воскресенье, 25 августа 2019 г.

Сенат қарорига бир йил тўлди. Тўйларимизда тартиб бўлдими?




Бир йил аввал, 2018 йилнинг августида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган эди. Ўшанда тўй ва маъракалар бўйича қатъий нормалар ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди. 


Сенаторлар оилавий тадбирларни миллий қадриятлар асосида, камхарж, дабдабалардан холи ўтказишни кенг жамоатчилик ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи лозим, деган фикр билдирган эди.

Хўш, ўтган бир йил давомида тўй-маъракаларни рисоладагидек ўтказиш йўлида нима ишлар қилинди? Бирор бир ижобий ўзгариш бўлдими? Бу саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан аввал масаланинг айрим жиҳатларига эътибор қаратайлик.

Президент куюнчаклигининг сабаби нимада?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 ва 2018 йиллар давомида дабдабали тўй ва маросимларнинг салбий оқибатлари ҳақида куюнчаклик билан сўз юритган эди. Жумладан, 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилари билан ўтказган учрашувида юртбошимиз қуйидагиларни таъкидлаган эди:

“Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”.

Президент мутасадди ташкилот раҳбарларига оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича топшириқ берар экан, тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Нимани кутган эдику, нимага эга бўлдик?

Ўзбекистон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида 15 март куни Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналари, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш» тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинган эди.

Қарор лойиҳасига тўй ва маъаракаларни ўтказиш бўйича низом лойиҳаси ҳам илова қилинган бўлиб, унинг 7-бандида тақиққа тушиши кутилаётган тўй атрофидаги тадбир ва маросимлар рўйхати келтирилган. Улар қаторига “келинсалом”, “куёвнавкар”, “love story”, пул сочиш, пул қистириш кабилар ҳам киритилган ҳамда бу тақиқ ва чекловларни бузган шахслар жавобгарликка тортилиши кўзга тутилган эди.  

30 мартда Сенат оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида Республика ишчи гуруҳини ташкил этди. Одамлар шундан сўнг ёзга бориб, Сенат тўй-маъракаларни ихчамлаштиришга қаратилган қарор қабул қилади деб ишонган эди.

Сенат 2018 йил 29 июнда «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилганди. Бу қарор билан тўй ва бошқа оилавий тадбирларга мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш белгиланганди.

2018 йил 13 августда бўлиб ўтган Сенат мажлисида халқимизнинг миллий урф-одатлари, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, сенаторлар тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди. Бунга одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдалироқ эканлиги уқтирилди. Демак, ҳар биримиз оилавий тадбирларни камхарж ўтказишни онгли равишда англаб етишимиз зарур бўлди.

Афсуски, ўтган бир йил биз сўз юритаётган муаммо бўйича “кенг жамоатчилик ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи” учун анча кўп муддат керак бўлишини кўрсатди. Тўй харажатлари ва у билан боғлиқ тадбир ва маросимлар кўпайса кўпайдики, аммо камаймади. Энди пул қистиришдан хонандани пулга “чумилтириш” одатига ўтдик. Топарман ҳам, қийинчилик билан рўзғор тебратаётган ҳам деярли бир хил тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишга интилмоқда. “Кўрпанга қараб оёқ узат” мақоли эскилик сарқитига айланди ва унутилди.

Тўй ҳисоб-китобли бўлсин...

Тўй ҳисоб-китоб асосида ташкил этилишига давлатимиз раҳбари ҳам урғу бермоқда. 2018 йил Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкентда уюштирилган тантанали маросимда қилган маърузасида Шавкат Мирзиёев тўйлар масаласига тўхталиб, жумладан шундай деган эди: “Ҳеч ким “тўй қилманглар, тўй қилиш мумкин эмас!”, деб айтаётгани йўқ, лекин ҳар хил гап-сўзлар чиқиб кетяпти. Тўй маъноли, мазмунли, ҳисоб-китобли бўлсин деб айтяпмиз”.

Бемаъни одатлардан қачон қутуламиз?

Аслида, мавжуд бўлган яхши анъаналаримиз кейинги пайтларда бемаъни одатларга айланиб бормоқда. Мана, куёв ва унинг дўстлари келинникига борадиган ва “куёв навкар” деб аталадиган одатимизни олайлик. Куёвтўра никоҳ маросимини адо этиш учун бўлажак қайнотасиникига бир ўзи шўппайиб бормайди-ку! Дўстлари қуршовида боради. Шундай бўлмоғи лозим.

Аммо авваллари камтарона дастурхон атрофида анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда бажарилган маросим кейинги пайтда дабдабали бир тадбирга айланиб, маданиятсизлик, ҳатто баъзи жойларда ахлоқсизлик кўринишини олди. Масалан, келин уйидаги буюмларни, ҳатто сандиқда турган матоларни олиб кетиш куёв навкарларнинг одатига айланган.  Баъзи жойларда куёвжўралари бўшаган чинни идишларни кўрпача остига қўйиб, оёқлари билан  босиб синдиришар экан. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода куёв навкарлар дастурхонни шип-шийдам қилиб ташлаётгани тасвирланган эди.

Кейинги пайтда пайдо бўлган келин навкар хусусида аҳоли томонидан ўта салбий фикрлар билдирилмоқда. Бу ҳақда бундан икки йил олдин давлатимиз раҳбари ҳам сўз юритиб, шундай деган эди: “Олдин куёв навкарлар бўларди, энди бунақаси ҳам чиқибди. Келин 10 нафарча дугоналарини бир хил кийинтириб, келин навкар бўлар экан”.

Хулоса ўрнига

Биргина рақам мисолида мавзуга оид хулосани чиқариш ўзингизга ҳавола: 2017 йилда 31939та никоҳ бузилган. Тўғри, ҳеч ким никоҳ бузилишини истаб тўй қилмайди. Аммо кўп ҳолларда тўйдан кейинги қарздорликлар, етишмовчиликлар ҳам бунга сабаб бўлади. Шундай экан, агар тўйга қилинадиган сарф-харажатларни меъёрда таъминлаб, асосий эътиборни тўйдан кейинги ҳаётни режалаштиришга қаратсак, нохуш оқибатларга бироз бўлса-да барҳам  берилишига эришармидик?!

Яна бир гап: тўй иқтисодиёти деган тушунча мавжуд. Ҳар ким даромаду буромадини аниқ ҳисоб-китоб қилгандан сўнггина тўй тарадудини бошлаши лозим. Омадли тадбиркор, қўли узун бизнесмен қилаётган сарф-харажатларни кўриб, уларга тенглашаман деб, бор-будидан айрилиб, қарзга ботганлар қанча?

Тўй иқтисодиёти қоидаларини менсимаслигимиз оқибатида катта миқдорда пул маблағлари ҳавога совурилмоқда ва моддий бойликлар, биринчи навбатда, озиқ-овқат маҳсулотлари нест-нобуд бўлмоқда. Тўйга таклиф қилинадиган меҳмонлар сонини қисқартириб, дастурхонни хўжакўрсинга эмас, меъёрни билган ҳолда безатсак, беҳуда исрофгарчиликнинг олдини олган бўлардик.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

“Даракчи”, №34, 22.08.2019




Комментариев нет:

Отправить комментарий