Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда тўғри масала кўтарилмоқда. Ҳоким
сиёсий арбоб сифатида ўзи ёки атрофидагилар йўл қўйган хато учун узр сўраб,
истеъфога чиқиши лозим. Барча демократик давлатларда амал қилаётган тартиб
шунақа. Узр сўраш билан кифояланиб, давлат раҳбаридан уни кечиришини ёки
кимнингдир адвокат сифатида унинг ҳимоясига чиқишини кутиш ўтган замон воқелиги
бўлиб қолсин. Ахир, биз ҳам ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан
бораётганлигимизни эълон қилганмиз?
Эскилик қобиғида қолиб кетаётган, зўравонликка асосланган иш услубидан
бошқасини билмайдиган, халқ манфаати учун эмас, фақат “тепа”га, давлат
раҳбарига яхши кўриниш учун “заҳмат чекаётган” ҳоким билан бирга уни шу даражага
етишига, босар-тусарни билмасдан хоҳлаган ишини қилишига мадад бериб келган
маддоҳ журналистлар ҳам бошқа тинчроқ иш топса маъқул бўларди. Бас, бўлди! Олганингни
олдинг, маддоҳқул! Шу кунгача ордену медаллар, юксак унвонлар сеники бўларди. Энди
давр ўзгара бошлади. Сенга ўхшаганлар билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг оммавий
ахборот воситалари қоғозда эмас, амалда тўртинчи ҳокимият бўлиши керак деган
талабини бажариб бўлмайди!
Маддоҳларнинг номини тилга олмаган бўлсам-да, кўпчилик кимлар ҳақида гап
кетаётганлигини яхши англайди. Улар ҳар бир вилоятда пачкалаб топилади. Масалан,
Фарғона ҳокимининг ҳар бир сўзини қўллаб келган бош маддоҳ ким деган саволга
ҳамма хато қилмасдан тўғри жавоб қайтаришига шубҳам йўқ.
Жонкуяр ҳокимлар, агар амалда аҳоли ва юрт фаровонлиги учун фаолият
юргизаётган бўлса, қабулларию бошқа ишлари пиар учун, “тепа”га ёқиш илинжида
қилинмаётган, кадрлани алмаштириши давомида маҳаллийчиликка йўл қўймаётган
бўлса, бошига зўравон ҳокимларнинг бугунги аҳволи тушмасин деса, маддоҳ
журналистлар билан бирга уларни қўллаб турган матбуот котибига ҳам жавоб бериш
керакдир, назаримда. Чунки матбуот котиби конструктив танқиднинг ролини
тушунмаса, “танқид ўрнига яхшилик қил” деган талаб билан чиқса, унинг бошлиғи
бўлган ҳокимнинг аҳволига вой! Айнан маддоҳ эмас, балки камчиликни кўрсатганлар
раҳбарга яхшилик қилган бўлади.
Тошпўлат РАҲМАТЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий