четверг, 17 июля 2014 г.

Азон айтишда овозни кучайтирувчи воситалардан фойдаланиш хусусида баҳс

Асрлар давомида муаззиннинг янграган жонли овози ўрнида шу кунларда микрофон орқали етти маҳаллага тарқалаётган азон ҳақида ким қандай фикрда?

Яқинда икки ўқимишли одамнинг ана шу саволлар аторфидаги баҳсига гувоҳ бўлдим. Улардан бири дунёвий илм асосларидан анча хабардор олим (уни Олим ака деб атаймиз), иккинчиси эшонлар авлодидан бўлган диний билимлар соҳиби (уни Эшон ака деймиз).

Олим ака: Азон айтишда овоз кучайтириш воситаларидан нега фойдаланилмоқда? Азон намозга чақириш, шундай эмасми? Демак, масжидга келганлар эшитса бўладиган баландликда овоз чиқариб айтилса кифоя қилмайдими? Авваллари овозни кучайтирувчи техник воситалар бўлмаган-ку!

Эшон ака: Агар бундай тарзда фикр юритадиган бўлсак, олдинлари кўп нарса бўлмаганлигини тан олишимиз керак. Аммо ҳозирда биз турли-туман янги воситалардан фойдаланиб келмоқдамиз. Мен бу билан ҳамма ҳолатда, кичик маҳалла масжидида ҳам микрофон орқали азон айтиш зарур демоқчи эмасман. Менимча, бизда намозхони бир минг нафардан ошган масжидларгагина овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш тавсия этилган.

Олим ака: Ундай бўлса, Сўзангарон маҳалласидаги Хожа Нисбатдор масжидида муаззиннинг микрофондан фойдаланиши ноўрин экан-да! Чунки бу ерда намозхонлар сони унчалик кўп эмас.

Эшон ака: Бошқа томондан қарасак, азоннинг хосияти жуда кўп. Таъкидланишича, азон овози эшитилган ҳудуддан шайтон қочар экан. Шу сабабли муаззин баланд минорага чиқиб азон айтган. Масжид қуббалари ва мезанаси овозни табиий равишда кучайтиришга хизмат қилган.  Азонни баланд овоз билан, оҳангга солмасдан айтиш мақбуллигини кўп марта эшитганман.

Олим ака: Лекин овознинг табиий баландлиги билан микрофон орқали узатиладиганининг фарқи ер билан осмонча эканлигини унутманг. Маҳаллада беморлар, вақтида ухлай ололмайдиганлар бор. Тунда, соат миллари ҳали тўртга етмасдан чиққан баланд овоз кўпчиликнинг оромини бузаётганлигини инобатга олиш керак деб ўйлайман.

Ушбу баҳс яна анча давом этди. Эшон ака ҳозирги тўйларда янграётган баланд мусиқа садоларига чидаб келаётганлар нега энди азонга ёпишиб олишаётганлигини уқтирса, Олим ака бу икки ҳолатни умуман солиштириб бўлмаслигини таъкидлади. Улар ўртасидаги баҳсга ким қандай муносабат билдираркин?


Тошпўлат Раҳматуллаев

2 комментария:

  1. Олим ака мунофик эмасмикан? Эшон бобони гапларига 200% кушиламан. Мусулмон кишининг азон борасида салбий фикрда булишини тасаввур хам килолмайман. Манимча бу борада тортишувни келтириш хам нотугри.

    Айнан Олим ака барин вакти Рамазонба хам нушида мегаштагихо аксарият одамхо Сузангарон масжидашба намедарод таробехба.

    ОтветитьУдалить
  2. Nima ham derdik, Olim akaga Xudo insof bersin.

    ОтветитьУдалить