среда, 18 ноября 2015 г.

“Биз ҳақда ёзмасин, журналистга тўлайдиган пулимиз йўқ”

Самарқандда яқинда очилган тиббий марказ ҳақида хабар ёзиб, аҳолига бу янгиликни етказмоқчи бўлдим. Марказга борганимда бош врач йўқ экан. Таниш бир доктор унга қўнғироқ қилиб, мақсадимни етказди. Гаплашиб бўлгач, танишим менга нима дейишини билмай қолди.

Унинг юз истилоҳа билан маълум қилишича, бош врач журналистлар ёзгани учун пул сўрашини, айни пайтда эса харажатлар кўплиги туфайли журналистга тўлайдиган маблағи йўқлигини айтибди.

Таниш врач менинг қаттиқ ранжиганимни кўриб, “бу гап сизга тегишли эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Чунки кўпгина раҳбарлар айрим нопок касбдошларингизнинг хурмача қилиқларидан безиб қолишган”, деди. Аслини олганда бундай гап-сўзларни бот-бот эшитиб тураман. “Мақтаб чиқарсам, унча берасиз, камчилигингизни яшириб, ҳеч нарса ёзмаганлигим учун бунча тўлайсиз” деб, турли ташкилот, корхона, муассаса ва ўқув юртларига кириб-чиқаётган мухбирлар ҳақида таниш-билишлар гапириб туришади.

Масалан, бир неча киши бўлиб олиб ошхонага кириб, қоринни тўйдириб, кайфни ошириб, пулини тўламасдан, журналит гувоҳномасини кўрсатиб чиқиб кетмоқчи бўлганлар, савдо дўконга кириб, кичик бир камчиликни топиб, таъмагирлик қилаётганлар, авто уловини бензин ёки газ билан текин тўлдириб олиш ниятида бўлганлар хусусида мисоллар келтириш учун журналист тешируви олиб бориш шарт эмас.

Жамиятда журналист мавқеини ошириш учун, журналистга нисбатан ишончни кучайтириш учун нималар қилиш лозим? Ижтимоий аҳамиятга молик янгилик ҳақида хабар тайёрламоқчи бўлган мухбирга албатта “бир нарса” бериш зарур деган фикрни таг- томири билан қўпориб ташлаш учун яна қанча вақт керак?

Тошпўлат Раҳматуллаев


1 комментарий:

  1. Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деган мақол бор. Бу мақолга тиш-тирноғи билан амал қиладиганлар кимлар? Албатта тиббиёт ходимлари. Нотўғри ташхис қўйиб беморнинг ҳатто ўлимига ҳам сабабчи бўлган шифокорни бошқа шифокорга ёмонлаб кўринг, ҳеч қачон фикрингизга қўшилмайди. Ўша ўлиб кетган бечорани тиббий маданиятсизликда айблайди. Касбдоши хато қилмаганини сизга ҳар қандай бўл билан бўлса-да исботлаб беради... Чунки у касбдошини ёмонотлиқ қилишни ва шу орқали қайсидир маънода ўзининг ҳам юзи шувут бўлишини асло истамайди...
    Биз журналистларчи? Қачонгача ўз касбдошларимиз устидан мағзава ағдарамиз. Ахир бу ишимиз айрим раҳбарларга қўл келяптику. Қачон биз бир-биримизни ҳимоя қилишни ўрганамиз. Ўша таъма қилаётганлар балки журналист эмасдир, эҳтимол уларга таклиф қилинар пора айрим камчиликларни хаспўшлаш учун... Аввало, барча журналист ҳақида бир хил фикрлайдиган ўша бош шифокорнинг савияси ҳаминқадар бўлса керак аслида. Хўш, сиз нега ранжидингиз, ниятингиз холис эканлигини, мақола ёзиш касб мажбуриятингиз эканини нега исботлаб бера олмадингиз? Сиз қайсидир жойдан эплаб мақола ёзолмасангиз бошқалар айбдорми? Ўзи ТВ орқали журнналистлар ҳақидаги ошириб-тошириб кўрсатилган танқид етарли эди (ахир ТВда ҳам ҳамкасбларимиз ишлайдику).
    Ўша бош шифокорингга айтиб қўй, аслида мақола ёзишга арзимас экан, чунки мен билан гаплашмасдан, қандай одамлигимни кўрмасдан туриб хулоса қилгани мен учун, қолаверса барча ҳамкасбларим учун ҳақорат, деб айтолмадингизми? Биласизми, нега бош шифокор дарров пулга тақади вазиятни? Чунки унинг ўзи шунақа, ҳеч бир ишни пулсиз бажармайди, пул билан ишга қабул қилади, пул билан лавозимини оширади, ўзи ҳам пул орқали шу ишга эришган бўлса керак эҳтимол... Инсон қандай бўлса, дунёга шундай кўз билан қарайди.

    ОтветитьУдалить