воскресенье, 3 июля 2016 г.

Америкалик Дин Карнасис 30 ёшга кирганини марафон билан нишонлаган эди

                          

Америкалик ультрамарафончи Дин Карнасис 1 июл куни бошлаган Буюк Ипак йўли бўйлаб марафони арафасида журналистлар билан учрашди. У бу спортга қандай кириб келганлиги, ундан нималарни кутганлиги ва нималарга эришганлиги ҳақида  батафсил сўз юритди.


АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган навбатдаги прессгапнинг меҳмони америкалик ультрамарафончи Дин Карнасис бўлди. У билан бўлиб ўтган бир соатлик учрашув ғоятда самимий ва очиқ мулоқот шаклида ўтди. Меҳмон дастлаб ўзи ҳақида гапириб берди, сўнгра журналистлар саволларига эринмай жавоб қайтарди.
                                      
11 кун давом этадиган марафоннинг узунлиги 525 км бўлиб, унга Тошкентда старт берилди. Дин Карнасис бу ердан Бишкекка сўнгра Алмати шаҳрига йўл олади. Уч давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган марафонга АҚШ Давлат департаменти ҳомийлик қилмоқда.

Дин марафонга қизиқиши 30 ёшлигидан бошланган. У дўстлари билан ана шу ўзига хос юбилейни нишонлаётган бир пайтда ўрнидан туриб кетади ва кечаси билан 30 миля (50 км атрофида)  масофани югуриб ўтади. “Тунги соат иккиларда мен бир овоз эшитгандай бўлдим, – эслайди Дин. – Худо менга “сен доим югуришинг керак”, дегандай бўлди”.
                                 
Шундан сўнг ўтган 20 йилдан кўпроқ муддат давомида Дин Карнасис кўплаб марафонларда қатнашди. Унинг марафони бошқаларникидан фарқ қилади. Чунки у 55 даража иссиқда ёки 40 даража совуқда ҳам югурган. Бир сафар уч кун ухламай 350 милдан ортиқ масофани югуриб ўтган.   

У ўзининг мутахассислар томонидан кўп марталаб текширилганлигини ва ҳар доим ҳам ўта соғлом деб тан олинганлигини таъкидлайди. TIME журнали Дин Карнасисни дунёдаги 100 нафар нуфузли кишининг бири деб тан олди.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий