четверг, 8 августа 2019 г.

“Гуманитар фалокат” ёхуд коррупция йўлидаги амалдорлар


 
Ўтган ҳафта интернет тармоғи аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларини ноқонуний бузилишига мамлакатимизнинг турли туман ва шаҳарлари аҳолисининг муносабатига бағишланган хабару мақолалар  билан тўлиб тошди. Шукрлар бўлсинки, давлатимиз раҳбари аралашуви билан адолатсизликка чек қўйила бошланди.


Маҳаллий ҳокимият мутасаддилари томонидан оддий одамларни менсимаслик, уларнинг аҳоли ўртасида ўзини хон ёки амирдек тутиши барчани ғашига тега бошлаган эди. Энг асосийси, амалдорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати аҳолининг давлат сиёсатига бўлган ишончига путур етказиши мумкин эди.
Нега ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдани фармонидаги “Ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади” деган талабларига зид, худди улар ўз ҳудудларида алоҳида бошқарув тизимини ўрнатгандек ҳаракат қилди?
Тинчлик ва осойишталик ҳукмронлик қилаётган мамлакатимизда уруш алангасида қолиб кетаётган давлатларга нисбат бериладиган “гуманитар фалокат” ҳақида сўз юритиладиган бўлди. Ўзимиз ўз қўлимиз билан аҳолининг уй-жойини бузиб, минглаб кишилар олдида катта муоммо яратдик. Дастлаб Тошкент ва Самарқандда авж олган буза-бузлар кўп ўтмай  Риштон, Янгийўл, Яккабоғ, Урганчни ҳам қамраб олди. Ижтимоий тармоқлар бу туман ва шаҳарлардаги ҳолатни назарга олиб, уларни “қайноқ нуқталар” деб атади.
Бундай қонунбузилиш ҳолатлари кўпайса кўпайдики, камаймади. Амалдорнинг фақат “тепа”га қараб иш кўриши оқибатида аҳолининг оҳу ноласи керакли жойга етиб боргунича бедодлик, қонунбузарлик давом этаверди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов келтирган маълумотларга қараганда, 2019 йилнинг май-июнь ойларида кўчмас мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган акция доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда 874 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Эътибор қаратинг, бу фақат икки ойда!
Ваҳоланки, оддий фуқарони менсимасдан, мавжуд қонун, қоида ва тартибларга тупуриб, ўзи билганича амал қилиб келган ҳокиму ҳокимчалар билиб қўйиши керак: унинг ўз халқига нисбатан қилган қонун ва инсонийлик нормаларидан ташқари бўлган хатти-ҳаракати мамлакатимизнинг халқаро обрўсига, имижига салбий таъсир қилади, давлатимиз раҳбарининг жаҳон миқёсида, халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнимизни топишимиз йўлида катта машаққат билан олиб бораётган сиёсатига нисбатан душманликдир!
Бўлди энди! Бас! Энди ҳоким (прокурор, ИИБ бошлиғи) айтди, қандай бўлса ҳам, унинг топшириғини бажариш керак деган ақидадан узоқлашиш лозим. Амалдорниниг топшириғини бажаришдан аввал у қонун доирасидан чиқмаяптими, мавжуд тартиб, қоидаларга зид эмасми, унинг буйриғини бажарганда адолат тамойили бузилмайдими деган ўринли саволларга жавоб берилса, тўғри бўлади.
Бундай ҳақли талаб кўпроқ ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларига тегишли. Шу вақтгача улар маҳаллий ҳокимият раҳбарлари айтганларини бажариб келаётган эди. Улар ҳатто қабул кунларида ҳам барча ишларини ташлаб, ҳоким билан йиғилишу тадбирларда қатнашадиган бўлди.
Ўзим гувоҳи бўлган ва маҳалламизда бўлиб ўтган аянчли воқеани эшитинг. Бундан бир ярим йил муқаддам Самарқанд халқаро аэропортига олиб борадиган йўл – Академик Воҳид Абдуллаев кўчасидаги 16та хонадон бузилишга тушди. Ўша вақтдаги вилоят ҳокимининг буйруғини бажарамиз деб, ҳокимлик мутасаддилари ва ИИБ ходимлари уй-жой эгаларини қурувчи билан тезроқ шартнома тузишга ва турар жойларини бузиб, ижарага чиқишга  мажбурлади. Ҳар бир хонадонда икки-учтадан оила борлигини инобатга олсак, қанча одам овораю сарсон бўлиб юрибди.
Шартнома бўйича қурувчи ўтган йилнинг охирида бузилган ҳовлилар ўрнида кўп қаватли турар жой қуриб, ҳовли соҳибларига квартира ажратиши лозим эди. Аммо вазият ўзгарди, қурилиш ишлари тўхтатилди, қурувчи устидан жиноят иши очилди. Уйсиз қолган ҳамюртларимиз нима қилишини билмайди. Тўрт томонга қилаётган мурожаатлари натижа бермаётир. Ахир, улар ўз ихтиёри билан эмас, маҳаллий ҳокимиятнинг қурувчига берган ҳужжатларини кўриб, керак бўлса мутасаддиларнинг қистови билан қанча машаққат билан йиллар давомида бунёд этган маконини бузган эди. Бундай вазиятда ҳокимият масъулиятни ўз зиммасига олиши ва муаммони аҳоли фойдасига ҳал қилиш шарт ва зурур эмасми?!
Ана шунақа гаплар. Ўйлаймизки, энди вазият яхши томонга ўзгариб боради. Ўтган ҳафта охирларида бўлиб ўтган воқеалар ва далатимиз раҳбарининг уларга муносабати шундай дейишга асос бўлмоқда.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, шарҳловчи

“Даракчи”, №31, 2019 йил 1 август

Комментариев нет:

Отправить комментарий