Ҳар куни қанча одам “свет йўқ, қачон ёнаркин, режалаштирган ишимни ўз
вақтида бажара оламанми” деган ўй-хаёл билан юради. Агар “светчи” зиммасидаги
ишни, яъни маош оладиган ишини ҳалол бажарса, аҳоли ҳозиргидек оғир аҳволга
тушмаган бўларди. Мана, бугунги воқеа.
7 августга ўтар кечаси Боғимайдон маҳалласида, 60-мактабнинг ёнгинасида
жойлашган 1277-трансформаторда ёнғин содир бўлди. Яхшиҳамки, ТП қаршисида
яшайдиган Ҳикмат ака қаттиқ портлаш овозидан уйғониб кетиб, ташқарига чиқади ва
трансформаторга ток етказувчи калитни бураб, катта фалокатнинг олдини олишга сабабчи
бўлади.
Эрталаб шаҳар электр тармоқлари корхонасини бўлган воқеадан хабардор
қилдик. Мен ўзим шахсан корхона раҳбари Алишер Муталибовга қўнғироқ қилдим. Махсус
машинани мутахассислари билан юборишни ваъда қилди. Ҳеч кимдан дарак бўлмагач,
яна Муталибовни безовта қилишга мажбур бўлдим. У киши шаҳарда авария кўплигини,
куннинг иккинчи ярмида “авария машинаси” кўрсатилган манзилда бўлишини
билдирди. Фақат соат 16га яқин устлар келди. Улар аҳвол билан танишгач, керакли
ускуналари йўқлиги ва аварияни бартараф этиш учун чилангар уста кераклигини
айтиб, ғойиб бўлишди.
Кутдик, ҳеч ким келмади. Маҳалламиздаги уста Ўктамни илтимос қилиб, у
айтган керакли материалларни сотиб олдик ва устамиз уч соат деганда ишини
тугатди. Яна хонадонларга свет келди.
Бўлган воқеадан вилоят электр тармоқлари идораси раҳбари Маҳмуд
Пардаевни хабардор қилдим. Бошлиқ Муталибов билан гаплашиб қўйишини таъкидлади.
Ана шунақа гаплар. Маҳалламизда уста бор экан, жонимизга оро кирди. У
бўлмаганда, аҳоли неча кун светсиз ўтиришга маҳкум этилган бўларди? Бунақа
идора, бундай “усталар” кимга керак? Улар ўз маошини оқлаяптими?
Тошўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий