воскресенье, 11 августа 2019 г.

Бизда сиёсий партия борми? Ёки улар фақат сайлов олди қишки уйқудан уйғонишадими?



Сарлавҳада ўртага ташланган саволдан ҳайрон бўлманг. Ҳа, бизда бешта партия мавжуд. Аммо узоқ “қишки уйқу”дан фақат сайловлар арафасида уйғонадиган, шундагина ўзининг борлигини электоратига кўрсатадиган, қуйи ташкилотлари деярли ишламайдиган  партияни  том маънодаги сиёсий ташкилот деб аташ мумкинми? Нега сиёсий партиялар халқ билан ҳокимият ўртасида асосий боғловчи бўлган демократик институтга айлангани йўқ?

  
Ўтаётган йилнинг декабрида мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши олдидан бундай саволларга жавоб топиш айни муддаодир. Негаки, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган ушбу сиёсий тадбир ҳар биримизнинг яқин келажакдаги тақдиримизга дахлдорлиги билан ҳам муҳим аҳамиятга молик.


Вазифасини уддалаяптими?

Сарлавҳада қўйилган саволга аниқ жавоб бериш учун сиёсий  партия ўзи нима мақсадда тузилишини, унинг вазифалари нималардан иборат эканлигини билиб олишимиз лозим.
Фуқаролик  жамияти қатор институтлардан иборат. Ана шуларнинг энг муҳимларидан бири сиёсий  партия саналади. Сиёсий  партиялар жамиятнинг маълум қисмининг, ўз электоратининг манфаатларини ҳимоя қилиб чиқади. Улар давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга айланиши, халқни ўйлантираётган масалаларни муҳокама қилиб, уларни ҳал этиш механизмлари топиши ва амалга ошириши лозим.
Хорижда сиёсий партиялар конституциявий йўл билан ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида ташкил этилади. Уларнинг парламент сайловларида иштирок этишдан мақсади қонун чиқарувчи органда иложи борича кўпроқ ўринга эга бўлиш, ҳукумат таркибига кириш ҳамда ҳукуматни ўз қўлида сақлаб туриш ва таъсир ўтказишдан иборат.
Ҳар қандай сиёсий партия ҳам ўз аъзолари, тарафдорлари, хайрихоҳларининг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Ушбу максадини партия ташкилот ичида, яъни партиявий фаолият билангина амалга ошира олмайди. Шунинг учун партия аъзоларининг сиёсий тизимда раҳбарлик ўринларини эгаллашга интилишлари табиий ҳолдир.
Партия ҳар бир жамиятда мавжуд бўлган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий манфаатларни ҳимоя қилиш йўлидаги хуфёна, адолатсиз курашнинг олдини олади. Чунки гуруҳларнинг сиёсий партияларга бирлашиши барча муаммоларни қонун йўли билан ҳал этиш имконини яратади. Акс ҳолда, турли даражадаги амалдорлар ўз манфаатлари ҳимоясида ҳеч қандай усул ва воситалардан қайтишмайди. Мана, қаранг, мамлакатимизда қанча мукаммал қонунлару қарорлар қабул қилинмоқда. Лекин уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва, умуман, ислоҳотларнинг бориши қийинчиликлар билан кечмоқда. Бунинг сабабларидан бири турли даражадаги амалдорларнинг манфаати жамият манфаатлари билан тўқнаш келаётганлигидадир. Қаердаки  биринчи раҳбар, айтайлик, вилоят ҳокими ўта қаттиқкўл ва талабчан бўлса, ўша жойда иш кетмоқда. Аслида эса раҳбар эмас, тизим ишлаши керак.
