суббота, 10 мая 2014 г.

Самарқандлик адвокатлар Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашди

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ибратли тадбир ўтказди. Унда соҳада фаолият юргизаётган меҳнат фахрийлари, оламдан ўтган адвокатларнинг оила аъзолари иштирок этишди.  

Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Аҳтамов
ўзининг кириш сўзида Хотира ва қадрлаш кунини касбдошлар даврасида нишонлаш қанчалик муҳимлигини уқтириб, адвокатлар палатаси ташкил этилганлигидан кейинги давр мобайнида оламдан ўтган 21 нафар касбдошларининг номини бирма-бир тилга олиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси ўринбосари Шуҳрат Содиқов турли байрамларни биргаликда нишонлаш каби ўтганларни хотирлаш, уларнинг эзгу ишларини тилга олиб ўтишнинг аҳамияти хусусида сўз юритди. Унинг уқтиришича, бу бошқалар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади ва шу сабабли бундай тадбирларнинг анъанага айланиши ўта муҳимдир. “Биз адвокатларнинг “Хотира китоби”ни ташкил этдик. Унда оламдан ўтган касбдошларининг исмини ёзиб қўямиз. Уларнинг ҳаёт йўлини ўрганиш, улардан ўрнак олиш биз учун ҳам қарз ва ҳам фарздир”, - деди Ш.Содиқов.

Адлия соҳаси фахрийси Алишер Мардиев ўз сўзида устозларни хотирлаш савоб, улуғ ва мўътабар иш эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, тадбирни ташкил этганлар эзгу ишга қўл уришган. Бу барчага, айниқса ёшлар учун катта сабоқ эканлигини уқтирган А.Мардиев, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вафот этган касбдошлари суратларини бир жойга тўплаб, алоҳида фотолавҳа ташкил этганлиги таҳсинга лойиқ эканлигини алоҳида қайд этди.
 
Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Худоёр Маматов Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг бундай ибратли ташаббусини кенг ёйиш мақсадга мувофиқлигини уқтирди. “Дунёдан ўтганларни хотирлаш, Ватан учун, жамиятимиз равнақи учун тинмай хизмат қилганларни қадрлаш бугунги ва келажакдаги ишларимиз равнақига ёрдам беради”, - деди жумладан нотиқ.

Хўжа Зудмурод масжиди имом хатиби Мустафоқул Меликзода ўтганларни хотирлаш, урушда қатнашган ва фронт орқасида меҳнат қилганларни қадрлаш мамлакатимизда яхши анъанага айланганлигини таъкидлади. Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг ҳам алоҳида хотира тадбирини ташкил этганлиги савоб иш ва таҳсинга сазоворлигини уқтирар экан, бундай ишларнинг бошида турганларига омадлар ёр бўлишини тилади.

Марҳум адвокат Анвар Илбоевнинг турмуш ўртоғи тадбирни ташкил этганларга эзгу ва ибратли ишлари учун миннатдорчилик билдирди.

Сўзга чиққанлар  бундай тадбир адвокатлар палатаси ташкил этилганлигидан ўтган кейинги 6 йил ичида биринчи марта ўтказилаётганлигини уқтиришди.  


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий