Интернет нашрлар мисолида
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар
хусусида сўз юритаётган айрим кузатувчилар кейинги пайтда бироз бирёқламаликка
мойил бўлишаётгандай бўлиб кўринмоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон ташқи
сиёсатида Россияга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бу каби хулосалар қанчалик тўғри?
Буни, албатта, вақт кўрсатади.
Ўзбекистон билан Россиянинг ўзаро муносабатлари бундан аввал ҳам ўзаро
манфаатлар доирасида ривожланиб келганлигига ОАВ чиқишлари таҳлили орқали ҳам
ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шу мақсадда бир қатор Интернет нашрларнинг ушбу
йўналишдаги материалларини кўриб чиқсак.
ОАВ чиқишларини уч йўналишга ажратиш мумкин. Булар - Ўзбекистон Республикаси
ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзарор муносабатлар, Россиянинг халқаро
алоқалари ҳамда Россиянинг ички ҳаёти.
Иккала давлат ўртасидаги алоқаларга, айниқса Ўзбекистон Республикасининг
Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг шу йилнинг 25-26 апрель кунлари Россия
Федерацияси Президенти Владимир Путин таклифига биноан ушбу давлатга қилган
расмий ташрифи муносабати билан катта эътибор қаратилган эди.
Ўзбекистон миллий ахборат агентлиги “Ўзбекистон-Россия: стратегик
шерикликнинг янги босқичи” сарлавҳаси остида катта таҳлилий мақола чоп этган
эди. Мақолада мамлакатларимизнинг сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ўзаро
манфаатли алоқалари батафсил ёриталган (http://www.uza.uz/oz/politics/zbekiston-rossiya-strategik-sheriklikning-yangi-bos-ichi-27-04-2016-07).
Жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам
шартномавий-ҳуқуқий асосга эга эканлиги ва 2004 йилнинг 16 июнида имзоланган
Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва 2005 йилнинг 15 ноябрида имзоланган Иттифоқчилик
муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланиб бораётганлиги
уқтирилган.
Мақолада, шунингдек, мамлакатлар ўртасида иқтисодий соҳадаги
алоқаларнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболи хусусида сўз юритилган.
Ушбу мавзуга бошқа Интернет нашрлар ҳам ўз эътиборини қаратган эди. Ўзбекистон
либерал демократик партияси сайтида “Стратегик ҳамкорликни ривожлантириш йўлида
янги қадам” сарлавҳаси остида эълон
қилинган мақолада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг икки нафар аъзоси ва
Янгийўл туман фермерлар кенгаши раисининг фикрлари ўрин олган (http://www.uzlidep.uz/uzc/news/partiya-yangiliklari-frakciya-yangiliklari/strategik-khamkorlikni-rivozhlantirish-yulida-yangi).
Ўзбекистон “Адолат” СДП сайти ҳам ана шу мавзуга атаб тайёрлаган
материалини “Ўзаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш йўлидаги яна бир қадам”
сарлавҳаси остида чоп этди. Унда икки мамлакат ўртасида амалга оширилаётган
иқтисодий ҳамкорлик ёритилган ва қатор мисоллар келтирилган (http://adolat.uz/2016/04/ozaro-iqtisodiy-hamkorlik/ ).
Жумладан, мақолада таъкидланишича, республикамиз ҳудудида россиялик
ишбилармонлар билан ҳамкорликда 900 дан ортиқ корхона фаолият юритиб келяпти,
85 та фирма ва компаниянинг ваколатхоналари очилган, Россия ҳудудида эса
ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 500 дан ортиқ корхона фаолият
юритиб келмоқда. Сўнгги 15 йил ичида Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига
киритган сармояси эса 8 миллиард доллардан ошди. 2015 йилда бу кўрсатгич 2014
йилга нисбатан 40 фоизга ўсган.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Ресубликаси Биринчи
Президенти марҳум Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш учун Россияда амалга
оширила бошланган ишларни кенг ёритиб борди. Россия Федерацияси Президенти
Владимир Путин Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига ҳурмат бажо келтириб, 6
сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрганлигини Ўзбекистоннинг барча
ОАВлари ёритди.
NUZ.UZ сайти 9 сентябрда Россия Давлат Думаси Ислом Каримов хотираси
ҳурматига бир дақиқалик сукут билан бошланганлиги ҳақидаги хабарни тарқатган
эди. Шунингдек, интернет нашрлар Москвада Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилиши ва
Россия пойтахтидаги хиёбонлардан бирига унинг номи берилиши ҳақида ахборотларни
ҳам тезкорлик билан тарқатиб туришди.
Ўзбекистон интернет нашрлари юртдошларимиз Россиянинг ички ва ташқи
ҳаёти билан қизиқишини инобатга олиб, ушбу йўналишда ҳам материаллар бериб
боришди. Масалан, KUN.UZ сайти “Журналист мулоҳазаси: Россия-Туркия
муносабатлари яхшиланадими?” сарлавҳали мақола чоп этиган эди (http://kun.uz/news/2016/06/28/zurnalist-muloazasi-turkia-va-rossia-munosabatlari-ahsilanadimi).
Мақола шундай бошланади: “27 июнь куни Россия президенти матбуот котиби
Дмитрий Песков Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Владимир Путинга 2015 йилнинг
24 ноябрида уриб туширилган Су-24 самолёти учун узр сўраб мактуб йўллагани
ҳақида маълум қилди. Песковнинг айтишича, Туркия президенти юз берган ҳодисадан
афсусда эканини билдирган ҳамда учувчи Олег Пешковнинг ўлими юзасидан таъзия
изҳор қилган ва бу оила учун товон тўланишини билдирган”.
Мақола 28 июнда, яъни Дмитрий Песков чиқишидан ҳаммаси бўлиб бир кун
ўтиб эълон қилинган. Бошқача айтганда, сайт бош муҳаррири ва муаллиф Шарофиддин
Тўлаганов томонидан ўзбек тилида ахборот олувчилар манфаатини кўзлаб, тезкор
ҳаракат бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Мақолада ҳар иккала мамлакат ўртасидаги
муносабатларга совуқлик олиб келган ҳолатлар таҳлил қилинган ҳамда уларни қайта
тиклаш ва ўзаро манфаатли алоқаларни
йўлга қўйиш йўлида қўйилган дастлабки қадамлар устида фикр билдирилган.
Россия ва Туркия давлат раҳбарларининг 9 августда бўлиб ўтган учрашувини
NUZ.UZ сайти ўша кунинг ўзидаёқ ўқувчиларига етказди. Хабарда учрашувда
муҳокама этилган масалалар кенг қамровли эканлиги ва иккала мамлакат ўртасидаги
муносабатларни яхшилашга қаратилганлиги уқтириб ўтилган (http://nuz.uz/zhahonda/15524-bugun-rossiya-va-turkiya-davlat-rabarlari-uchrashadi.html).
Италия газетасида Россия президентининг
мақоласи чоп этилганлиги ҳақидаги хабарни KUN.UZ сайти “Владимир Путин террорчиликка
қарши курашишда дунё мамлакатларини бирлашишга чақирди” тагсарлавҳаси остида
эълон қилди. Унда Италиянинг “LaStampa” газетаси Россия Федерацияси президенти
Владимир Путинниг “Террорга қарши бўлган Россияга ишониш вақти келди” номли мақоласини
чоп этганлигини, мақолада давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқлиги таҳдидларга
қарши курашишда ҳалақит бераётганлиги ҳақида сўз бориши таъкидланган.
Ўзбекистон нашрлари йил давомида Россия ички ҳаётиниг турли қирраларини
ёритувчи хабар ва мақолалар ҳам бериб боришди. Жумладан, Владимир Путин Катта
Кремль саройида Федерация Кенгаши вакилларига мурожаат қилганлиги ҳақидаги хабарда
уқтирилишича, мурожаатда иқтисод, ижтимоий муаммолар, ички сиёсатга кўпроқ эътибор
қаратилган. Ушбу хабар 1 декабрь куни эълон қилинган эди.
NUZ.UZ сайти 19 сентябрда Россия Давлат Думасига сайлов бўлиб ўтганлиги
хусусида тарқатган хабарида 225 нафар депутат партиялар тақдим этган рўйхат
бўйича ва яна шунча депутат бир мандатли округлардан сайланганлиги айтилган.
Ушбу қисқача таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон интернет нашрлари
дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Россияда кечаётган жараёнлар ҳақида ҳамда
икки давлат ўртасидаги муносабатлар хусусида жамоатчиликни хабардор қилиш
борасида муайян ишларни амалга оширмоқда. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги
алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг омилларидан бири десак, муболаға бўлмайди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
“Новости Узбекистана” сайти, 08.12.2016
Комментариев нет:
Отправить комментарий