23 июль куни Самарқандда оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, рассомлар, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар иштирокида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоятида туғилиб ўсган ва айни пайтда Тошкентда қалам тебратаётган ижодкорлар ҳам иштирок этишди.
Тадбир вилоятнинг Нуробод туманида жойлашган Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига
саёҳат билан бошланди. Иштирокчиларга кейинги йилларда зиёратгоҳда амалга
оширилган кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик, ободончилик ишлари тўғрисида
ҳикоя қилиб берилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида
ташкил қилинган китоб ва газеталар кўргазмасини томоша қилиб, рассом ва ҳунармандларнинг
ижод маҳсулидан баҳраманд бўлдилар. Шоирлар йиғилганларга ўз шеърларини ўқиб
бердилар.
Тадбир доирасида самарқандлик ижодкорларнинг яқинда нашрдан чиққан
китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид
Даврон тарихчи олим, тадқиқодчи Комилхон Каттаевнинг ўрта аср қўлёзмалари
каталогини тайёрлаб, нашрдан чиқарганлигининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек,
шоира Жумагул Сувонованинг янги шеърий
тўплами ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирилди ва унинг ижоди ўзининг янги
қирралари билан намоён бўлаётганлиги таъкидланди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари яқинда ишга туширилган “Самарқанд
китоб олами” мажмуаси билан танишдилар, янги китобларни кўздан кечирдилар.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маданий-маърифий тадбир иштирокчиларни
шаҳарда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида
пресс-тур ташкил этди. Тўртда автобусда улар шаҳарни айланиб, амалга
оширилаётган ишларни кўздан кечирдилар.
Тадбирнинг тантанали қисми Жомбой тумани Бешбола мажмуасида бўлиб ўтди.
Дастлаб журналистлар ўртасида футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси,
бадминтон бўйича мусобақалар ўтказилди. Унинг ғолиблари эсдалик совғалари билан
тақдирландилар.
Сўнгра иштирокчилар файзли дастурхон атрофида тўпландилар. Учрашувда сўзга
чиққан вилоят ҳокими Зоир Мирзаев амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик
ишлари, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб
олиш йўлида бажарилаётган юмушлар, бунда ижодий жамоаларнинг ҳиссаси ҳақида
батафсил тўхталди. Бу борада фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ оммавий ахборот
воситалари ходимлари, Бадиий академия ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари вилоят
ҳокимининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.
Учрашувда Тошкентдан ташриф буюрган таниқли ижодкорлар ва журналситика
соҳасининг мураббийлари Абдусаид Кўчимов, Сайди Умиров, Хуршид Даврон ва
бошқалар сўзга чиқиб, Самарқандда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибордан катта
таассурот олганликларини уқтиришди. Меҳмонлардан Тўлқин Эшбек биз билан суҳбатда
Самарқандда бир кун давомида кўрганлари бир нечта салмоқли мақолага асос бўла
олишини таъкидлади.
Учрашув давомида маҳаллий санъаткорлар ҳамда Ўзбекистон халқ артистлари
Абдуҳошим Исмоилов ва Зулайхо Бойхонова ўз чиқишлари билан даврага янада ўзгача
шукуҳ бағишладилар.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий