среда, 11 ноября 2015 г.

Пули йўқ бемор хусусий тиббий марказга бормасин!

 
Самарқандда хусусий тиббий марказлар кўпайиб бормоқда ва бу ҳолат пули бор кишиларга яхши. Чўнтаги кўтармайдиганлар у ерга боришни хаёлига ҳам келтирмасин. Бу ҳақда танишларим мақола қилишни сўраганларида, хусусий тиббий марказларни мижоз сифатида ўрганиб чиқишни режалаштирдик.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан ҳар қандай тиббий марказда медицина хизматининг турлари ва уларнинг нархлари кўринадиган жойда осиқлик туриши керак. Пуллик хизмат кўрсатувчи марказлар вазирликнинг лицензияси ва махсус пуллик хизмат кўрсатиш учун берилган рухсатномасига эга бўлишлари ҳамда ҳар бир бемор ёки унинг қариндошлари билан шартонома тузишлари ва топширилган пулига чипта берилиши мажбурилиги кўрсатиб ўтилган. Амалда эса шартнома тузилмайди ва чипта камдан кам кишиларга берилади.
Лутфий кўчасидаги “Доктор” фирмасига ташриф буюрдик, “Истеъмолчи бурчаги” ва гувоҳнома йўқ, лицензия кўринадиган жойда осиб қўйилган. Нархнома майда ҳарфлар билан ёзилган ва целофан пакетда солиниб касса олдида қўйилган. Бу ҳақда марказ бош врачига учрашиб,  камчиликларни айтганимизда, “бизни текшириш учун рухсатномаларинг борми?” дея камчиликларини хаспўшламоқчи бўлди. Биз у кишига текширишга эмас, ўрганишга келганимизни, журналист ҳар қандай корхона ва ташкилотдан маълумот олиши ва мақола қилиши учун ҳеч кимдан рухсат сўрамаслигини тушинтирмоқчи бўлдик, аммо “осмон баланд, ер қаттиқ” деганларидек, тушинишни хоҳламади.

Кейинги марказларга бемор сифатида кириб, ўзимизни таништирмаслик ва камчиликларни айтмасликга қарор қилдик. Амир Темур кўчасидаги “Хуршеда тиббиёт ва ташхис” МЧЖга қарашли марказида “Истеъмолчи бурчагида” лицензия қўйилмаган. Нархномада ЭКГ қилиш ва қон босимини ўлчаш нархлари ёзилмаган, бу ҳақда нархни кассадаги қизлардан сўраганимизда, ЭКГ қилиш 12 000 сўмлигини ва қон босимини ўлчаш нархи 3 000 сўмлигини айтишди.
Исаев кўчасидаги  “Хуршеда Насимова” диагностика даволаш марказининг 1-сон филиали “Зармед” диагностика марказида “Истеъмолчи бурчаги”, гувоҳнома ва лицензия бор, аммо лицензияда манзил Амир Темур кўчаси 55 кўрсатилган. Нархномага кўзимиз тушмади. Бу ҳақда сўраганимизда, кассадаги қиздан нархни сўрашни маслиҳат беришди.
Панжакент  кўчаси 10 уйда жойлашган “Астрамед” тиббий марказда гувоҳнома ва лицензия бор, нархнома йўқ. Юрак касаллигининг ётиб даволаш нархи бир кунда (овқатлари билан) 80 минг сўмлиги (дори дармон беморнинг ўзидан), ётмасдан фақат битта тушлик билан даволаш 40 минг сўмлигини билиб олдик.

Шу кўчанинг 134 манзилида жойлашган номи йўқ тиббий марказда “Истеъмолчи бурчаги”, гувоҳнома, лицензия ва нархнома бор. Ишни бошлаганларига 3 ой бўлган экан, ҳали мижозлари кам.
Тошкент кўчасидаги “Сангзор” диагностика марказида лицензия бор, лекин узоқда осиб қўйилгани сабабли ўқишни иложи бўлмади. “Истеъмолчи бурчаги”, гувоҳнома ва нархнома йўқ. Нархни врач айтаркан, шу сабабли кардиологга маслиҳат олиш учун ёздирдик. Консультация учун кассага 27 000 сўм тўлаш кераклигини айтишди. Пластик карточкани олиб келиб, кейин пулини тўлаймиз дея ёзиб берган қоғози билан чиқиб кетдик.
Даҳбед кўчасидаги Аминжон Юсуповнинг кўз даволаш марказида консультация 30 минг сўм ва тўлиқ кўрикдан ўтиш 70 минг сўмлигини сўраб билдик. “Истеъмолчи бурчаги”, гувоҳнома ва лицензияга кўзимиз тушмади, уларнинг ўрнида ҳама жойда диплом ва сертификатлар осиб қўйилган.

Ўзбекистон кўчасидаги “Евромедик” тиббий марказида “Истеъмолчи бурчаги”, гувоҳнома ва лецензия бор, нархнома йўқ. ЭКГ қилиш 20 минг сўмлиги ва кўригдан ўтиш 22 минг сўмлигини сўраб аниқладик.

Мирзо Улуғбек кўчаси, 72а манзилда жойлашган Хитой табобат маркази “Дой пой Бинь”да  аппаратда текширтириш 90 минг сўмлигини ҳамда тўлиқ анализ топшириш 145 минг сўмлигини сўраб, билиб олдик. Нархнома йўқ.

Шу кўчадаги “Паризода медикал сервиз” марказида ЭКГ қилиш 12 минг сўмлигини ва иккинчи қаватидаги стоматологияда тишларни текширтириш ва тўлиқ даволаш 800 минг сўмлигини ҳамда умумий сумманинг 30 фоизини пластик карточка билан амалга ошириш мумкинлигини маълум қилишди. “Истеъмолчи бурчаги”да гувоҳнома ва лицензия осиб қўйилган.

Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Хуршида медстом” МЧЖнинг стоматология марказида “Истеъмолчи бурчаги” ва гувоҳнома бор, нархнома ва лицензияга кўзимиз тушмади. Бу ерда ҳам тишларни текшириб, даволаш бир миллион сўмлигини айтишганида, ўйлаб кўришимизни айтиб, чиқиб кетдик.  Бу ерда ҳам умумий сумманинг 30-40 фоизини пластик карточка билан ҳисоб-китоб қилиш мумкинлигини айтишди.
Самарқанд шаҳрида тиббий марказлар кўплигига қарамай деярли барчасида бир хил камчиликларга дуч келдик: шартнома тузилмайди, нақд пулга ҳисоб–китоб қилинганда назорат касса машинаси чеки берилмайди. Терминал борлигига қарамай, барча сумма пластик карточка билан олинмайди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига гувоҳнома, лицензия ва нархномаларни кўринадиган жойга осиқлик туришини ҳамда ҳар бир бемор билан шартнома тузилишини таъминлаш масаласини ҳавола қиламиз ва матбуот орқали жавоб кутамиз.

Самарқанд шаҳар Давлат солиқ инспекцияси тиббий марказларни текшириб, чек бермаганларни ёки пластик карточкалар билан ҳисоб-китобни рад қилганларни жаримага тортишларини сўраймиз. Истеъмолчилар эса шартнома тузилиши ҳамда чек берилишини талаб қилишлари керак. Шартномада қандай даволаш, нархи ва бошқа шартлар кўрсатилган бўлишини талаб қилиш шартдир. Агарда нотўғри ташхис қўйилса, шифо топмаса, шартнома асосида марказни судга бериб моддий ва маънавий зарарни ундириб олиш мумкин. Ҳеч бўлмаса касса чеки асосида тўланган суммани ундириб олиш имконияти бўлади. Акс ҳолда нақд пуллар кассага эмас, киссага киради. Солиқ ҳам кирим қилинган маблағдан тўланади.
                                                                                                          
     Муртазо Турсунов   

Комментариев нет:

Отправить комментарий