воскресенье, 11 августа 2019 г.

Бокс. Қир маҳалласининг очиқ биринчилиги ғолибларига гилам совға қилинди



 Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусни амалга ошириш юзасидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд шаҳар кенгаши қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Улардан бири куни кеча Қир маҳалласида бўлиб ўтди.

 
Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган Президентнинг иккинчи ташаббуси бўйича маҳаллада спортнинг бир қатор турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Унинг очилишида сўз олган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд шаҳар кенгаши раисининг ўринбосари Аҳмаджон Маматов қадимий кентнинг маҳаллаларида ана шундай тадбирлар бўлиб ўтаётганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Қир маҳалласидаги мусобақаларда ёшлар ўртасида кенг тарқалаётган спорт турларидан бири бўлган бокснинг киритилиши диққатга сазоворлиги қайд этилди. Бу ишда ташаббускор маҳалла раиси Комил Носировга вилоят ва шаҳарнинг спорт мутасаддилари томонидан яқиндан ёрдам кўрсатилди.
 
Дастлаб болалар ва ўсмирлар шахмат ва шашка тахталари устида беллашдилар. Шундун сўнг ёши катталар стол тенниси мусобақасида иштирок этишди. Маҳалланинг бадиий гимнастикачи қизлари кўргазмали чиқишлари билан ушбу нафис спорт тури сирларини эгаллаш йўлида дадил қадам қўй бошлаганларини намойиш этишди. Охирида чарм қўлпоқ усталари бўлиш йўлига қадам қўйган ўсмирлар рингга таклиф этилди.
 
Бокс мусобақаси бошланишида у Қир маҳалласининг очиқ биринчилиги деб эълон қилинди. Чунки мусобақада қўшни маҳалла вакилларидан ташқари Самарқанд, Тойлоқ, Пастдарғом туманларидан келган ёш спортчилар ҳам қатнашди.

Барча спорт турлари бўйича ғолибларга гилам совға қилинди. Совриндорлар ҳам уйларига қуруқ қайтишмади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Муаллиф туширган суратлар

Комментариев нет:

Отправить комментарий