Мавжуд ҳолатнинг сабабларидан бири тўлақонли жамоат назоратининг шаклланмаганлигидадир.
Мамлакат белгилаб олган тараққиёт йўлидан, стратегик мақсадлардан оғишлар юз берганда, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият идоралари қабул қилаётган қарору фармойишлари мавжуд қонунларга зид бўлганда, сиёсий партиялар бу ҳолга кенг жамоатчилик диққатини жалб қилиши лозим. Яъни нуқсонлар, камчиликлар пайдо бўла бориши билан уларни бартараф этиш пайида бўлишлари керак.
Умуман, сиёсий партияларнинг ривожланган мамлакатлардаги бир неча асрлик  тажрибаси асосида партиянинг жамиятдаги ўрни, амалга ошириши лозим бўлган вазифалари ҳақида кўп гапириш мумкин. Бу хусусдаги айрим хулосалар билан чекланамиз.
Сиёсий партиялар фуқароларнинг сиёсий маданиятини шакллантириш, улар томонидан демократик тамойилларни пухта ўзлаштириб олишлари учун муҳим ўрин тутади. Буфуқароларни сиёсий ўқишларга жалб этиш, сиёсий фаолиятга фаол қатнашишини таъминлаш орқали амалга оширилади.
Бир қатор мамлакатларда партияларнинг сиёсий, маънавий ва тарбиявий вазифалари қонун билан белгилаб қўйилган. Сиёсий вазифаларга қуйидагилар киритилган: давлат органлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларини шакллантиришда ва уларнинг фаолиятларида иштирок этиш; сиёсий кадрларнинг алмашиб туришини таъминлаш; фуқаролар сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш; жамият ва давлат орасида воситачилик қилиш.
Сиёсий партияларнинг ўта муҳим вазифаларидан бири фуқаролар орасидан сиёсатчиларни тарбиялашдан иборат десак,  муболаға бўлмайди. Чунки партиянинг ҳар қандай оддий аъзоси ҳам маълум топшириқларни бажариш, сиёсий тадбирларда қатнашиш, турли мавзуларда чиқиш қилиш давомида сиёсатчи сифатида шаклланиб боради, сиёсий кураш мактабини ўтайди. Аксарият ғарб мамлакатларнинг раҳбарлари айнан партиявий кураш чиғириғидан ўтиб, пишиб, ўзи эгаллаб турган лавозимига эришган.
Умуман олганда, сиёсий партиянинг вазифаларига қуйидагилар киради: турли сиёсий манфаатларни ифода этиш; ўз қарашларини тарғиб қила олиш ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш; сиёсий таълимни олиб бориш; сиёсий лидерларни тайёрлаш; сайлаб қўйиладиган вазифалар ва ҳукумат учун номзодлар тайёрлаш; ҳукумат партияси сифатида уни қўллаб-қувватлаш; мухолифат сифатида ҳукуматни назорат ва танқид қилиш; халқ ва давлат ўртасида доимий алоқани шакллантириш.
Ана энди холислик билан айтинг: бизнинг сиёсий  партия ушбу вазифаларни қай даражада уддаламоқда? Улар сиёсий лидерлар етиштиришга интиляптими? Ўрни келганда ҳукуматни назорат ва танқид қиляптими? Халқ ва  давлат ўртасида доимий алоқани шакллантириш йўлида нима қилмоқда?

Сиёсатдаги фаолиятдан ҳам кўнгил тўқ эмас...

Сиёсий партиялар зиммасида анчагина масъулиятли вазифалар борлигига гувоҳ бўлдик. Бундай ташкилотлар номигагина тузилишига, жамиятда қандайдир безак сифатида мавжудлигига ҳожат йўқлигини ҳам тушундик, шекилли. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиздаги сиёсий партиялар фаолиятига назар ташлар эканмиз, мавжуд аҳволдан кўнглимиз тўлмаслиги аниқ. Ҳар ҳолда, улар фаолиятида, айниқса жойларда амалга ошираётган ишларида сиёсий партияга хос жиҳатлари унчалик кўринмайди ҳам. Сиёсий ташкилот даъвосида бўлган партия сиёсат билан шуғулланиши керак эмасми?
Негадир биз ҳалигача «сиёсат», «сиёсат билан шуғулланиш» деганда эски замондан қолиб кетган қолиплар доирасида фикр юритамиз. У даврда жамият ҳам, алоҳида шахс ҳам амалда ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас эди. Ҳаммасини давлат ва унинг хизматида бўлган ягона ҳукмрон партия ҳал этарди. Шахсга катта бир механизмнинг мурвати сифатида қараларди. Унинг вазифаси ана шу механизм бир маромда ишлашини таъминлашдан иборат эди.
Сиёсий фаолият билан шуғулланмасдан туриб, сиёсий қадриятларни шакллантирмасдан туриб партиялар ўз олдига турган бирор-бир вазифани кўнгилдагидек ҳал қилолмайди. Ана шундай фаолият туфайли гуруҳларнинг хоҳиш-истаклари, ўзаро зиддиятли манфаатлар ҳам сиёсат даражасига кўтарилиб, маданий баҳс-мунозара асосида, қонунга таянган ҳолда ҳал этилади. Акс ҳолда хуфёна курашлару гуруҳбозликлар давом этаверади.
Партиянинг аҳоли сиёсий онгини шакллантиришдаги масъулияти ҳақида сўз юритар эканмиз, бунинг мамлакатимиз тараққиётида тутган ўрни билан боғлиқликда талқин этмоғимиз зарур. Айрим юртдошларимизнинг турмушдаги қийинчиликлардан нолишлари, баъзи бир амалдорларнинг ўзларига нисбатан ножўя хатти-ҳаракатлари ҳақида шикоятларини эшитиб қоламан. Шунда уларга қуйидаги саволни бераман: «Хўш, сиз ўзингиз аҳволингизни яхшилаш йўлида бирор амалий қадам қўйдингизми? Амалдордан қонуний йўл билан ўз ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилиш борасида нима қилдингиз?»
Биз демократик тамойиллар ҳақида кўп гапирамиз-у, демократияни бизга тепадан ёки четдан ҳеч ким киритолмаслигини англаб етмаймиз. Уни ўзимиз кундалик интилишларимиз, курашимиз орқали қўлга киритамиз. Ўша демократик тамойилларга ўзимиз лойиқ эканлигимизни исботлашимиз ҳам керак.
Шундай экан фуқароларни сиёсий маданияти шакллантириш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳар бир шахснинг жамиятда кечаётган жараёнларнинг онгли иштирокчисига айланишини таъминлашда сиёсий партиялар олдида муҳим ва масъулиятли вазифалар турибди.
Мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар фаолияти ҳақида аҳолимиз фақат уларнинг Марказий кенгашларида амалга оширилаётган тадбирлар ва Олий Мажлисдаги депутатлар фракцияларининг ишлари орқали хабардор бўлиб турибди. Худди айсбергнинг фақат тепа, кўзга кўринадиган қисми бордек. Аслида фақат пойтахтда фаолият юригизаётган, ўзининг марказий идораси доирасида қолиб кетаётган ташкилотни тўлақонли сиёсий партия деб аташ нотўғри-қу!
Сиёсий партиянинг асоси унинг жойлардаги маҳаллий ташкилотлари, қуйи бўғиндаги фаоллари ҳисобланади. Партия аҳоли учун, ўз тарафдорларининг манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида тузилган экан, айнан ана шу фуқаролар орасида бўлиши, ўзининг кундалик фаолияти билан нима мақсадда тузилганлигини исботлаб туриши зарур. Оддий фуқаро партия бор-йўқлини сезмаса, бундай ташкилот раҳбари ўз чиқишларида «биз ундай қиляпмиз, биз бундай қиляпмиз» деб мақтанишга ҳақлими?

...Яқинда интернетда ўзига хос бир хабар тарқалди. Унда айтилишича, Жиззах вилояти фермерлар кенгаши раҳбари туманларга хат юбориб, Экологик партияга ҳар бир тумандан 50 кишини аъзо қилишни сўраган. Энг қизиғини эшитинг. Экологик партияга фермерларни аъзо қилиш ҳақида хат чиқарган вилоят фермерлар кенгаши раисининг ўзи ЎзЛиДеп сиёсий кенгаши аъзоси. Энди ўзингиз хулоса чиқараверинг...

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

“Даракчи”, №26, 27 июнь 2019 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий