабардор бўлганлар тезда ҳар бир масканда фаолият
юргизадиган штабга маълумот бериши кераклиги уқтирилди. Айнан ана шундай
назорат элимиз фаровонлиги йўлида ажратилган маблағнинг тўғри ва мақсадли
харажат қилиниши учун хизмат қилади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий