Суд албатта қонун томонида бўлмоғи, судья фақат қонун талабларига
таянган ҳолда ўз қарорини чиқариши зарур. Аммо Самарқандда юз берган воқеада
божхона ходимларининг хатти-ҳаракатларини баҳолашда суд учун адолат мезон
бўлганига ишониш мушкул. Бу
ҳақда «Дарё»га журналист Тошпўлат Раҳматуллаев хабар бермоқда.
Беш нафар ўртоқ Самарқанддан Тожикистоннинг Панжакент шаҳрига бориб, у ерда
иккитадан телевизор харид қилади. Улар “Жартепа” чегара божхона постида божхона
декларициясини тўлдириб, телевизорларни мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтади. Эътибор
беринг: уларнинг ҳар бири иккитадан телевизор билан қайтади ва товарнинг нархи
286 долларни ташкил этади. Воқеа 11 май куни содир бўлганди. У вақтда
чекланмаган миқдорда, лекин умумий баҳоси 300 доллардан кўп бўлмаган товар олиб
ўтишга рухсат бор эди.
Негадир кейинчалик вилоят божхона масъуллари ва вилоят маъмурий суди телевизорларни
фақат икки киши – Нодиржон Тўрақулов ва Абдусалом Носировлар олиб ўтганлигини
иддао қилиб, уларни жазолайди. Қолган уч нафар мулк соҳиби – Ансор Носиров,
Қаҳрамон Қуватов ва Салоҳиддин Эгамбердиев четда қолиб кетади ва судга гувоҳ
сифатида жалб қилинади.
Жўралар ўз товарларини мавжуд тартибга кўра расмийлаштириб, божхона
постидан ўтгандан сўнг, енгил машинада Самарқанд томон равона бўлишади.
Н.Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, улар телевизорлар сотадиган дўконга кириб,
ўзлари сотиб олган 80/32 см ўлчамли “LG”русумли телевизорнинг нархини билмоқчи
бўлган. Шу вақтда уч киши келиб, ўзларини божхона ходимлари деб таништирган ва
уларни вилоят божхона идорасига олиб борган.
Суд мажлисларидан бирида иштирок этдим. Иш вилоят маъмурий судида судья
Сирожиддин Юсупов раислигида кўриб чиқилди. 8 июндаги суд мажлиси бир соат
кечикиб бошланди. Судья бу ҳолга изоҳ беришни ортиқча деб ҳисобладими ёки бу
одатий ҳолми, узр сўрамасдан, кечикиш сабабини маълум қилмасдан суд мажлисини
очиқ деб эълон қилди.
Бу ерда суд мажлисида бўлган гапларни, 14 июндаги суд мажлисида қабул
қилинган қарор тафсилотларини келтириб, кўпчиликнинг вақтини олмоқчи эмасман. Жавобгарликка
тортилганларнинг ва қолаверса, ўзимни ҳам қийнаётган, ноаниқ бўлиб қолаётган
саволларни ўртага ташламоқчиман. Уларга божхона хизмати мутасаддилари, ҳуқуқшунослар
жавоб беришар, масалага ойдинлик киритиб, ўзини ноҳақ жазоланган деб
ҳисоблаётган ёш йигитларга ҳамасини ипидан игнасигача тушунтирар деган
умиддаман.
Мана ўша саволлар:
Қонун бузилган бўлса, нега жойида, божхонада бу нарсага ойдинлик
киритилмади? Ургут ва Тайлоқ туманлари ҳудуди орқали вилоят марказигача чегара
постидан ўтганларни қувиб келиш ва юкларини олиб, ўзларини жазога тортиш
қанчалик тўғри?
Нега чегара божхона постида телевизорлар беш киши номига расмийлаштирилишига
қарамасдан, судда фақат икки кишига 10та
телевизор олиб ўтганлиги таъкидланди ва улар айбдор деб топилди.
Агар вилоят божхонаси бўлим бошлиғи Лутфилла Зиёдуллаевнинг суд
мажлисди уқтирганидек, ўша пайтда махсус тезкор тадбир ўтказилган бўлса, нега
унда ички ишлар органи ва прокуратура ходимлари ва холислар қатнашмаган?
Н.Тўрақулов ва А.Носиров судда берган кўрсатмаларида Л.Зиёдуллаев билан
бўлган икки номаълум шахс ўзларини таништирмаганлигини, ҳеч қандай ҳужжат
кўрсатмаганлигини уқтиришди. Шунингдек, уларнинг сўзларига қараганда, ўша пайтда
холислар ҳам бўлмаган, уларни кейинчалик божхона биносига олиб келишган. Холисларнинг
ўзлари ҳам тезкор тадбир тугагандан сўнг бу ишга жалб қилинганликлари ҳақида
судда кўрсатма берди.
Суд қарорида А.Носиров телевизорларни “савдо дўконига топшираётган
вақтда ушланганлиги” ҳақида сўз юритилган. Ваҳоланки, Л.Зиёдуллаев суд
мажлисида берган кўрсатмасида телевизорни А.Носиров автомашинадан тушираётган
пайтда тўхтатилганлигини уқтирган эди. Буни тушунтириб, у дўкон ичида бу ишни
амалга ошириш мумкин эмаслигини, тадбиркорлик субъекти ҳудудига кириш учун
алоҳида рухсатнома керак эканлигини гапириб ўтган эди. Нима, бу катта кўчада
автомашидан тушираётган товарни олиб қўйиб, унинг эгаларини жавобгарликка тортишга
асос бўла оладими?
Суд “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддалари
билан Н.Тўрақулов ва А.Носировлар ҳуқуқбузарлик содир этган деб топди ва ҳар
бирини энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида жаримага тортди. 10та
телевизор давлат фойдасига мусодара қилинди.
“Нега бизни ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллаганликда
айблашди? Биз қонун рухсат берган миқдорда ўз эҳтиёжимиз учун маҳсулот олиб
келган эдик. Уни мусодара қилиш ва бизни жаримага тортиш кимга керак эди?”, -
дейди Н.Тўрақулов.
Агар юқоридаги саволларга мутасаддилар тезлик билан аниқ жавоб
қайтаришса, ортиқча гап-сўзларга барҳам бериларди, воқеа иштирокчилари ва воқеадан
хабардор бўлганлар кўз олдида адолат тантана қилган бўларди.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
“Дарё”, 29.07.2018
https://daryo.uz/k/2018/07/29/samarqandda-cud-5-nafar-jora-tojikistondan-olib-kelgan-10-ta-televizorni-musodara-qildi-va-jarimaga-tortdi-ular-esa-ozlarini-nohaq-jazolangan-hisoblamoqda
Комментариев нет:
Отправить комментарий