суббота, 3 декабря 2016 г.

Хорижлик кузатувчилар Самарқандга ташриф буюрди

               

Бугун, 3 декабрда, Ўзбекистон Президенти сайловига бир кун қолганда Самарқандга бир гуруҳ хорижлик кузатувчилар ташриф буюришди. Жумладан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби Рашид Алимов ҳам шаҳримизда бўлиб, сайловга олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди.

Биз кузатувчиларнинг айрим гуруҳлари билан Самарқанд давлат чет тиллар институти биносида жойлашган 59-сайлов участкасида учрашиб, уларнинг фикрлари билан қизиқдик.

Бахтиёр Худоёрзода, Тожикистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:

МДҲ кузатувчилар миссияси таркибида фаолият юргизяпмиз. Бир неча кун давомида Ўзбекистон Президенти сайловига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишдик. Мен ҳозиргача Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида бўлган эдим. Мана бугун Самарқандга ташриф буюрдик.

Биз Марказий сайлов комиссияси раиси ҳурматли Мирзо Улуғбек Абдусаломов билан суҳбатлашган эдик. У бизни Ўзбекистон Президенти сайловига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан батафсил таништирди. Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича жуда салмоқли ишлар амалга оширилган. Барча округлар ва сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси қонуни талаблари даражасида ҳозирлаб қўйилган. Кузатишларимиз асосида шунга амин бўлдикки, барча сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга тайёр. Уларда Ўзбекистон фуқаролари ўз конституциявий бурчларини бажаришлари учун керакли шароитлар яратилган.

Биз қадрдон ва қўшни ўзбек халқига сайловни юқори савияда ўтказишига омадлар  тилаб қоламиз. Мамлакатингиз янада юксалаверсин.

Шайлдабекова Нуржан, Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:
                         
Ўзбекистон кўп асрлик тарих ва юксак маданият соҳиби эканлигидан хабардорман.  Мен бундан 20 йил аввал юртингизга келган эдим. Самарқандни кўриб ҳайратландим. У олдингидан анча чиройли ва кўркам бўлибди. Мен Президент сайловига қандай тайёргарлик кўрилганлиги билан яқиндан танишидим. Сайловга бир кун қолди ва унга ҳар жиҳатдан тайёргарлик кўрилган. Сайлов участкаларида тиббиёт хонаси ҳамда она ва бола хонаси ташкил этилганлиги таҳсинга лойиқ. Чунки бу фуқаролар сайлов куни келиб овоз беришига қулайлик яратади. Фуқароларнинг эркин овоз бериши учун ҳам ғамхўрлик қилинган.

Ўбекистонда сайловларни юқори савияда ўткази учун олиб борилаётган тайёргарлик ишларидан бизнинг ҳам, яъни Қирғизистоннинг ўрнак олишга арзийдиган жиҳатлари мавжуд.    

Муртазо Саффори, Эрон Ислом Респуликаси парламенти депутати:
                       
Ушбу сайловлар мамлакатингиз учун муҳим сиёсий тадбирдир. Бу ерда сайловга талаб даражасида тайёргарлик кўрилганлигининг гувоҳи бўлдим. Ўйлашимча, сайловчилар президентликка кўрсатилган тўрт номзоддан муносибига ўз овозларини беришади.

Ўзбекистоннинг саноати ва қишлоқ хўжалиги яхши суратлар билан тараққий этиб бораётганлигидан хабардорман. Ўзбек халқига ривожу равнақ тилайман.

Истини Криарис, Греция, “Пантеон” университети  ректори:

Кўрган барча сайлов участкаларида тайёргарлик даражаси юқори савияда деб айта оламан. Сайловчилар рўйхати тайёрлаб қўйилган, жисмоний имконияти чекланган ва болали оналар учун керакли шароитлар яратилган. Конституция куни муносабати билан Тошкентда ўтказилган халқаро конференцияда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари хотин-қизларнинг сайловларда иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётга ишлар ҳақида гапириб берган эди. Мана, биз ҳозир оналар ва болалар хонасида турибмиз. Грецияда бундай махсус шароит яратилмайди. Аммо аёлларимиз сайловларда фаол иштирок этишади.

Азим Ризо Деҳқоншоҳ, Эрон Ислом Республикаси:
                   
Мен Эрондан келдим. Сайловга тайёргарлик бўйича ташкилий ишлар олий даражада ўтказилган деб ҳисоблайман. Менинг Самарқандга биринчи марта келишим ва бу шаҳарни кўрганимдан ниҳоятда мамнунман. Унинг аҳолисига омадлар ёр бўлишини тилайман.

Ногиронлар ва кўзи ожизлар учун Ўзбекистон сайлов тизимида яратилган шароитларни  одамийлик, инсонпарварлик белгиси деб ҳисоблайман.


Тошпўлат Раҳматуллаев ёзиб олди.



Комментариев нет:

Отправить комментарий