Бугун ажойиб совға олдим. Тақдир тақозоси билан АҚШда вақтинча яшаётган қаламкаш биродарим Алишер Айматли яқинда нашрдан чиққан китобини юборибди. “Кўнгил ҳикматлари” деб номланган тўпламда ижодкорнинг назм ва наср йўналишларида ёзган асарлари жой олган.
Китобдаги айрим тўртликларни ўқиб чиқишга улгурдим. Мана, улардан
иккитаси.
АРЗ
“Қози, порахўрлик еди миллатни,
Ота ўз боласига пора бермиш...” –
Арз қипти фуқаро. У: “Бу иллатни
Тугатсам, айт, қанча берасан?” – дермиш.
ЭР-ХОТИН
Эру хотин қўл ва кўз янглиғ,
Кўз оғриса, югуради қўл.
Қўлинг синса ёки кесса тиғ,
Кўз бечора ёш тўкар мўл-кўл.
Алишерни авваллари сиртдан билардим. 2010 йилнинг охирида Нью-Йоркда
ташаббускор юртдошимиз Фарҳод Султонов АҚШда биринчи ўзбек тилидаги газета – “Ватандош”га
асос солиши муносабати билан танишган эдик. Газетанинг қандай бўлиши, рукнлари,
ёритиладиган мавзулар, бўлажак муаллифларни жалб қилиш каби кўплаб муаммоларни
уч киши бўлиб муҳокама қилардик, уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилардик.
Ана шунда, янги иш жараёнида Алишернинг нафақат ижодкор ва ташкилотчи
сифатида билиб олдим, балки унинг инсоний фазилатлари, энг аввало,
самимийлигидан таъсирландим. Бирга “Ватандош” газетасини чиқардик. Ана шу иш
давомида бир-биримизга меҳр қўйдик.
Шундан бўлса керак, Алишер Айматли “Академнашр” нашриёти томонидан
қалин муқовада чоп этилган ҳамда яхши безатилган китобини каминага юборибди. Боз
устига тўрт нусха жўнатибди. Уч нусхасини ижодкор дўстларимиз Нусрат Раҳмат,
Миршариф Хўжаев ва Зиёдулла Норматовга етказишимизни сўрабди.
Дўстимизнинг ижодига, мусофирликда амалга ошираётган ишларига омад ёр
бўлишини тилаб қоламан!
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий