суббота, 31 августа 2019 г.

“Шарқ тароналари”нинг якуний концертига кимлар киради?


Фестивалнинг очилиш маросимида нафақат оддий фуқаролар, балки самарқандлик журналист ва блогерлар ҳам киритилмаган эди. Натижада давлат ОАВда ишлайдиган журналистлардан ташқари аксарият қалам аҳли фестивалнинг боришини ёритмади. Билмадим бундан ким фойда кўрдию, ким зарар! 

Ахир, биз фестивалга тайёргарлик жараёнини баҳордан бошлаб ёритиб келаётган эдик. Мен ўзим март ойида Регистон кўчасидаги турар жойларда олиб борилган ишлар ҳақида, май ойида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ўтказган матбуот анжумани хусусида “Бу йилги “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали ўзгача ўтади” сарлавҳаси остида хабар берган эдим.

“Sharq taronalari PRESSA” телеграм мессенжерида фестивалнинг ташкилий ишлари хусусида ҳам кўплаб камчиликлар айтилмоқда. Маҳаллий журналист ва блогерлар бейжигида сурат ва муҳр бўлмаганлиги киришда муаммолар яратаётганлиги, кирганда жойлар банд бўлаётганлиги ва кўп ҳолларда ҳокимият тизимидагиларнинг яқинлари ва оила аъзолари Регистонга киритилаётганлиги ва бошқалар шулар жумласидандир. Ижтимоий тармоқда ҳатто кириш рухсатномасини сотиш эълони чиқди.

Ўзим ҳам олдинги фестивалларда якуний концертга таклифномалар сотилганлигидан хабардорман. Юзлаб савдо ходимлари, тижоратчилар, ҳокимликда ишлайдиганларнинг яқинлари томошабинлар қаторидан жой олишарди. Улар очиқчасига таклифнома учун яхшигина пул беришганлигини айтишарди. Бу йил, аниқроғи, бугун нима бўлади? Кимлар киради?

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

30.08.2019

Комментариев нет:

Отправить комментарий