понедельник, 21 июля 2014 г.

Ёзувчи Нусрат Раҳматнинг ёғоч қошиқлари

Самарқандлик ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат кўп йиллар давомида ёғочдан ясалган қошиқлар тўплаб келади. Ҳозир унинг коллекциясида жаҳоннинг турли халқларига тегишли бўлган 200тадан ортиқ қошиқ мавжуд.


Нусрат ака қошиқ тўплашга ёшлигидан киришганини таъкидлайди. Нега айнан қошиққа меҳр қўйганлигини, бу иш унинг асосий хоббиси – қизиқишига айланганлиги сирини сўрасангиз, саволингизга эринмасдан батафсил жавоб қайтаради. “Ёғоч қошиқ нафақат овқат истеъмол қилиш учун керакли рўзғор асбобидир, – дейди суҳбатдошимиз. – У санъат асари, ҳар бир халқнинг маданиятини, характерини кўрсатувчи ўзига хос восита десак, муболаға бўлмайди”.  

Булар коллекциянинг  фақат бир қисми
Сўзлариги мисол тариқасида грузинларнинг қошиғини кўрсатади. Уни Тбилисидан сотиб олганлигини уқтираркан, нақшларига эътибор қаратишни сўрайди. Бу қошиқни ишлатган одам нафақат моддий, балки маънавий озуқа ҳам олишини таъкидлайди. Ёки Хитойдан олиб келган иккита қошиғини намойиш этиб, улар темир дарахтидан ясалганлигини ва императорлар айнан ана шундай қошиқлардан фойдаланишганини қайд этади.

Бу грузинлар қошиғи - санъат асари
Коллекциядан, шунингдек, АҚШдан олиб келинган ва спагетти ейишга мўлжалланган қошиқ, Болтиқбўйи халқларининг узун дастали қошиғи, арабларнинг қошиғи, Ҳиндистондан келтирилган қошиқ ва чўмич ўрин олган.


Миршариф Хўжаевга ана шу чўмич маъқул бўлди


Дастлаб ёғоч қошиқларни Нусрат аканинг ўзи турли мамлакатга қилган саёҳатлиридан келтирарди. Кейинчалик унинг бу қизиқишининг қанчалик жиддийлигини пайқаган таниш-билишлари, дўстлари, қариндошлари четга чиққанда совғага ёғоч қошиқ олиб келадиган бўлишди. Масалан, ёзувчининг сўзларига қараганда, дўсти журналист Миршариф Хўжаевнинг бир томони қошиқ, иккинчи томони вилка бўлган совғаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Камина ҳам Прагадан икки йил аввал қўлда ясалган узун дастали қошиқ келтирган эдим.
Ҳар бир экспонат ҳақида Нусрат соатлаб гапириши мумкин


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий