четверг, 19 июля 2018 г.

Самарқанд сабоқлари. Улардан ҳокимлар тўғри хулоса чиқаришадими?

Ўтган ҳафтанинг икки-уч куни бутун мамлакатимиз диққати Самарақандга қаратилган эди десак, муболаға бўлмайди. Вилоят ҳокимининг гарданига оғир айблар қўйилиб, ўз вазифасидан бўшатилганлиги кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. Аммо самарқандликларга бу эртами кечми рўй бериши маълум эди. Нега?

Ҳозирги тезкор замонда гап бир жойда турмайди. 30 йил мобайнида битта ҳам янги мактаб қурилмаган Самарқандда бир вақтнинг ўзида ўнлаб кўп қаватли уйларнинг бунёд этилиши ва уларни қуришда олинаётган  рухсатлар қандай берилаётганлиги ҳақидаги гап-сўзлар аҳоли орасида анчадан бери бор эди. Ана шу гаплар асоссиз бўламаганлигини халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан  ташқари сессияси исботлади.

Вилоятн собиқ ҳокимининг коррупция гирдобига кириб кетиши фақат унинг шахсиятидаги қусурлар оқибатими? Ундай бўлса нега бунча тез, ҳар икки-уч йилда, баъзан бир йилда “навбатдан ташқари” сессиялар ўтказилмоқда. Мисол учун узоққа бориш шарт эмас. Агар Т.Жўраев Самарқандда бир йил ишлаган бўлса, ундан олдинги ҳоким ярим йилгина фаолият юргизган эди. Демак, бу ерда гап фақат айримларнинг пулга ўчлиги, ҳаром-ҳалолни билмаслиги, маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик касалига мубтало бўлишида эмас экан. Хўш, унда гап нимада? Келинг, бу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Шаффофлик етишмаяпти, очиқлик зарур

2017 йилнинг 8 сентябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида қайд этилганидек, “ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари ҳаддан ташқари бюрократияга ва коррупциянинг турли кўринишларига олиб келмоқда”. Ҳужжатда мавжуд салбий ҳолатнинг муҳим сабаблари сифатида ҳокимият органлари фаолияти очиқ ва шаффоф эмаслиги ҳамда жамот назорати етарли даражада бўлмаётганлиги кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг аниқ бир иш регламенти йўқ. Улар фаолиятига баҳо беришнинг аниқ механизми ҳам мавжуд эмас. Амалдор ўзини фуқаро олдида, халқ олдида ҳисоботдор деб ҳисобламайди.

Мана, кейинги пайтда тилларда достон бўлган қурилиш соҳасини олайлик. Қизиғи, аниқроғи ачинарлиси шуки, айрим қурувчилар бир неча кун ичида, бошқалар эса ойлар ва ҳатто йиллар давомида керакли ҳужжатларини расмийлаштира олишмайди. Минглаб биноларнинг қонун талабларини инобатга олмасдан, ҳужжатсиз қурилаётганлигининг сабабларидан асосийси ҳам шу. Ҳеч ким бу ерда қандай мезон асосий эканлигини билмайди. Аслида биладиганлар бор, аммо бу ҳақда яқингача очиқ гапирилмасди. Вилоят ҳокими ишдан олингандан сўнг қурилиш соҳасидаги коррупция, қурилишнинг ҳар бир босқичидаги “ставкалар” ҳақида аниқ айтиладиган бўлди. Яъни “сирли” мезон ошкора бўлди.

Ҳатто болалар боғчаси қурилиши учун керакли ҳужжатларни тайёрлашни пайсалга солиб келинаётганлигига ҳам ана шу “сирли” мезон сабаб бўлган бўлса керак. Акс ҳолда нега боғча қураман деб юрган тадбиркорларга ер ажратиш масаласи пайсалга солиб келинмоқда? Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига кўра вилоят бўйича 233 та нодавлат ва давлат-шериклик асосида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларига ер ва бино ажратиш бўйича туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорларини бир ой муддатда қабул қилиш лозимлиги белгиланган эди. Яқинда маълум бўлишича,  ҳалигача  82 та мактабгача таълим муассасаси учун ҳокимлар қарори қабул қилинмаган.

Давлат идораларининг қарор қабул қилиш функциясини камайтириб бориш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, бошқарув органларининг турли бўғинларида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш орқали ушбу идоралар фаолиятининг очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш амалдорларнинг қонун доирасида ишлашга ундовчи омиллардан бўлиши мумкин. 

Ҳоким мутлақ ҳукмдор эмас!

Ҳоким бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуд (вилоят, туман, шаҳар)да ҳам ижроия ҳокимияти ва ҳам давлат ҳокимиятининг вакиллик органи бўлмиш халқ депутатлари Кенгашини бошқаради. Конституциямизнинг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади” деб белгилаб қўйилган. Аммо маҳаллий давлат бошқаруви даражасида ушбу талабга риоя қилинмасдан келинмоқда.  

Ҳокимларга кенг ваколат берилганлиги, ўзи раҳбар бўлган ҳудуддаги фуқароларга ҳисоботдор эмаслиги оқибатида уларнинг айримлари ўша ҳудудда  ўзларини ҳокими мутлақ сифатида тутадиган бўлишди. Одамларни менсимаслик, ўз устидан назоратни йўқотиб, катта-кичик йиғилишларда ўзгаларни камситиш, ҳақоратлаш каби иллатлар баъзи бир ҳокимлар учун одатий ҳолга айланди.

Биз ҳам барча демократик мамлакатларида бўлгани каби ҳокимиятлар  бўлинишининг конституциявий тамойилини ҳаётга жорий этишимиз, ўзаро тийиб туриш ва қарши таъсир этишдек (инглизчада checks and balances) манфаатлар мувозанатини сақлаб туришнинг муҳим омили бўлган тизимни амалда қўллашимизнинг вақти келгандир?!

Бунинг учун халқ депутатлари вилоят (шаҳар, туман) Кенгашлари ҳокимнинг бошқарувидан чиқарилиши лозим. Ҳоким фақат ижроия ҳокимиятининг раиси бўлиб қолмоғи шарт. Унинг ваколатига нималар кириши аниқ белгилаб қўйилиш зарур. Сиёсий раҳбарлик тўласинча сайлаб қўйиладиган Кенгаш раисига ўтсин, ҳоким эса аҳолига яқин ишларни бажарсин, Кенгашга ҳисоботдор бўлсин.

Яна бир таклиф. Ҳоким деган атамани алмаштириш керак деб ўйлайман. Ижроия ҳокимият раҳбарини бошқача, оддийроқ аташ мақсадга мувофиқдир, балки? Чунки, бир томондан, “ҳоким” деганда, кўпчиликнинг кўз олдига ҳукмини ҳар қандай йўл билан ўтказадиган ҳукмрон намоён бўлади. Иккинчи томондан, биринчи раҳбарларнинг аксарияти ўз фаолияти билан “ўз” ҳудудида мутлақ ҳукмрон эканлигини кўрсатиб келмоқда. Номда, номланишда гап кўп! Унинг юкини ҳамма ҳам кўтара олмайди.

Жойлардаги ҳақиқий аҳволни бўяб кўрсатиш кимга фойда?

Ҳокимларнинг ана шундай мутлақ ҳокимиятидан хабардор бўлган атрофидагилар ҳам, журналистлар ҳам жим юришни маъқул кўришади. Бунинг яна бир сабаби бор. Йиғилишларда ҳам, турли-туман учрашувларда ҳам ҳокимнинг бир ёнида прокурор, иккинчи томонида ИИБ бошлиғи туради. Ҳокимнинг ноўрин сўзларига, дашномига жавоб берганларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Ўша раҳбарларнинг фуқароларни қабул қилиш кунлари идорасига борганлар аксар ҳолларда “бошлиқ ҳокимиятга кетган” деган жавобни олишади. Улар зарур ҳолларда, керакли пайтда майли ҳоким ёнида бўлишсин, лекин унинг ноқонуний хатти-ҳаракатига вақтида тўғри баҳо ҳам беришсин.

Жойлардаги асл ҳолатни давлат раҳбаридан яширишга уринадиганлар ўзи нимани ўйлайди? Ярим кун учун, раҳбарга яхши кўриниш илинжида ялтиратиб қўйилган кўчаю майдонлар, қулоққа хуш ёқадиган, аммо ҳақиқатдан узоқ бўлган сўзлардан иборат чиқишлар кимга керак? Халқ ҳаммасини кўриб, билиб турибди-ку!

Президент жойларда ҳақиқий аҳволдан хабар топиш учун чиққанида, учрашувга доимо деярли бир хил одамларни таклиф этишади. Булар – бир оғиз ҳам гапирмайдиган, аниқроғи, ўргатишганидан бошқа нарсани тилга олмайдиган, ўз мустақил фикрига эга бўлмаган ёки ўз қарашларини баён қила олмайдиган собиқ раҳбарлар. Сўзга чиқадиганлар нима ҳақида гапириш хусусида йўл-йўриқ олишади, чиқиш матни бир неча марта кўриб, “тузатилади”. Уларнинг саҳнага қандай чиқиш, қайси томондан минбарга яқинлашиши обдон машқ қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев қарсакбозлик даври тугаганлигини, барча масъулият билан ўзига юклатилган вазифани бажариши лозимлигини, давлат органлари халққа хизмат қилиши зарурлигини мунтазам такрорлаб келаётган бир вақтда ўз манфаатини ўйлайдиган, шум ниятли раҳбарларни ўз вақтида фош этилиши ҳам давлатга, ҳам халқимизга фойда.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

https://nuz.uz/zhamoat/34373-samarand-sabolari-ulardan-okimlar-tri-hulosa-chiarishadimi.html 

Комментариев нет:

Отправить комментарий