пятница, 27 июля 2018 г.

Самарқанднинг мактабгача таълим мутасаддилари уч ҳафта Корея тажрибасини ўрганди



Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Садинова раҳбарлигидаги делегация Жанубий Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтди. Сафар доирасида ҳамюртларимиз ушбу мамлакатда мактабгача таълим қандай йўлга қўйилганлиги билан яқиндан танишдилар, ушбу йўналиш бўйича кадрлар тайёрлаш тажрибасини ўргандилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йилнинг 19 декабрида ўтказилган видеоселектор мажлиси баёнида белгиланган вазифаларнинг мақсадли ижросини таъминлаш юзасидан Жанубий Кореянинг Dongguk  университети ва университет қошидаги болалар боғчаси билан Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилнинг апрел ойида ҳамфикрлик меморандуми имзолашган эди.

Меморандум доирасида Dongguk университети қошидаги болалар боғчаси директори Kim Hye Soonнинг таклифига кўра, тажриба алмашиш ва семинар машғулотларида иштирок этиш учун 2018 йилнинг 1 июлидан 20 июлигача Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Садинова раҳбарлигидаги вилоят делегацияси Корея Республикасида хизмат сафарида бўлди. Сафар Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят ҳокимлиги кўмаги ва “Ориент финанс” банкининг ҳомийлигида амалга оширилди.
 
Ташриф Kyongju шаҳрида Dongguk университети қошидаги боғчада меҳмондўстлик маросими билан бошланди. Делегация раҳбари Н.Садинова самимий қабул учун мезбонларга миннатдорлик билдирди.

Донггуг университети қошидаги болалар боғчаси директори Kim Hye Soon ўз сўзида  Ўзбекистонда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганлиги унда жуда кучли таассурот қолдирганлигини уқтирди. У Самарқанд давлат университети ва Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси билан ҳамкорликнинг барча жабҳалари бўйича барча саволларни муҳокама қилишга, болаларнинг таълим-тарбияси бўйича Кореянинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашишга доим тайёр эканлигини маълум қилди.

Хизмат сафари давомида делегация, шунингдек, Донггуг университети ректори Lee Dae Won ва Kyungju шаҳар мактабгача таълим департаменти директори Kwon Hye Kyungлар билан ҳам учрашди.
 
Донггуг университетининг мактабгача таълим факультетида соҳага оид ўқув семинарлари ташкил қилиниб, унда университетнинг етакчи профессор- ўқитувчилари томонидан Корея тажрибаси асосида машғулотлар ўтилди. Шунингдек, Жанубий Кореянинг бир нечта давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари билан яқиндан танишилди ва ўзаро тажриба алмашилди.

Нигора Садинованинг сўзларига қараганда, мамлакатимизнинг янгича ривожланиш йўлига ўтаётган мактабгача таълим тизими учун Жанубий Корея тажрибаси асқотиши турган гап. Жумладан, боғчалардаги таълим-тарбия услублари, уларнинг молиявий ва иқтисодий даражаси, озиқ-овқат ҳамда моддий-техник таъминоти, тўлов тизими, педагог-ходимларнинг малакавий даражаси, меҳнат шароитлари, соҳада мавжуд дастурлар ва услубий қўлланмаларни ўрганиш катта аҳамиятга эга.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий